Янгиликлар
РАСМИЙ БАЁНОТ: ТАЪСИР ЭТУВЧИ БИР НЕЧТА ОМИЛЛАР САБАБЛИ ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ ТИЗИМИГА 0,8–1,0 % МИҚДОРДА ЧЕКЛОВЛАР КИРИТИЛМОҚДА
  • 24.07.2020
  • 1220

   Электр энергиясига бўлган талаб сезиларли даражада ошаётган сўнгги кунларда, яъни жорий йил 21 июль кунидан бошлаб, энерготизимда ишлаб чиқарилаётган ва истеъмол этилаётган электр энергияси орасида номутаносиблик вужудга келиб, натижада энерготизимдаги йирик авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва унинг барқарор ишлашини таъминлаш (энерготизим параметр кўрсаткичларини меъёр даражасида сақлаш) мақсадида республика истеъмолчиларига чекловлар киритилмоқда. Республика бўйича киритилаётган чеклов миқдори тахминан 1,5–2,0 млн.кВт•соат ни ташкил этмоқда. Бу кунлик ўртача истеъмолнинг (195,6 млн. кВт•соат) 0,8–1,0 % ини ташкил этади.

   Шу билан бирга, республика бўйича вақтинчалик электр таъминотидаги узилишларига қўшни Тожикистон энерготизимидан қабул қилинаётган электр энергияси импорти ҳажмининг кескин қисқариши ҳам сабаб бўлмоқда.

   Маълумот учун, Тожикистонда сув танқислиги оқибатида жорий йил 16 июль куни соат 02:33да кучланиши 500 кВ бўлган «Регар» ва «Сурхон» подстанцияларини боғловчи Л-508 ҳаво электр узатиш тармоғи орқали импорт амалиёти тўхтатилган ва импорт миқдори суткалик ўртача 12,0 млн.кВт•соатдан 0,3 млн кВт•соатгача камайган.

 

   

   Шартномага асосан электр энергияси импорти шартномаси сентябрь ойигача бўлганлиги сабабли иссиқлик станцияларига июль ойига электр энергияси импортини қоплаш учун ёқилғи кўзда тутилмаган ва электр станциялар ускуналари таъмирга чиқарилган.

   Батафсил: http://uzbekistonmet.uz/uz/

   Шунга қарамасдан, жорий режимларда электр станцияларга шартномада кўзда тутилган миқдордан 10–12 % кўп табиий газ етказиб берилмоқда, аниқроғи иссиқлик электр станцияларида режага нисбатан 8 млн. кВт•соат ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25–30 млн. кВт•соат кўп электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.

   Тожикистон энерготизимидан импорт миқдорининг кескин камайтирилиши «Нурек» сув омборига сув келишининг прогноз кўрсаткичлардан камлиги ва сув сатҳининг пастлиги сабабли Тожикистоннинг «Барки Точик» компанияси ташаббуси билан амалга оширилди.  

   Бундан ташқари, республикамизда жорий йилда кузатилаётган сув танқислиги сабабли Ўзбекистон гидроэлектростанцияларида шартномавий миқдорга нисбатан кунлик 6-7 млн. кВт•соат, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10–12 млн. кВт•соат кам электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда ва бу ҳам, ўз навбатида, электр энергияси танқислигини юзага келтирмоқда.

 

 

 Мавжуд ҳолатни барқарорлатириш мақсадида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ўз ваколатлари доирасида «Турменэнерго» компанияси билан электр энергияси импорти бўйича шартнома имзоланган  бўлиб,  ушбу амалиётнинг бошланиши 2020 йил 28 июлдан кутилмоқда.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>