Янгиликлар
ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН–ТОЖИКИСТОН ҲАМКОРЛИГИ ҲАР ИККИ ДАВЛАТ ВА МАРКАЗИЙ ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТИ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
  • 24.09.2020
  • 809

  Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар билан чегарадош бўлган ягона давлат қайси эканлигини биласизми? Албатта, Ўзбекистон! Шунинг учун минтақада унинг мавқеи ўзгача. Мамлакатимиздаги тараққиёт нафақат Ватанимизнинг равнақи, халқимиз фаровонлиги учун, балки бутун Марказий Осиё учун ҳам муҳим аҳамият касб этган. Бежиз эмаски, географик, демографик ва иқтисодий салоҳияти билан Ўзбекистон «Марказий Осиёнинг юраги» деб тан олинган.

 

Ўзбекистон–Тожикистон муносабатлари

  Қўшни Тожикистон билан Ўзбекистонни умумий тарих, узвий маънавий қадриятлар боғлаб туради. Икки қардош халқ азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда бўлиб, эт билан тирноқдай яшаб келган. Гарчи икки тилда сўзлашсак-да, туриш-турмушимиз, маданиятимиз бир. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, ягона дин, уйқош маданият, урф-одат ва анъаналар бир-бирига мустаҳкам боғлаб туради.

Хар икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланди.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 9–10 март кунлари Тожикистонга давлат ташрифи тарихий воқеа бўлди. Давлат раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатлари нафақат Ўзбекистон–Тожикистон ҳамкорлигини ривожлантириш, балки бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

  Дипломатик алоқалар ўрнатилган 1992 йилдан буён икки мамлакат ўртасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражада юздан ортиқ шартнома ҳамда келишувлар имзоланган. Бу ҳужжатлар ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини қамраб олди ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда биргаликдаги ҳаракатларни мустаҳкамлаш учун асосга айланди.

  1993 йил 4 январда имзоланган Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2000 йил 15 июндаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномада муносабатларимизнинг асосий тамойиллари белгилаб қўйилган. Хуллас, ҳамкорликнинг янги саҳифаси икки халқ манфаатлари йўлидаги янги мақсадлар ва истиқболли режалар билан тўлган. Ушбу мақсад ва режалар таркибида энергетика соҳасидаги, хусусан электр энергетикаси тармоғидаги мустаҳкам алоқалар ҳам бор.

 

  Рус подшоси истилоси даврида тамал тоши қўйилган ва турли чегарадош ҳудудлар таъминоти бир-бирига узвий боғлиқ бўлган электр таъминотидаги ҳамкорлик масалалари бир неча йиллар давомида сояда қолгани рост. Ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши 2018 йилнинг март ойидан, аниқроғи ўзбек–тожик давлат чегараси орқали 9 та ўтиш пункти тантанали равишда очилгандан сўнг офтоб юзини кўрди. Хусусан, Самарқанд вилоятидаги «Жартепа» («Саразм»), Жиззах вилоятидаги «Кушкент» («Ўратепа») ва «Учқўрғон» («Ҳавотоғ»), Сирдарё вилоятидаги «Ховособод» («Зафаробод»), Тошкент вилоятидаги «Бекобод» («Хаштяк»), Наманган вилоятидаги «Поп» («Навбунёд»), Фарғона вилоятидаги «Равот» («Равот»), Сурхондарё вилоятидаги «Гулбаҳор» («Айводж») каби автомобиль йўлларидаги пунктлар, шунингдек, темир йўл чизиғидаги «Амузанг» («Ҳошади») пунктлари очилиши иқтисодий ҳамкорликка кенг йўл очиши билан энергетика соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириб юборди.

  Нафақат электр таъминоти, балки транспорт-коммуникация тизимлари, саноат ва савдо алоқалари Собиқ Иттифоқ даврида бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган Ўзбекистон ва Тожикистоннинг айни соҳалардаги алоқалари мустақиллик йилларида деярли барбод бўлган эди. Аввалига транспорт алоқалари, хусусан, Душанбе–Тошкент йўналишидаги самолётлар парвози бекор қилинди. Кейинроқ Тожикистон оша Фарғона водийсига тушган йўлдан фойдаланиш тўхтади. Икки мамлакат ўртасида виза тизими жорий қилиниш билан бирга, чегарадош ҳудудлар миналаштирилди. Бу, айниқса, чегара ҳудудидаги электр тармоқлари ва подстанцияларга хизмат кўрсатиш масаласига таъсир кўрсатмай қолмаган эди.

 

  2020 йилнинг илк кунларида мамлакатларимиз расмийлари Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегараларга ўрнатилган миналар бутунлай тозаланганини эълон қилди. Оддий тожикистонликлар, айниқса, Ўзбекистон билан чегарада яшаётган кишилар чегаралар минадан тозалангани ҳақидаги хабарни қувонч билан кутиб олишди. Дўстлик, ҳамкорлик алоқалари аввалгидан-да мустаҳкамланди, ҳар икки давлат стратегик ҳамкор эканликларини дунё саҳнасида ўзаро эътироф этишди.

Мухтасар айтганда, Марказий Осиёда ижобий ўзгаришлар шамоли эсмоқда. Ана шу ўзгаришлар эпкинида минтақамиз давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси, маслаҳат учрашувлари, мулоқотлари фақат ва фақат халқларимиз фаровонлигига, давлатларимизнинг гуллаб-яшнашига хизмат қилсин.
 

Электр энергетика соҳасидаги ҳамкорлик

  Ўзбекистон Республикасида энергетика ва сув ресурслари мувозанатини сақлаш, истеъмолчиларини электр энергияси билан узлуксиз таъминланиш, шунингдек, куз-қиш мавсумига электр ускуна ва жиҳозларни сифатли тайёрлаш мақсадида, 2018 йилдан бошлаб Тожикистон Республикасидан электр энергиясини импорт қилиш ишлари қайта йўлга қўйилди.

2018 йил апрель-сентябрь ойларида 1 480,9 млн. кВт•соат ёки 29,6 млн. АҚШ доллар қийматидаги электр энергияси импорт қилинган.
2019 йил апрель-октябрь ойларида 1 425,1 млн. кВт•соат ёки 28,5 млн.АҚШ доллар қийматидаги электр энергияси импорт қилинган.
2020 йил 2 майда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва «Барки Точик» ОАХК ўртасида имзоланган шартномага асосан  2020 йил май-сентябрь ойларида жами 1 255,0 млн. кВт•соат ёки 25,1 млн.доллар қийматидаги электр энергиясини импорт қилиш белгиланган бўлса, амалда 2020 йил май-июль ойларида 524,8 млн.кВт•соат ёки 10,5 млн.долларлик (42 фоиз)  электр энергияси импорт қилинди.

  Тўғри, ҳамкорликда турли техник-муҳандислик ҳолатлари юз бериб туради, аммо барча носозликлар ўзбекистонлик ва тожикистонлик энергетиклар томонидан тезда бартараф этилади. Шу ўринда турли табиат инжиқликлари ва иқлим ўзгариши асоратларини ҳам санаб ўтмаса бўлмас.

 

  Масалан, «Барки Точик» ОАХКнинг 2020 йил 13 июлдаги расмий мурожаатига асосан Вахш дарёсининг суви 50 фоизга камайганлиги ва бунинг натижасида «Нурак ГЭС» сув омборида сув сатҳининг ўтган йилга нисбатан 10 метрга пасайганлиги сабабли 2020 йил 16 июлдан бошлаб Ўзбекистонга электр энергиясини экспорти вақтинча тўхтатилди.

  Аниқроқ айтганда, Тожикистондан жорий йил июль ойида 500 кВ линия орқали импорт вақтинча тўхтатилгандан сўнг, 220 кВли ҳаво тармоқлари бўйича, Сурхондарё вилоятида иккита «Гулча» ва «Денов» подстанцияларига Тожикистондан, «Суғд» подстанциясига Ўзбекистондан электр энергияси етказиб бериш амалиёти амалга оширилмоқда. Ой бошидан ушбу схема бўйича Ўзбекистонга, тезкор маълумотларга кўра, 26,3 млн кВт•соат электр энергияси етказиб берилган.

 

Халқаро лойиҳалар доирасида ҳамкорлик

  Айни пайтда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан «Ўзбекистон Республикасида 500 квли Ғузор–Регар (л-507) электр узатиш линиясини тиклаш» инвестицион лойиҳаси амалга оширилмоқда.

  Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси баённомасининг 5.2-бандига асосланиб амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон ва Тожикистон энергия тизимларининг паралелл ишлаши пайтида электр энергия ишончлилигини таъминлашдан иборат.

  Лойиҳанинг умумий қиймати 25 млн. АҚШ долларни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 500 кВли Ғузор–Регар (Л-507) электр узатиш линиясининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги 63 км узунликдаги қисми қайта қурилади.

  Бир сўз билан айтганда, энергетика соҳасидаги Ўзбекистон–Тожикистон ҳамкорлиги ҳар икки давлат, қолаверса бугун Марказий Осиё тараққиёти учун хизмат қилмоқда.

Улуғбек Урунов,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

(Мазкур мақола тайёрланишида uza.uz сайти маълумотлари ва бошқа расмий хабарлардан фойдаланилди)

minenergy.uz: Ўзбекистон Республикасида 500 кВли Ғузор – Регар электр узатиш тармоғини тиклаш инвестицион лойиҳаси амалга оширилмоқда

http://minenergy.uz/uz/news/view/824   

minenergy.uz: В Узбекистане реализуется инвестиционный проект по реконструкции ЛЭП 500 кВ «Гузар – Регар»

http://minenergy.uz/ru/news/view/824   

 

uzbekistonmet.uz: МАРКАЗИЙ ОСИЁ ВА АФҒОНИСТОН ЭНЕРГЕТИКЛАРИ ТОШКЕНТДА

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/97   

 

 uzbekistonmet.uz: ТОЖИКИСТОНДАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИНГ МАВСУМИЙ ИМПОРТ АМАЛИЁТИ БОШЛАНДИ

 http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/334  

 

uzbekistonmet.uz: РАСМИЙ БАЁНОТ: ТАЪСИР ЭТУВЧИ БИР НЕЧТА ОМИЛЛАР САБАБЛИ ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ТИЗИМИГА 0,8–1,0 % МИҚДОРДА ЧЕКЛОВЛАР КИРИТИЛМОҚДА

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/446

 

uzbekistonmet.uz: ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЖАЛБ ҚИЛИШ ВА ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ БОШҚАРМАСИ: 2030 ЙИЛГА ҚАДАР 24 ТА ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/475

 

http://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official

https://uzreport.news/

https://yuz.uz/news/

https://ift.tt/2FLV3Kj

https://new.yuz.uz/ru/

https://podrobno.uz/cat/

https://kun.uz/02050856

http://dy.uz/BiUX5

https://faraj.tj/habari-ruz/

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>