Янгиликлар
МИЛЛИЙ ДИСПЕТЧЕРЛИК ХИЗМАТИ ХОДИМЛАРИ 24 СОАТ ДАВОМИДА ИЗОЛЯЦИЯЛАНГАН ҲОЛДА ХИЗМАТ КЎРСАТМОҚДА
  • 22.04.2020
  • 1120

   Ўзингизга маълумки, мамлакатимизда эълон қилинган юқумли касаллик карантини даврида оммавий тадбирлар бекор қилиниб, барча хизмат кўрсатиш шахобчалари ёпилди, шаҳар ичи ва вилоятлараро транспорт қатновига чекловлар киритилди, аксарият ташкилотлар ходимлари меҳнат таътилига чиқишди ёки масофавий иш режимида хизмат кўрсатмоқда.

  Юқумли касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича жорий этилган тартибларнинг кучайтирилиши карантин даврини қисқартириши ва тез кунларда одатий ҳаёт тарзига қайтишимиз учун хизмат қилиши шубҳасиз. Ҳозирча заруриятсиз аҳолига кўчага чиқмаслик тавсия этилмоқда. Бундай пайтларда электр энергияси таъминотида узлуксиз равишда амалга оширилиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим ҳисобланади.

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти айни пайтда «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти ва «Ўзбекгидроэнергия» АЖ электр станцияларида ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини юқори кучланишли ҳаво тармоқлари орқали «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тасарруфига транспортировка қилиб, истеъмолга яроқли кучланишга айлантирилган электр энергияси ҳудудий корхоналар орқали истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

  Бундан ташқари, қўшни давлатлар энергетика тизимларидан электр энергиясининг импорт ва экспорт амалиётлари ҳам узлуксиз равишда амалга ошириб келиняпти. Демакки, истеъмолчиларга электр энергиясини чекловларсиз, узлуксиз тарзда етказиб бериш борасида энергетика тизимидаги барча ресурслар мавжуд.

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4649-сон «Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори  ҳамда 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, айрим хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли амалиётларни бажариш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сонли «Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда жамият ходимларининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раисининг буйруғига асосан қуйидагилар меҳнат фаолиятига татбиқ этилди:

·        Иш фаолиятига таъсир қилмаган ҳолда ходимлар қонунчиликда белгиланган тартибда навбатдаги меҳнат таътилига чиқарилди ёки аризасига кўра иш ҳақи сақланмаган ҳолда ўз ҳисобидан таътил берилди;
·    Иш жараёнига жалб этилган ходимларнинг тана ҳарорати ўлчаб борилиб, барча бино-иншоот, автотранспорт воситалари ҳамда офис хоналари тез-тез дезинфекция қилинмоқда;
·        Жамиятнинг барча филиал ва корхоналарида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш жараёни «онлайн» режимига ўтказилиб, тиббий ниқоб ҳамда гигиена (спиртли антисептик) воситаларини қўллаган ҳолда мажбурий иш юритиш тартиби жорий этилди;
·        Тошкент шаҳридаги метро, автобус ва маршрутли таксилар қатнови номаълум муддатга тўхтатилганлиги боис ходимларнинг ишга келиб-кетишлари учун дезинфекциядан ўтказилган автоуловлар хизмати ташкил қилинди.

  Ва, энг муҳим тадбирлардан бири,

·        республика ягона электр энергияси тизимининг ишончли фаолият юритиши ва иш режими бузилишига йўл қўймаслик, шунингдек, Миллий диспетчерлик хизмати ходимлари ўртасида коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 25 мартдан бошлаб Миллий диспетчерлик маркази ходимларига ташкилот ётоқхонасидан махсус жой ажратиб берилиб, тун-у кун иссиқ овқат ва зарур воситалар билан таъминланган ҳамда изоляция ҳолатида ишлаши жорий этилди.

  Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, Миллий диспетчерлик маркази мутахассисларининг билим-малакаси ва иш тажрибаси энергетика соҳасида муҳим аҳамият касб этиб, Марказда меъёрий иш фаолиятини олиб бориш учун энергетика соҳасида бир неча йил фаолият юритган муҳандислар камида 4–5 йил давомида тажриба орттирганларидан сўнг бундай масъулиятли вазифани бажаришга рухсат этилади. Улар нафақат Ўзбекистон электр энергияси умумтизими, балки Марказий Осиё ҳамда Россия Федерацияси энерготизимларида йирик аварияларнинг олдини олиш учун узлуксиз равишда иш олиб боришади. Худди шундай, юқори кучланишли подстанцияларда хизмат олиб бораётган навбатчи муҳандислар ҳам ташқи муҳитдан изоляция қилинган ҳолда тун-у кун меҳнат қилишмоқда.

  Бир сўз билан айтганда, Миллий диспетчерлик маркази мутахассислари ўрнини исталган пайтда соҳанинг бошқа етук мутахассислари босолмаслиги мумкин. Шунинг учун уларнинг 24 соат давомида самарали фаолият юритишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди ва мамлакатимизда электр энергия таъминоти бир маромда давом эттирилмоқда.

  Хулоса ўрнида истеъмолчилар диққатига шуни маълум қиламизки,  «Ўзбекистон МЭТ» АЖ тасарруфидаги барча юқори кучланишли подстанциялар ва электр тармоқлари кучайтирилган назорат тизимида ишламоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон аҳлига мурожаатида «Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, биз бу касалликни, албатта, енгамиз», деган сўзларига амал қилиш айни синовли паллада барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади.

  Ишончимиз комилки, карантин билан боғлиқ ноқулай вазият тез орада ўз ечимини топиб, аҳил ва ҳамжиҳат халқимизнинг тартибли ҳаракати туфайли мамлакатимизнинг одатий ҳаёт тарзи яна ўз изига тушади. Бунинг дастлабки белгилари айни кунларда кўзга ташланмоқда: юқумли касалликдан соғайган беморлар сони кўпайиб, касалликни юқтириб олган ватандошларимизнинг сони камайиб бормоқда. Аҳоли саломатлиги ва хавфсизлиги таъминлангач, ишонамизки, иқтисодий-ижтимоий соҳалар ҳам ўз босқичларида тараққиёт йўлини давом эттиради.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>