Янгиликлар
ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЖАЛБ ҚИЛИШ ВА ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ БОШҚАРМАСИ: 2030 ЙИЛГА ҚАДАР 24 ТА ЛОЙИҲА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ
  • 14.08.2020
  • 3022

   «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан бугунги кунда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш механизмларини тубдан такомиллаштириш ва соддалаштириш, аниқроғи тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштиришни кенгайтириш орқали электр энергия истеъмолчиларини ҳамда саноат корхоналарини кафолатланган электр энергияси билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

 

   «Ўзбекистон МЭТ» АЖ марказий аппарати таркибидаги Инвестицияларни жалб қилиш ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси юқорида белгиланган вазифаларни тизимли амалга оширувчи бошқарма ҳисобланади. Бошқарма ўз фаолиятида асосан инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий молия ташкилотларининг кредит маблағларини жалб қилиш учун музокаралар олиб бориш, шу билан бирга, зарур ҳужжатлар тайёрлаш ишларини билан шуғулланади.

   Бугунги кунда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан Осиё Тараққиёт Банки, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамкорлигида инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш бўйича бир қатор амалий ишларни олиб борилмоқда. Молиялаштирувчи институтларнинг барча талаблари асосида тендер ҳужжатларни тайёрлаш, ваколатли ташкилотлар билан келишиш, тендер-танловларни эълон қилиш ҳамда лойиҳалар учун керакли бўлган электр ускуналарни харид қилиш мазкур бошқарманинг бевосита иштирокида амалга ошириладиган жараёнлардир.

   Инвестицион лойиҳаларнинг сони ва аҳамияти

   Бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги ПҚ–4563-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2020–2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ҳамда бир қатор инвестицион лойиҳалар учун алоҳида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига асосан энергетика соҳасидаги инвестицион лойиҳаларни амалга оширмоқда.

   Жумладан:

   1. «ТОШКЕНТ МЕТАЛЛУРГИЯ ЗАВОДИНИНГ ТАШҚИ ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ОБЪЕКТЛАРИНИ ҚУРИШ» ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАСИ

 
 Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ–3638-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 июндаги ВМҚ–540-сонли қарорига биноан амалга оширилмоқда.

   Ўзбекистон Республикаси Тараққиёт ва тикланиш жамғармаси маблағлари иштирокида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа Тошкент шаҳар Сирғали тумани ҳудуди ҳамда Тошкент вилояти (Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Зангиота тумани) ҳудудларини қамраб олади. Унинг қиймати 29,022 млн. АҚШ долларига тенг.

   Лойиҳанинг мақсади — Тошкент шаҳрининг Сирғали туманида фаолият юритадиган «Тошкент металлургия заводи»ни узлуксиз ва сифатли электр таъминоти билан таъминлаш, бундан ташқари, Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятининг пойтахт билан чегарадош ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли ҳамда ишлаб чиқариш объектларини электр энергияга бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондиришдан иборат.

Лойиҳанинг 2020 йил май ойида тўлиқ якунланди. Лойиҳа доирасида дастлаб 220 кВ ли «Қўйлиқ» ва «Адолат» подстанцияси оралиғида кесма тугун ҳосил қилинди (Тошкент вилоятининг Йик-ота мавзесида), сўнгра умумий узунлиги (2х23) 46 км бўлган «кириш-чиқиш» ҳаво линияси қурилиб, 220 кВли «Сирғали» подстанциясига 2 дона 200 МВА қувватли трансформаторлар ўрнатилди.

   Айни пайтда 46 километрли ҳаво линияси ҳамда замонавий «Сирғали» подстанцияси эксплуатацияга тайёр. Тошкент металлургия заводи томонидан ҳозирча электр таъминотига талаб бўлмагани, аниқроғи заводнинг қурилиш-монтаж ишлари давом этаётгани туфайли ҳозирда подстанцияда ободончилик ишлари олиб борилиб, эстетик қиёфаси яхшиланмоқда.

    2. ««ТАХИАТОШ ИССИҚЛИК ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИ»ДАН «ХОРАЗМ» ПОДСТАНЦИЯСИ ОРҚАЛИ САРИМОЙ АҲОЛИ ЯШАШ ПУНКТИГАЧА 220 КВЛИ ЭЛЕКТР УЗАТИШ ЛИНИЯСИНИ ҚУРИШ» ЛОЙИҲАСИ

 
 Ушбу янги электр тармоғи қурилишга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 июндаги ПҚ-2541-сонли қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

 

   Лойиҳанинг асосий мақсади шимолий-ғарбий энерготизим ҳамда Хоразм вилояти истеъмолчилари электр таъминоти ишончлилигини ошириш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр энергияси танқислигини камайтиришдан иборат. Лойиҳа доирасида 1241 дона таянч ўрнатиш ва 364 км узунликдаги 220 кВли ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда қурилиш ишлари лойиҳага асосан тўлиқ бажарилган (100%). Ҳаво линияларида кучланиш остида синов ишлари амалга ошириган. «Хоразм» подстанциясини модернизация қилиш ишлари жорий йил ноябрь ойига қадар тўлиқ якунланиши кутилмоқда.

   3. «МАГИСТРАЛ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРНИНГ ПОДСТАНЦИЯЛАРИНИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ» ЛОЙИҲАСИ

 

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 сентябрдаги 3284-сонли «Жаҳон Банки иштирокида «Магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш» инвестицион лойиҳасини амалга ошириш бўйича чоралар тўғрисида»ги қарори асосида амалга татбиқ қилинадиган мазкур лойиҳада Республика ҳудудида жойлашган 22 та подстанцияларда ускуналарни янгилаш ишлари бажарилади. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 сентябрдаги 3284-сонли қарорига асосан тасдиқланган.

   Лойиҳа доирасида бир нечта подстанцияларда автотрансформаторлар ва куч трансформаторлари ўрнатилди. Бундан ташқари, ўрта ва кичик ҳамда юқори кучланишли электр қурилмалари, реле ҳимоя ва автоматикаси, алоқа жиҳозлари ва аккумулятор батареялари, темир-бетон ва металл маҳсулотлари, кабел ва симлар шарнома асосида хорижий ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиниб ўрнатилди.

   Ушбу лойиҳани умумий қиймати 292,15 млн., шундан Жаҳон Банки маблағлари 150,0 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги эски ускуна ва жиҳозларни замонавий, халқаро стандартларга мос ускуна ва жиҳозлар билан янгилаш лойиҳаси 2017–2022 йиллар давоми амалга оширилади. Бугунги кунда умумий қиймати 38.62 млн. АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланган. Бугунги кунда шартномаларда кўрсатилган муддатда автотрансформаторлар, ўрта ва кичик кучланишли электр қурилмалари, реле ҳимояси ва автоматикаси, алоқа жиҳозлари ва аккумулятор батареяси ва бошқа турдаги электр жиҳозлари олиб келинмоқда.

   4. «500 КВ ЛИ «СУРХОН-ПУЛИ-ХУМРИ» (ХЎЖА-АЛВОН) ЭЛЕКТР УЗАТИШ ЛИНИЯСИНИ ҚУРИШ" ЛОЙИҲАСИ

 
 Ўзбек халқида бир доно мақол бор: «Қўшнинг тинч — сен тинч». Бу жумлани халқаро дипломатия тушунчаси билан ифода этсак, қўшни давлатлардаги тинчлик-фаровонликдан биз ҳам манфаатдормиз. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида: «Афғонистон хавфсизлиги — бу Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётнинг гаровидир», дея таъкидлаб ўтган эди.

   Афғонистон билан қўшничилик алоқаларини яхшилаш, унинг чегарадош ҳудудларига электр энергиясини экспорт қилиш, бу орқали мамлакатимиз иқтисодиётига чет эл валютаси оқимини ошириш, Республикамизнинг халқаро майдондаги мавқейини ошириш мақсадида кучланиши 500 кВ ли «Сурхон-Пули-Хумри» (Хўжа-Алвон) электр узатиш линияси қурилиши лойиҳасини Ўзбекистон ҳудудида амалга оширмоқдамиз. Линиянинг умумий узунлиги
245,6 км бўлиб, унинг 45,0 километри Сурхондарё вилояти ҳудудидан, 200,6 км эса Афғонистон ҳудудидан ўтади.

   Бугунги кунда лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи қисмида қурилиш ишлари олиб борилмоқда, ҳозирда 127 пикетга тўлиқ фундаментлар металли таянчлар ўрнатилди (100%). Бугунги кунда сим тортиш ишлари амалга оширилмоқда.

   5. ««НАВОИЙ ИССИҚЛИК ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИ»ДАН 220 КВ ЛИ ҲАВО ЛИНИЯСИНИ «БЕСОПАН» ПУНКТИГАЧА 500 КВ ЛИ ГАБАРИТДА ҚУРИШ» ЛОЙИҲАСИ

 
 Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги ПҚ–3465-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 108,188 млн. АҚШ долларни ташкил этади.

   Лойиҳа «Навоий ИЭС»дан 220 кВ ли ҳаво линиясини 177 км узунликда «Бесопан» ўчириб ёқиш пунктигача 500 кВ ли габаритда қуриш амалиётини ўз ичига олган. Лойиҳадан кўзланаётган асосий мақсад Навоий вилоятида янги ташкил этилган тоғ-кон металлургия ишлаб-чиқариш объектлари учун электр энергиясини етказиб бериш ва энергия тизимининг шимолий-ғарбий қисмидаги электр тармоқларини ривожлантиришдан иборат. Унинг амалга оширилиш муддати 2019–2022 йиллар оралиғида. 2020 йил 10 июнда лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси (ТИА) лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 372-сонли қарори билан тасдиқланди. Бугунги кунда лойиҳа тендер ҳужжатларининг техник қисми тайёрланмоқда.

   6. «500/220 КВ ЛИ «МУРУНТАУ» ПОДСТАНЦИЯСИНИ ҚУРИШ ВА УЧТА 167 МВА ЛИК ТРАНСФОРМАТОРЛАРИНИ ЎРНАТИШ» (НАВОЙИ ВИЛОЯТИ) ЛОЙИҲАСИ

 
 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги ПҚ-3465-сонли қарори лойиҳанинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади.

   Лойиҳадан мақсад — янги ташкил этилаётган кон-металлургия ишлаб чиқариш объектларини ташқи электр таъминоти билан таъминлаш ва энергетика тизимининг шимоли-ғарбий қисмида электр тармоқларини ривожлантириш ва Навоий вилояти истеъмолчиларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш. Лойиҳа 2023-2025 йилларда амалга оширилади. Унинг қиймати 112,047 млн. АҚШ долларни ташкил этади. Бугунги кунда лойиҳанинг техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилиб, тегишли ваколатли ташкилотлардан экспертиза хулоса олиш учун киритилди.

   7. «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА 500 КВЛИ ҒУЗОР–РЕГАР (Л-507) ЭЛЕКТР УЗАТИШ ЛИНИЯСИНИ ТИКЛАШ» ЛОЙИҲАСИ

 

   Мазкур лойиҳа Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси баённомасининг 5.2-банди асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳа мақсади Ўзбекистон ва Тожикистон энергия тизимларининг паралелл ишлаши пайтида электр энергия ишончлилигини таъминлашдан иборат. Лойиҳанинг умумий қиймати 25 млн. АҚШ долларни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 500 кВли Ғузор-Регар (Л-507) электр узатиш линиясининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги 63 км узунликдаги қисмини қайта қурилади. 2020 йил 1 июль куни тендер савдолари ўтказилди. 12 та компаниядан келиб тушган тендер таклифлари очилди. Баҳолаш ишлари 2020 йил 28 июлда бўлиб ўтган Харид комиссияси йиғилишининг GUZ-04-сонли баёни асосида тасдиқланди ҳамда ушбу ҳисобот кўриб чиқиш ва розилик бериш учун 2020 йил 30 июль куни Осиё Тараққиёт Банкига юборилди.

   Бугунги кунда лойиҳа бўйича ғолиб компанияни аниқлаш учун Осиё Тараққиёт Банки хулосалари кутилмоқда.

   8. «СИРДАРЁ ИССИҚЛИК ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИ»ДАН 220 КВ ЛИ ҲАВО ЛИНИЯСИ ҲАМДА 220 КВ ЛИ «ЗАФАРОБОД» ПОДСТАНЦИЯСИНИ ҚУРИШ» ЛОЙИҲАСИ

 

   Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2019 йил 23 апрель куни тасдиқланган 06/1-1177-сонли «Электр энергетикасида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш дастури»га мувофиқ ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 июлдаги №20-сонли баённомасига асосан амалга оширилмоқда. Лойиҳадан мақсад магистрал электр узатиш линияларини янада ривожлантириш, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари аҳолисини ва йирик истемолчиларни ташқи электр энергияси билан таъминлаш. Лойиҳа доирасда Осиё Тараққиёт Банкининг 75,0 млн. АҚШ долл. ҳисобида кредит маблағлари жалб қилинади.

   Лойиҳанинг 2020–2022 йилларда амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда лойиҳа доирасида Осиё Тараққиёт Банки талаблари асосида ерларни ажратиш, аҳолини кўчириш режаси ҳамда экологик баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, лойиҳалаштирувчи ташкилот томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга «Зафаробод» подстанциясининг тендер ҳужжатларининг техник қисми тайёрланмоқда.

   9. «500-220 КВЛИ «КОЛЦЕВАЯ» ПОДСТАНЦИЯ ВА ЭЛЕКТР УЗАТИШ ЛИНИЯЛАРИ ҚУРИЛИШИ» ЛОЙИҲАСИ

 
 Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг июнь ойида Тошкент вилоятига ташрифи давомида кенгайтирилган тарзда ўтказилган 23-сонли Мажлис Баёни ҳамда 2020 йилнинг 9 январдаги ПҚ-4563-сонли қарори асосида амалга оширилмоқда.

   Лойиҳанинг мақсади Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти истеъмолчилари ҳамда саноат корхоналарини кафолатланган электр энергияси билан таъминлаш. Лойиҳани 2020–2023 йиллар амалга ошириш режалаштирилган. 2020 йил 29 июль куни «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида электр энергияси таъминоти барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4791-сонли қарорига асосан лойиҳа учун жой ажратиш ва лойиҳани амалга ошириш механизми тўлиқ белгиланди. Бугунги кунда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда халқаро молия институтлари томонидан лойиҳани молиялаштириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

   10. «3 ТА 167 МВА ТРАНСФОРМАТОРЛИ 500/220 КВ ЛИ «ОЛТИНСОЙ» ПОДСТАНЦИЯСИ ҚУРИЛИШИ» ЛОЙИҲАСИ

 
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги ПҚ-4563-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2020–2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган «Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали 2019–2030 йилларда электроэнергетика соҳасида йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш дастури»га асосан амалга оширилмоқда.

   Лойиҳанинг қиймати 98,0 млн. АҚШ доллари ҳисобида бўлиб, у 2020–2023 йиллар давомида амалга оширилади. 500/220 кВ ли «Олтинсой» подстанцияси қурилиши учун Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани, Карсагон маҳалласидан ер майдони танланди. Бугунги кунда танланган ерларни лойиҳа учун ажратиш ва лойиҳани амалга ошириш механизмларини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Лойиҳанинг техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек «Ўзбекистон МЭТ» АЖ томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда халқаро молия институтлари томонидан молиялаштириш юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

   11. 220 КВ ЛИ «АМИР ТЕМУР» ПОДСТАНЦИЯСИ ҚУРИЛИШИ ВА «ГУЗАР» ПОДСТАНЦИЯСИДАН 220 КВ КУЧЛАНИШЛИ ҲАВО ЛИНИЯСИ ҚУРИЛИШИ

 

   Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги ПҚ–4563-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2020–2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган «Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали 2019–2030 йилларда электроэнергетика соҳасида йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш дастури»га асосан амалга оширилмоқда.

   Лойиҳанинг қиймати 85,0 млн. АҚШ доллари ҳисобида бўлиб, у 2020–2023 йиллар давомида амалга оширилади. Бугунги кунда «Ўзэнергоинжиниринг» АЖ лойиҳа институти томонидан лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари (ТИА) ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек «Ўзбекистон МЭТ» АЖ томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда халқаро молия институтлари томонидан лойиҳани молиялаштириш юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

   2020 йилда амалга ошириладиган амалиётлар

   Инвестиция лойиҳалари бўйича 2020 йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 121,3 миллион АҚШ доллари миқдорида, шундан 2020 йил III чоракда 85,75 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилиши режалаштирилган.

Магистрал электр тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида 2020 йилда 2 та инвестиция лойиҳаси доирасида энергетика объектлари ишга туширилади. Жумладан, ««Тахиатош иссиқлик электр станцияси»дан «Хоразм» подстанцияси орқали Саримой аҳоли яшаш пунктигача 220 кВли электр узатиш линиясини қуриш» лойиҳаси бўйича 364 км узунликдаги 220 кВли ҳаво электр узутиш тармоғи якунланган. Лойиҳа тўлиқ ишга тушиши натижасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти истеъмолчиларининг электр таъминоти ишончлилиги оширилади. Натижада ушбу электр узатиш линиясидан йилига 1161,6 миллион киловатт•соат ёки 130–150 мегаватт қўшимча қувват Хоразм энергоузелига узатилади ва истеъмолчиларнинг энергия таъминоти барқарорлашади. Шу билан бирга, 56 та қўшимча янги иш ўринлари яратилади.
 «Тошкент металлургия заводининг ташқи электр таъминоти объектларининг қурилиши» лойиҳаси ишга туширилиб, янги ишлаб чиқариш қувватларини электр энергияси билан таъминлаш йўлга қўйилади. Мазкур лойиҳа якунларига кўра яна 16 та қўшимча янги иш ўринлари яратилади.

   Бошқарма таркиби

   «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг Инвестицияларни жалб қилиш ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси юқорида санаб ўтилган лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун меҳнат қилиб келмоқда. Инвестицияларни жалб қилиш ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси таркибида 4 та инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ташкил топган.

 

   Хотима

   2020 йилда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида тизим корхоналарида жами 72 та янги иш ўринлари яратилади. Мисол учун, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги электр тармоқларини 2030 йилга қадар стратегик ривожлантириш бўйича 24 та лойиҳа, электр энергиясининг технологик сарфи ва ўз эҳтиёжига ишлатилишини камайтириш мақсадида 40 та подстанцияда модернизация ва реконструкция ишларини босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган.

   Шунингдек, халқаро молия институтлари кредитлари ва ўз маблағлари ҳисобидан 9 та 220–500 киловольтли подстанциялар ва 2700 километр ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш лойиҳаларини тайёрлаш ишлари бажарилиши тизимли ташкил қилинади.

 

Зафаржон Камолов,

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Инвестицияларни жалб қилиш ва

инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси бошлиғи

 

Акмал Абдуллаев,

Инвестицияларни жалб қилиш ва инвестицион лойиҳаларни

амалга ошириш бошқармаси II тоифали мутахассиси

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>