ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Январь ойида инфляция кутилмалари 18,7−18,9% гача кўтарилди. Бу 2020 йил июлидан бери бўлган максимал кўрсаткич»
  • 11.04.2023
  • 222

Марказий банк уй хўжаликлари ва корхоналарнинг инфляция кутилмалари маълумотларини эълон қилди. Аҳолининг инфляцион кутилмалари январда 18,9 фоизга, тадбиркорликда эса 18,7 фоизга ошди. Бу коронавирус пандемияси авжига чиққан 2020 йилнинг июлидан бери кузатилган максимал кўрсаткичдир.

Ўзбекистон Марказий банки аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси 12 ойлик инфляция кутилмалари бўйича маълумотларни янгилади.

Сўнгги марта регулятор ноябрь ойи учун инфографика кўринишидаги умумий шарҳни батафсил изоҳсиз эълон қилганди. Ўшандан бери ушбу мавзу бўйича бошқа янгилик бўлмади.

Январь ойида аҳолининг инфляция кутилмалари 18,9 фоизга, тадбиркорлик субъектларида эса 18,7 фоизга етди. Шу билан бирга, президент ҳузуридаги статистика агентлиги маълумотларига кўра, январь ойида йиллик инфляция 12,2 фоизни ташкил этди. Яъни, кутилган ва расмий инфляция ўртасидаги фарқ 6,5−6,7 фоизга тенг бўлди.

Ўзбекистонда жорий ойда энергетика инқирози юз берди, электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлар, қатор корхоналар фаолияти тўхтаб қолиши ва саноат ишлаб чиқаришининг қисқариши, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг камайиши кузатилди.

 

инфляция

 

Бу мамлакатда пандемиянинг энг юқори чўққиси кузатилган ва ноаниқликлар кучайган 2020 йил июль ойидан бери кутилаётган инфляциянинг энг юқори кўрсаткичи бўлди (аҳоли кутилмалари — 19,7 фоиз, тадбиркорлик — 20,1 фоиз). Кейинчалик кутилмалар ва расмий инфляция (14,4%) ўртасидаги фарқ 5,3−5,7% га етди.

Шу билан бирга, 2023 йил февраль ойида аҳоли ва тадбиркорликнинг кутилмалари кескин пасайиб, 15 фоизга, март ойида эса мос равишда 14,4 ва 14,1 фоизга қисқарди.

Агар январь ойида инфляцияни 9−12% ва 21−25% даражасида бўлишини кутган респондентлар сони деярли бир хил бўлган бўлса, март ойида улар ўртасидаги фарқ 3,5 баравар даражага кўтарилди.

Январь ойида аҳолининг нархлар ўсиши кутилмаларига, асосан, ёқилғи-энергетика ресурслари нархининг ошиши — респондентларнинг 47 фоизи (март ойида — 36 фоиз), валюта курсининг ўзгариши — 42 фоиз (51 фоиз), нархларнинг сунъий ўсиши — 37 фоиз (18 фоиз) ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсиши — 32 фоиз (31 фоиз) таъсир кўрсатди.

Тадбиркорлик субъектлари, аҳолидан фарқли ўлароқ, инфляциянинг асосий омили бу валюта курсининг ўзгариши — 44 фоиз (март ойида — 50 фоиз), ёқилғи-энергетика ресурслари нархининг — 38 фоиз (33 фоиз), иш ҳақини ошириш — 21 фоиз (34 фоиз) деб ҳисоблайди.

Одамларнинг келажакдаги инфляция ҳақидаги тахминлари унинг траэкториясига таъсир қилиши мумкин — бу иқтисодиётда умумий қабул қилинган факт, шунинг учун марказий банклар пул-кредит сиёсати бўйича қарорлар қабул қилишда инфляция кутилмаларига катта эътибор беради. Агар бизнес ва аҳолининг инфляцион кутилмалари юқори бўлса, унда биринчиси (бизнес) нархларни катта эҳтимол билан оширади, иккинчиси (аҳоли) ойликлар оширилишини талаб қилади.

Нархлар ва иш ҳақининг ошиши, ўз навбатида, инфляцияни ошириши мумкин ва инфляция ўсиб бораётганини кўриб, корхоналар нархларда инфляциянинг кутилаётган тезлашишига таъсир қилади, аҳоли эса иш ҳақини мос равишда индексация қилишни талаб қилади.

Бироқ, агар одамлар инфляциянинг кескин ўсишини вақтинчалик деб ҳисобласа, узоқ муддатли инфляция кутилмалари ўсмаслиги мумкин — мазкур инфляция кутилмаларининг мустаҳкамланиши марказий банк сиёсатига бўлган ишончга асосланади. Қачонки, тадбиркорлар ва аҳоли пул-кредит сиёсати инфляцияни мақсадли даражага қайтаришига ишонч ҳосил қилса, улар келажакда нархларнинг кўтарилишидан камроқ ташвишланадилар.

Муштарий О.

Манба: https://www.gazeta.uz/uz/2023/04/11/inflation/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

  t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>