Янгиликлар
ЧЕКЛОВЛАР ЎРНАТИЛИШИГА МАЖБУР БЎЛИНМОҚДА! ёхуд бугунги кун энергия тежамкорлиги маданияти қай аҳволда?
  • 11.11.2019
  • 2633

   Кўпчиликка маълумки, электр энергияси таъминоти — Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги тасарруфидаги деярли барча ташкилот ва корхоналар фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлган мураккаб тизим.

   Келинг, буни оддий тилда изоҳлашга уринамиз...

   «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ

Сизу бизнинг хонадонимизга электр симлари орқали кириб келаётган электр энергиясини истеъмолга яроқли кучланишга айлантириб етказиб бериш «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги ҳудудий ташкилотлар орқали амалга оширилади. Ушбу ташкилот зиммасида кичик кучланишли электр тармоқларини созлаш, таянч устунлари (симёғоч)ларни ўрнатиш ва алмаштириш, тизим таъминотида барқарорликни (техник-муҳандислик мувозанатни) сақлаш, жисмоний ва юридик шахсларга етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоблагичларни ўрнатиш, ноқонуний уланмаларни аниқлашда ва истеъмол қилинган электр учун тўловларни ундиришда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаш ва яна бир қатор вазифалар юклатилган. Ташкилот тасарруфида 14 та ҳудудий, 214 та туман (шаҳар) электр таъминоти корхоналари мавжуд. Ташкилот тизимида қарийб 25 минг нафарга яқин мутахассислар 250 мингга яқин узунликдаги электр тармоқларига хизмат кўрсатади.

   «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ

   «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ тасарруфидаги станцияларда ишлаб чиқарилган электр энергиясини юқори кучланишли магистрал тармоқлар орқали «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тизимидаги подстанцияларга етказиб бериш (транспортировка) «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ зиммасига юклатилган асосий вазифа ҳисобланади. Шунингдек, ташкилот тасарруфида Миллий диспетчерлик маркази фаолият юритиб, у нафақат мамлакатимиз электр таъминоти тизимда ўзига хос мувозанат ўрнатади, балки Марказий Осиё давлатлари электр энергия таъминотида барқарорликни (электр энергия хавфсизлигини) таъминлайди. Айнан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ стратегик аҳамиятга эга электр энергия экспорт ва импорт амалиётларини ҳам бажаради. Ташкилотда 4,7 мингдан зиёд мутахассис-ходимлар жамиятга қарашли 220-500 кВли 77 та подстанция ва 9700 км дан ортиқ магистрал ҳаво электр узатиш линияларининг созлигини таъминлайди, эскиларини янгилайди (модернизация дастури), янги ҳаво линиялари қуради, йирик саноат корхоналари мунтазам ишлаши учун зарур электр таъминот шароитларни яратади.

   «Ўзбекгидроэнерго» АЖ

   «Ўзбекгидроэнерго» АЖ мамлакатимизда гидроэнергетика салоҳиятини янада ривожлантириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, гидроэнергетика салоҳиятини комплекс ўзлаштириш асосида гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида  республикадаги ягона ташкилот ҳисобланади. Унинг таркибида 4 та акциядорлик жамияти, 15 та унитар корхона ҳамда 3 та маъсулияти чекланган жамиятлар мавжуд. Оддий сўз билан айтганда, табиатда сувнинг табиий айланиш жараёнидан оқилона фойдаланадиган генерация жараёни ГЭСларда амалга оширилади.

   «Иссиқлик электр станциялари» АЖ

   Ушбу ташкилот бир нечта иссиқлик станцияларда генерация, яъни электр энергияси ишлаб чиқариш билан машғул. Бундай станцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергияси асосан табиий газ, кўмир, мазут ва бошқа нефть маҳсулотларини ёқиш эвазига ҳосил қилинади. Тахминий ҳисоб-китоблар мамлакатимизда электр энергиясига бўлган умумий талаб 2030 йилга бориб 2018 йилга нисбатан 1,7 баробар ортишини кўрсатмоқда. Агар аҳолининг турмуш даражаси ошиб бораётганини ҳисобга олсак, яқин 10 йил ичида электр энергияга бўлган талаб қарийб 2 баробар ошиши ҳеч гап эмас.

   Хўш, бу ва бу каби муаммолар қандай ҳал этилмоқда? Талаб ошишига яраша таъминот бўлиши учун нималар қилиняпти?

   Муқобил энергия турлари

   Электр энергия ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказишда муқобил энергия турларининг салмоғини йилдан-йилга ошириб бориш зарур. Бунинг учун Самарқанд ва Навоий вилоятларида фотоэлектрстанциялар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида шамол электр станциясини ишга тушириш бўйича бир нечта инвестицион лойиҳалар амалга оширилаётганидан хабарингиз бор. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Россия Федерациясининг «Росатом» агентлиги билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида АЭС қуриш бўйича лойиҳа ишларини бошлаб юборган. Бу ҳам, ўз навбатида, соҳада 2030 йилгача режалаштирилган стратегик амалиётларнинг энг йириги ҳисобланади.

   Демак, юқорида таъкидланганлардан кўриниб турибдики, аталишида «электр» сўзи иштирок этадиган йирик корхона-ташкилотларнинг фаолияти табиий бойликларимизни етказиб берувчи бошқа турдош ташкилотлар фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, электр энергияси ишлаб чиқариш учун миллион тонналаб сарфланаётган кўмир ва миллиард куб табиий газ миқдори ҳамда сифати электр таъминотининг барқарорлигини сақлашга бевосита таъсир этувчи биринчи рақамли омил ҳисобланади.

   Булоқбоши

   Оддий сўз билан айтганда, электр таъминотининг булоқбоши табиий бойликларимизни етказиб бериш жараёнида. Мана буни эса кўпчилик, айниқса электр энергиясидан бесамар фойдаланаётган айрим истеъмолчиларимиз билишмайди...

   Мисол учун, 8 ноябрь куни кундузги вақт 15:42 дан соат 21:00 гача Ўзбекистон Республикаси электр энергияси тизимида кунлик ўртача меъёрнинг қарийб 10% га пасайиши ҳолати кузатилди. Бу мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида чекловлар пайдо бўлганидан дарак. Бу ҳақда олдиндан огоҳлантириш берилганига қарамасдан медиа-маконда чироқ йўқлигидан шикоят қилганлар сони кўп ва хўп бўлди. Сабаби маълум — «Толимаржон иссиқлик электр станцияси»нинг 2-блогида фильтр носозлиги туфайли генерация жараёни фавқулотда таъмирлаш ишлари учун тўхтатилган. ИЭСга етказиб берилаётган табиий газ таркибида ёт моддалар миқдорининг кўплиги фавқулотда таъмирлашга олиб келгани тахмин қилинмоқда.

   Мақсад, айб қидириш эмас... Масаланинг жамоатчилик билиши ва тўғри англаши лозим бўлган бошқа жиҳатлари кўп. Гап ана шунда!

   Шартномавий миқдор даражаси қандай?

   Сўнгги кунларда ҳаво ҳароратининг пасайиб кетиши натижасида истеъмолчиларнинг  электр энергиясига бўлган талаби кескин ошди ва бу табиий ҳолат. Маълумот учун, сўнгги бир ҳафта давомида республика истеъмолчиларининг электр энергиясига бўлган талаби 25 млн.кВт•соатга ошди. Бу жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларига нисбатан 15%, 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 101,5 % кўп дегани.

Масалан, 2019 йил 8 ноябрь куни жорий режимларда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансига асосан иссиқлик электр станцияларида кунига 176,3 млн.кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқарилган, режада эса 189,9 млн.кВт•соат ишлаб чиқариши лозим бўлган. Бу режага нисбатан 13,6 млн.кВт•соат кам дегани.

   Ушбу вазият юзасидан «Иссиқлик электр станциялари» АЖдан олинган маълумотларга қараганда, электр энергиясининг шартномавий миқдор даражасида ишлаб чиқарилмаётганлигига ёқилғи таъминотидаги айрим муаммолар сабаб бўлмоқда. Электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмолидаги номутаносиблик туфайли Ўзбекистон энергетика тизимида электр энергияси танқислиги вужудга келиб, қўшни давлатлар билан боғланган ҳаво электр тармоқларининг ўта юкланиш билан ишлашига олиб келмоқда.  Бу эса, электр энергия хавфсизлиги нуқтаи назаридан, минтақада барқарор тизим мувозанатига таъсир этувчи жуда хавфли ҳолат!

   Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, йил охирида кейинги йил учун талаб этиладиган электр энергияси миқдори бўйича тегишли тартибда режа тузилади ва шунга қараб ёқилғи заҳираси ғамланади. Йиллик режа туман (шаҳар) ҳокимияти ва саноат корхоналари талабномасига асосан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ корхоналари томонидан шакллантирилади.

   Йирик аварияларнинг олдини олиш мақсадида...

   Марказий Осиё бирлашган энергетика тизими, шу жумладан Ўзбекистон энергетика тизимида вужудга келиши мумкин бўлган йирик авария ҳолатларни олдини олиш, тизимда мувозанат сақлаш, огоҳлантириш бериш ва зарур ҳолларда таъминотни тармоқдан узиш «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ диспетчерлик хизматлари томонидан амалга оширилади. Мазкур диспетчерлик хизмати «Электр энергиясидан фойдаланиш» қоидаларига асосан электр энергияси истеъмолини меъёр даражасида таъминлаш топшириғи берилади. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий корхоналари, ўз навбатида, истеъмолчилар ва маҳаллий давлат органлари билан келишилган жадвалларга асосан электр энергияси истеъмолини талаб даражасида таъминлашлари зарур бўлади.   

   Истеъмолчи доим ҳақ! Истеъмол маданиятида-чи?

   Доно халқимизда ажойиб бир мақол бор: касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади... Совуқ мавсумнинг илк кунлариданоқ электр энергия таъминотидаги узилишлар медиа маконни тўлдириб юборди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик масаласи Давлатимиз раҳбари томонидан кузнинг дастлабки ойидаёқ кўтарилган эди. 2019/2020 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида бир қанча ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Мазкур масалада ижобий натижаларга эришиш учун жамоатчилик назорати ва эътибори зарур. Электр таъминотида узилиш бўлса соҳа вакиллари фаолиятини танқид қилиш ва ўз шикоятларини билдиришга барча истеъмолчилар ҳақли. Аммо истеъмол қилинган энергия ҳақини тўлаш ёки энергия тежамкорлиги ва самарадорлигига келганда айрим истеъмолчиларимизда бефарқлик, совуққонлик устун келмоқда.

    Сўзимизни оддий изоҳлар билан бошлаган эдик. Ижозатингиз билан, оддий тавсия ва очиқ ҳақиқат билан якунлаймиз. Меҳнаткаш халқимизда «увол бўлмасин» деган юксак маданият, ахлоқ тушунчаси мавжуд. Бироқ бу тушунча негадир бу кўзга кўринмас, идишга солинмас электр энергиясига келганда таъсир қилмаётгандек... 10-15 квадрат хонани иситиш учун 1 дона мойли электр батареяси кифоя ва у 0,8-1 кВт  қувват талаб этади. Аммо қўлбола, ёнғин ва ҳаёт хавфсизлиги қоидаларига мутлақо зид бўлган электрпечини 3-5 кВт электр энергия сарфлайди. Юқоридаги замонавий электр иситиш батареясидан 4-5 баробар кўп ва хавфли! Уйларни электр токи билан иситишга мажбур бўлинаётганининг ўзи бир алоҳида масала.

   Тежамкорлик — маданият белгиси

   Ҳеч кимга сир эмас, айрим давлат ва жамоат ташкилотларида юзлаб квадрат метрни ёритадиган чироқлар туну кун бесамар ишлаб туради. Биргина оқил ва одил ҳаракат билан тежамкорлик қилиниши мумкин бўлган жойларда аксариятимиз лоқайдликнинг юксак намунасини намоён қиламиз, айниқса ташкилот раҳбарлари, меҳнат унумдорлиги ва хавфсизликка масъул ходимлар ўрнак бўлиши лозим. Элекр энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги (ундан оқилона фойдаланиш) юзасидан кўпгина ўқув муассасаларида учрашувлар, танловлар, маҳорат дарслари олиб бормоқдамиз, мақсад — келажак авлод вакилларида бундай маданиятни шакллантириб бориш. Ҳатто бу маданият белгилари мактаб дарсликларига киритилиши лозимлиги тўғрисида бир қанча тавсия ва таклифлар бердик. Аслини олганда, бу кўрсаткич маданият тарозисида тортилса, биз катталарнинг аксариятимизда бошимиз эгик бўлиши турган гап. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ қабилида иш тутавериб, тежамкорлик масаласини унутиб қўйганмиз. Ҳатто буни ўзига хос зиқналикка тенглаштирадиган калтабин истеъмолчиларимиз ҳам топилади...

   Дунё экологлари бонг урмоқда: Ер шарининг экологик ҳолати хавотирли аҳволда. Табиий бойликларни жуда кўп миқдорда қазиб олиб, самар-бесамар фойдаланаётганимиз бунинг асосий сабаби. Бизда «мен бугун ва ҳозир яшашим керак, келажак ҳақидаги сафсатанг менга қизиқмас» деган худбинлик даражаси йилдан-йилга, авлоддан-авлодга ошиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги бугуннинг долзарб мавзуси ва бунга давлат ҳамда жамият эътибори сув ва ҳаводек зарур.

   Ўзбекистон аҳлини бугунги, 11 ноябрь — Халқаро энергияни тежаш куни билан табриклаймиз!

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>