«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги Тошкент тиббий-санитария қисми фаолияти ҳақида қисқача маълумот, бажарилган ишлар ва истиқболдаги режалар хусусида
Маълумки, «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг техник-муҳандислик ҳамда қурилиш-мотаж йўналишига ихтисослашган ҳудудий филиаллари қаторида бир нечта ижтимоий соҳа объектлари, аниқроғи тиббий-санитария, спорт-соғломлаштириш ва дам олиш масканлари ҳам фаолият юритмоқда. Мисол учун Наманган тиббий-санитария қисми, «Нурафшон» санаторийси, «Нурчи» дам олиш маскани ва «Азамат» спорт-соғломлаштириш маркази шулар жумласидан. Бу каби ижтимоий соҳа тузилмалари нафақат Жамият ишчи-ходимлари, балки бутун энергетика соҳаси ишчи-ходимларининг иш вақтидан сўнг, меҳнат таътилида ҳордиқ чиқаришлари, касаллик варақасига асосан поликлиниканинг амбулатор кўрикларидан ўтиб, шифокор тавсияларини олишлари ёки мавжуд замонавий стационар шароитларда даволаниб, ўз соғликларини тиклашлари мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юқорида санаб ўтилган муассасалар ичида Тошкент шаҳрида жойлашган Тиббий-санитария қисми ҳар томонлама етакчи, замонавий ва кўптармоққа эгалиги билан ажралиб туради. Бугун мазкур тиббий мажмуа фаолияти давлат ва жамият, хусусан кўп минг сонли энергетиклар фаолиятида муҳим аҳамият касб этиши ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Шуниси аҳамиятлики, юқорида номлари тилга олинган тиббий-соғломлаштириш масканларида, бозор иқтисоди шароитига мувофиқ, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Бу, ўз навбатида, тиббий муассаса жойлашган ҳудуд ва унинг атрофида жойлашган аҳоли вакилларига яна бир қулайлик бўлиб, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ муассасалари нархлар прейсткуранти ҳамда сервис жиҳатидан давлат ёки хусусий тиббий муассасалардаги шароитлардан қолишмайди.
Энди Тошкент тиббий-санитария қисми ҳақида батафсилроқ...
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги Тиббий-санитария қисми филиали — тиббиёт муассасаси бўлиб, Жамият таркибидаги кўп минг сонли ишчи-ходимларга бепул тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган. Поликлиника амбулатор ва стационар даволаш хизмати шартнома асосида энергетика соҳасининг турли тармоқ ходимларига, шу жумладан, аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Эгаллаб турган ер майдони: иккита бино, бири 4 қаватли, иккинчиси 7 қаватли, кадастр ҳужжатлари бўйича 9445 метр квадратга тенг.
Жамоага бош шифокор Абдуллаев Баҳодир Ҳамидович раҳбарлик қилади.
Соҳавий ихтисослашуви амбулатор ва стационар даволаш бўлган поликлиникада терапевт, невропатолог, гинеколог, уролог, дерматолог, эндокринолог, ЛОР, окулист, жарроҳ ва стоматолог шифокорлар кўриги йўлга қўйилган бўлиб, муассасада УЗИ, рентген, қон таҳлили, физиотерапия мутахассислари фаолият олиб боришади.
Муассасада 45 ўринли неврология ва 45 ўринли терапия бўлимларининг стационар ўринлари мавжуд. Бинолар кесимида 60/30 ўринга тўғри келади.
Ходимларнинг таркибий салмоғи қуйидагича: 53 нафар шифокорлар, шу жумладан, 31 нафар олий тоифали, 4 нафар биринчи тоифали, 10 нафар иккинчи тоифали, 2 нафар учинчи тоифали, шу билан бирга, 2 нафар тиббиёт фанлари номзодлари меҳнат фаолияти юритади.
Ҳамширалар сони эса 124 нафардан иборат бўлиб, шу жумладан, 20 нафар олий тоифали, 13 нафар биринчи тоифали, 26 нафар иккинчи тоифали, шунингдек, 92 нафар турли йўналишдаги хўжалик ишлари ходимлари меҳнат фаолияти юритиб келишмоқда.
Буни қарангки, касалликдан, айниқса юқумли касалликдан ҳеч ким суғурталанмаган. Мамлакатимизда охирги беш ой давомида ҳукм сураётган пандемия шароитида бошқа қатор соҳалар каби энергетика соҳаси ходимлари ҳам карантин шароитида ишлаш ва яшаш шароитига ўргандилар.
ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА ЯШАШ ВА ИШЛАШГА МАЖБУРМИЗ: http://uzbekistonmet.uz/uz/
Мана шундай қийин ва масъулиятли дамда, электр энергияси таъминоти барқарор ишлаши шарт бўлган бир шароитда энергетиклар учун ўз тизимида мавжуд бўлган тиббий-санитария бўлинмалари мавжудлиги жуда асқотди, десак айни ҳақиқат. Жамият бошқарув раисининг буйруғи ва кўрсатмаларига биноан барча карантин талаблари жорий этилди, ишчи-ходимлар тиббий ниқоб ва антисептик воситалар билан таъминланди, қоғоз-ҳужжат алманишуви электрон шаклга ўтказилиб, ишчи тартибдаги йиғилишлар видеоалоқа шаклида ўтказилди ва ўтказилмоқда. Ишчи-ходимларнинг иш жойига бориб келиши ташкилот ҳисобидан — Автотранспорт ва механизмлар хизмати томонидан кучайтирилган иш режимига мувофиқ амалга оширилди, заруриятга қараб транспорт воситаларнинг сони кўпайтирилди.
Бундан ташқари, энергетика соҳасида муҳим стратегик вазифани бажарувчи тузилма — Миллий диспетчерлик маркази мутахассислари карантинга олиниб, бир бино ичида ишлаш ва яшаши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди.
МИЛЛИЙ ДИСПЕТЧЕРЛИК ХИЗМАТИ ХОДИМЛАРИ 24 СОАТ ДАВОМИДА ИЗОЛЯЦИЯЛАНГАН ҲОЛДА ХИЗМАТ КЎРСАТМОҚДА: http://uzbekistonmet.uz/uz/
Жамият тасарруфидаги бир нечта тиббий муассасалар маҳаллий ҳокимият вакиллари сўровномасига мувофиқ вақтинча карантинга олинганларни назорат қилиш пунктларига айлантирилди. Ва, энг муҳими, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги Тошкент тиббий-санитария қисми ҳам соҳа вакилларига, ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш билан шуғулланишди.
Бу ҳақда батафсил маълумотларни статистик рақамлар орқали таҳлил этишимизнинг ўзи кифоя. Масалан, 2020 йилнинг 1 август санасигача Тошкент тиббий-санитария қисмида жами бўлиб 23546 та мурожаат қайд этилган. Шулардан 13568 таси шифо топиш истагидаги мурожаатлар бўлса, 9978 таси тиббий кўрик бўйича қайдномалардир. Ўтган етти ой давомида тиббий муассасанинг стационар даволаниш хизматидан 404 нафар бемор фойдаланган. Улардан 401 нафари соғайиб, атиги 0,7 фоизи — 3 нафари пайдо бўлган салбий аломатлар туфайли бошқа ихтисослашган шифохоналарга йўлланма орқали юборилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизи, охирги уч ой давомида мазкур тиббиёт муассасасининг рентген ускунаси ҳамда қон-пешоб таҳлили лабораторияси кучайтирилган режимда хизмат кўрсатди. Бир сўз билан айтганда, мурожаатлар сони ҳам, тиббий муолажа олиб соғайганлар сони ҳам кескин ортди. Муассаса фаолияти, таъбир жоиз бўлса, карантин шароити даврида, айниқса соғлиқни сақлаш тизимининг иш ҳажми бирмунча ортган пайтда асқотди.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ тасарруфидаги Тошкент тиббий-санитария қисми филиалида 40 дан зиёд махсус тиббий техника ускуналари, 200 дан зиёд ёрдамчи ва кўптармоқли ёрдамчи жиҳозлар мавжуд. Яқинда бошқарув раисининг қарорига мувофиқ 10 дона «Vita oxy 510» кислород концентратори харид қилинди ва айни пайтда пневмония аломатлари билан оғриётган беморларни даволашда ушбу замонавий тиббиёт техникасидан фойдаланилмоқда.
Шунингдек, муассасанинг хизмат кўрсатиш қамрови ва сервис даражасини ошириш мақсадида яна 3 та янги тиббий ускуна харид қилинди. Бундай замонавий ускуналар тиббий ташхиснинг аниқлик даражасини ошириб, шифокорнинг меҳнат самарадорлигини оширади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, электроэнцефалография ҳамда эхоэнцефалоскоп ускуналари бош мия фаолиятини текширишга мўлжалланган, VME-2800 русумли видеоэндоскоп ускунаси орқали эса ошқозон фаолияти ўрганилади.
Тиббий-санитария қисми 2020 йилнинг биринчи яримйиллигида аҳолига хизмат кўрсатиш эвазига муассаса ҳисоб рақамига қарийб 700 млн сўм пул маблағлари туширган. Албатта, кўпсонли «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ходимларига бепул хизмат кўрсатиши ҳисобига харажатлари келтирилган фойдадан бирмунча кўп, аммо унинг самараси соҳа вакилларининг меҳнат унумдорлигида акс этиб, тармоқнинг барқарор иш фаолиятига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ тасарруфидаги Тошкент тиббий-санитария қисмининг фаолияти соҳанинг барқарор иш жараёнида муҳим ўрин тутади. Жамоа аъзолари муассаса шифокорлари-ю техник ходимларига ўз миннатдорлигини изҳор этиб, тиббиёт маскани ишчи-ходимларининг фаолиятида улкан зафарлар тилайди.
Улуғбек Урунов,
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти
бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати