Янгиликлар
АМАЛИЁТГАН ТАТБИҚ ЭТИЛАЁТГАН «ЯШИЛ ЭНЕРГИЯ» ИМКОНИЯТЛАРИ «ZO‘R TV» ТЕЛЕКАНАЛИНИНГ «BU KUN» ИНФОРМАЦИОН ДАСТУРИ НИГОҲИДА
  • 09.03.2021
  • 460

 Аввалги маълумот берганимиздек, Ўзбекистон–Жанубий Корея ҳамкорлиги доирасида Корея энергетика агентлигининг (КЭА) беғараз маблағлари ҳисобидан Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги “Нури замин” маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида барпо этилган 40 кВт қувватли қуёш фотоэлектрик станцияси ишга туширилиб, фойдаланишга топширилган эди.

Даставвал, электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнининг анъанавий тури ва унга муқобил бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш хусусида бироз тўхталсак. Анъанавий усул, барчамизга маълумки, бу нефть-газ маҳсулотлари (ерости гази, табиий газ, мазут, нефт-кокс) ҳамда кўмир ёқиб олинадиган иссиқлик энергиясини аввал механик, сўнгра электр энергиясига айлантириш.

 

Батафсил:

БАРЧАГА ДАҲЛДОР МАВЗУ ёхуд электр энергиясини узатишдаги технологик йўқотишлар таҳлили http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/412

Энди муқобил (алтернатив) ёки қайта тикланувчи энергия («яшил энергия») нима эканлиги билан танишиб олсак... 2019 йил 16 апрелда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат томонидан 2019 йил 3 майда маъқулланган «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида (2019 йил 21 май, ЎРҚ-539-сон) унга қуйидагича таъриф берилади:

 қайта тикланувчи энергия манбалари — атроф-муҳитда табиий ҳолда қайта тикланувчи қуёш, шамол энергияси, ер ҳарорати (геотермал), сув оқимларининг табиий ҳаракати, биомасса энергияси.

 Хуллас, «яшил энергия»нинг асосида Ер юзидаги ҳаёт манбаи бўлган Қуёш ётибди. Шамол ҳам, сувнинг табиатда эркин айланиши ва бошқа иқлим шароити билан боғлиқ жараёнларнинг барчаси галлактикамизнинг марказий сайёраси — Қуёшнинг фаоллиги ҳисобига амалга ошади. У қайта ишлангани учун «қайта тикланувчи» деб, экологияга деярли зарари бўлмагани учун «яшил энергия» деб таърифланади ва, юқорида таъкидланганидек, бугунги кунда Ер юзида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам асосий ишлаб чиқариш нефть маҳсулотлари эвазига бўлгани учун унга «муқобил» мақоми берилган.

 

 

 Айни пайтда қайта тикланувчи энергия салмоғини ошириш бўйича Ўзбекистонда бир нечта йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Юқорида таъкидланган кичик қуёш электр станцияси эса уларнинг дебочаси. У халқимиз орасида, истеъмолчиларимиз диққатига муқобил энергия манбаларидан нафақат хонадонларда, балки кичик ва ўрта бизнес ишлаб чиқариш жараёнида самарали фойдаланиш мумкинлигини тарғиб қилиш учун хизмат қилади. Бу , ўз навбатида, жамиятимизда муқобил энергия турларидан самарали фойдаланиб, мамлакатимизнинг табиий бойликларини иқтисод қилиш, шу билан бирга, эгологияга зарарни камайтириш борасидаги тушунчалар тарғиботини кенгайтиради.

Бундан ташқари, ушбу кичик қуёш станцияси соҳа мутахассислари учун ўқув полигони вазифасини ўтайди. Йирик ва бир неча гектар ер майдонини эгаллаган фотоэлектрик станцияларда ишлаш учун ўқитилиб, амалиётга юбориладиган мутахассисларни тайёрлашда уларнинг назарий билимлари мазкур министанцияда синаб кўриш ва мустаҳкамлаш имконияти яратилади. Бу жойдан энергетика истисослиги бўйича мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари ҳам самарали фойдаланишлари мумкин.

 

 

  Шу билан бирга, «яшил энергия» имкониятлари Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг ташаббуси ва тавсиясига кўра 2020 йилда Тошкент вилояти ҳокимлиги, хусусан Оҳангарон шаҳри ҳокимияти саъй-ҳаракатлари эвазига қўпқаватли уйлардаги cиновдан ўтмоқда. Мисол учун, айни пайтда 9 та хонадон беминнат қуёш нуридан фойдаланиб, электр энергияси ва табиий газни бирмунча тежашга, энг асосийси, энергоресурслардан бепул фойдаланишга муваффақ бўлишмоқда.

 

 

  Оҳангарон шаҳар ҳокимияти мутасаддилари томонидан яна бир тажриба: Тошкент–Андижон йўналишидаги йўл бўйида жойлашган яна бир кўпқаватли уйнинг бир нечта хонадонлари янгича усулда ҳам иситилмоқда, ҳам иссиқ сувдан фойдаланмоқда.

  Юқоридагилардан хулоса шуки, мамлакатимизда мавжуд минглаб кўпқаватли уйларда мана шундай қуёш энергияси ва табиий газдан ёки қуёш энергияси ва электр энергиясидан фойдаланиб, ҳам уйнинг иситиш тизими, ҳам иссиқ сув тизимида энергоресурслардан самарали фойдаланиш мумкин.

 

© «ZO‘R TV» телеканалининг «Bu kun» информацион дастури Мухбир: Рухсора Ғофурова

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>