Янгиликлар
ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА ЯШАШ ВА ИШЛАШГА МАЖБУРМИЗ
  • 11.07.2020
  • 1294

   Муҳтарам жамоадошлар, Жамиятимиз ишчи-ходимлари!

   Юртимиздаги бугунги шароит барчамизга кундек аён. Бутун дунё аҳолисини саросимага солиб турган коронавирус балоси, афсуски, бизнинг ҳудудимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Кун сайин бу офатга йўлиққан беморлар сафи кенгайиб бормоқда. Шунинг баробарида, минг афсус, аҳоли ўртасидаги йўқотишлар ҳам талайгина.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб, жумладан, шундай деди:

– Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, афсуски, бутун дунёда коронавирус пандемияси давом этмоқда. Қатор мамлакатларда касалликнинг иккинчи тўлқини бошланаётгани барчамизда жиддий хавотир уйғотмоқда. Бугунги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, ушбу инфекцияга қарши курашда қандайдир «сеҳрли рецептлар» ҳали йўқ. Жаҳон ҳамжамияти, дунёдаги энг йирик илмий марказлар, энг кучли олимлар бу офатга даво топиш учун қаттиқ изланмоқда. Ва бундай тадқиқотлар тез орада ўзининг ижобий натижасини беради, деб умид қиламиз. Тиббиёт ва санитария-эпидемиология ходимларининг касб малакаси ва жасорати, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фидойилиги, шунингдек, карантин давридаги қатъий интизом мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни нисбатан барқарор сақлаш имконини бермоқда. Лекин бу хотиржамликка берилиш, масалага енгил-елпи қараш учун асос бўлмаслиги керак. Чунки июль ойининг биринчи ҳафтасида беморлар сони 2 минг 167 нафарга кўпайган. Шундан 1 минг 267 та (58%) ҳолат аҳоли орасида аниқланган. Бу карантин давридаги энг юқори кўрсаткичдир. Афсуски, беморлар орасида ўлим сони ҳам ортиб бормоқда. Бу барчамизни жиддий ташвишга солиши шарт. Биз мамлакатимизда коронавирус аниқланган кундан бошлаб қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз: бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлади. Бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга темир интизом билан, қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ. Лекин, минг афсуски, аҳоли ўртасида кўпчилик мана шу талабларга тўла амал қилмаяпти. Айниқса, тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни номига тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кун сайин кўпаймоқда.

   Биз барчамиз бу борадаги аҳволни ўзгартириш учун, аввало, жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак. Юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда тегишли раҳбарларимиз тизимлар кесимида ходимларнинг белгиланган чекловларга қатъий амал қилиши ва карантин талаблари бажарилиши устидан назорат ўрнатмоғи лозим.

 

   Бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди!

Касалликнинг бирор-бир кичик белгисини ўзингизда сездингизми, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Ўзингизча уйда даволанишга уринманг. Ўзингизга ва оила аъзоларингиз тақдирига нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг!

   Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик экан, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Буни ҳеч ким, аввало, барча раҳбар ва мутасаддилар ҳеч қачон унутмаслиги лозим.

   Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз «Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!» деган шиорга «ўз меҳнат жамоангни ҳам» деган сўзларни қўшган ҳолда амал қилиб яшашимиз керак. Айни вақтда фаолиятимизни нормал изга солиш, иқтисодиётимизни тиклаш учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларимизни темир интизом билан давом эттиришимизга тўғри келади.

 

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, юртимизда 10 июлдан 1 августга қадар кучайтирилган карантин даври жорий этилди. Кўрилаётган барча чора-тадбирлар, аввало, мазкур касалликни тезроқ бартараф этиш, аҳоли саломатлигини асрашга қаратилган. Шу мақсадда, бир сафда фаолият юритиб келаётган барча ҳамкасбларимиз, жамоадошларимизга ўта ҳушёрлик билан иш олиб боришимиз лозимлигини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман. Зеро, «бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун» деган ақидага амал қилиб яшаш — айни бугунги куннинг талабидир.

   Хулоса шуки, барчаси ўзимизга, ўз хатти-ҳаракатларимизга боғлиқ. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан берилган тавсияларга риоя этинг.

   Биз меҳр-оқибатли халқимизнинг ақл-заковати, метин иродаси ва қатъиятига тўла ишонамиз. Ишонинг, мамлакатимизда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътиборидан четда қолмайди!

   Яратганнинг ўзи бутун инсониятни, Ўзбекистон халқини, шу қатори кўпсонли энергетикларни ҳам ўз паноҳида асрасин!

   Азиз дўстлар!

   Саломатлигимиз — энг катта бойлик эканлигини барчамиз яхши ҳис этамиз. Демак, мана шу «хазина»мизни турли офат ва балолардан асраш – ўз қўлимизда эканлигини асло унутмайлик!

 Д.А.Исақулов,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати t.me/uzmetaxborotxizmati

t.me/deputatisaqulov

>