Янгиликлар
БАРЧАГА ДАҲЛДОР МАВЗУ ёхуд электр энергиясини узатишдаги технологик йўқотишлар таҳлили
  • 25.06.2020
  • 1819

   Даставвал электр энергияси нима, деган саволга қисқача тўхталиб ўтсак. Электр энергияси — зарядланган зарраларнинг тартибли ҳаракати, тезлиги ёруғлик тезлиги билан баробар — сониясига 300 минг километр.

   Охирги икки аср мобайнида илм-фаннинг эришган барча ютуқлари — оламшумул ихтиролар электр энергияси билан чамбарчас боғлиқ. Таъбир жоиз бўлса, у иқтисодиёт таянчи, ишлаб чиқариш ва хўжалик юритишнинг биринчи рақамли эҳтиёжи.

 

   Электр энергиясининг ўзига хос хусусиятидан бири шундаки, у бир нуқтадан иккинчи нуқтага узатилганда, бир қисм энергия босиб ўтилган масофа учун сарф бўлади. Яъни, ўтказгичдаги қаршиликларни енгиш учун сарфланади. Бошқа энергия турларини узатиш учун эса қўшимча энергия сарфи ёки транспорт хизматлари талаб этилади (масалан: газ ва нефть маҳсулотларини узатиш учун йирик насослардан фойдаланилади).

Узатиш жараёнидаги техник исрофларни камайтириш борасида йиллар давомида олимлар томонидан изланишлар олиб борилмоқда. Бир қанча технологик ечимлар қўлланилиши натижасида узатишдаги йўқотишларни камайтиришга эришилган. Аммо олимлар назарида, узатилган электр энергиясини техник йўқотишлар улуши нисбатан катта кўрсаткичдалигича қолмоқда. Бу масалада ечилиши лозим бўлган муаммолар ҳамон мавжуд.

   Ҳар бир давлатнинг ўз электр тизими ва унда замонавий технологияларнинг қўлланилиш даражасига қараб қабул қилинган (узатилган) электр энергиясига нисбатан йўқотишлар улуши ҳар хилдир. Бу кўрсаткичлар Европа ва Осиёдаги ривожланган мамлакатларда 5–8% бўлса, Россия, Ўрта Осиё ва араб давлатларида 10–16% ни ташкил этмоқда.

   Ўзбекистон Республикаси электр энергия тизими бўйича «Ўзбекэнерго» АЖ ҳисоботига кўра, 2017 йилда жами технологик исрофлар 14,54% ташкил этиб, тасдиқланган меъёр 14,90% дан иборат. 2018 йилда эса технологик йўқотишлар меъёри 15,33% деб белгиланган бўлса-да, амалда 15,13% ни ташкил этган. 2018 йилда «Ўзбекэнерго» АЖ таркибига кирувчи корхоналар кесимида олиб кўрилганда, қуйидагича бўлади:

1. Электр энергиясини ҳосил қилувчи корхоналар бўйича — 0,68%;
2. Ҳудудий электр тармоқлари бўйича — 12,82%;
3.«Ўзэлектртармоқ» УК бўйича — 2,47%.

   «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга қарашли 500–220 кВ ли магистрал электр тармоқлари орқали электр энергиясини узатишдаги технологик йўқотишлар йиллар давомида қабул қилинган электр энергиясига нисбатан камайиб боришига эришилган. Беш йиллик технологик йўқотишлар динамикасини кўрганимизда фарқларни яққол сезишимиз мумкин:

 

   Йиллар давомида технологик йўқотишларни камайиб боришининг сабаби сифатида асосан қуйидаги амалга оширилган ишларни кўрсатиш мумкин:

1. Подстанциялардаги маънан эскирган электр ускуналарнинг ўрнига замонавий энергия самарадорлиги юқори бўлган ускуналар ўрнатилиши;
2. Электр станцияларда янги блокларнинг ишга туширилиши натижасида оптимал режим ҳосил қилиниб, тармоқлардаги йўқотишларнинг қисқариши;
3. Электр энергиясини тежаш бўйича техник-ташкилий тадбирларнинг бажарилиши;
4. Ўз вақтида ўлчов приборларининг даврий текширишларни ўтказиш ва электр энергияси оқимларини таҳлил қилиб боришнинг узлуксиз ташкил этилиши.

   Жамиятимиз томонидан технологик йўқотишларни янада камайтириш учун қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни назарда тутувчи «2020–2022 йилларда амалга ошириш техник-ташкилий тадбири» ишлаб чиқилган. Унда деярли барча подстанцияларда қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда сув иситиш қурилмалари ўрнатилади.

Жамиятимиз учун янги қурилаётган бинода ҳам энг замонавий энерготежамли ускуналар ва қуёш энергияси орқали ёритиш ҳамда истиш ускуналари ўрнатилиши кўзда тутилган.

   Ўқувчида технологик йўқотишларни яққол тасаввури пайдо бўлиши учун электр энергетика тизимидаги йўқотишларни таҳлил қилиб чиқишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Демак, электр энергиясини ишлаб чиқариш корхонасидан то истеъмолчиларга етиб боргунча содир бўлаётган йўқотишларини кўриб чиқсак:

- электр энергиясини ишлаб чиқариш корхонасидаги буғ машиналарнинг ФИК (фойдали иш коэффициенти) ўртача 45–55% ташкил этади. Технологик йўқотиш буғ машиналарнинг турига боғлиқ бўлиб, 45–55% энергия йўқотилади. Синхрон генераторларда ўртача йўқотиш 0,3-0,5% ни ташкил этади;
- 220–500 кВ магистрал электр тармоқларидаги йўқотишлар ўртача 2,5-2,8% дан иборат.
0,4–110 кВ электр тармоқлардаги, яъни тақсимлаш ва сотиш жараёнидаги йўқотишлар ўртача 12,85–12,90% дан иборат.

 

   Энергетика тизимидаги барча йўқотишларни, яъни ишлаб чиқишдан то истеъмолчи ҳисоблагичига кириб боргунча жами йўқотишлар сарфланган энергияга нисбатан ўртача 60,65–71,2% ни ташкил этиб, истеъмолчиларга ўртача 29–40% энергия етказиб берилаётганлиги маълум бўлади. Бу таҳлилга кўра, сарфланган ёқилғини аксарият қисми электр энергиясини ҳосил қилиш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш жараёнида йўқотилади.

   2019 йил ҳисоботига кўра, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятига қарашли 220–500 кВ тармоқларда узатиш жараёнидаги технологик йўқотишлар 2,43% ни ташкил этиб, 1 466,9 млн. кВт•соатдан иборат. Бу электр энергиясини (электр энергияси кўзга кўринмас ва ҳидсиз бўлган маҳсулотнинг алоҳида тури ҳисобланади) тўлиқ тасаввур қилиш мақсадида уни барча учун таниш бўлган кўмирга айлантирамиз. Унда махсус электр энергиясини кўмирга айлантириш коэффициентига кўра, жами 84 804 000 тонна кўмир бўлиб, бир вагонда 60 тонна кўмир жойлашини ҳисобга олсак, ўртача 1 413 вагон кўмир бир йилда исроф бўлар экан. Агарда Ўзбекистон Республикаси бўйича 2019 йилдаги барча технологик йўқотишларни ҳисоблаганимизда, 536 251 300 тонна кўмир ёки 8 937 вагон кўмир бўлиб у 149 эшелон кўмирдан иборат экан.

Мана, нима учун Ўзбекистон Ҳукумати қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни тадбиқ этиш мақсадида турли имтиёзлар (солиқлардан озод этиш) жорий қилмоқда. Ҳар биримиз уйимиздаги чироқни беҳуда ёниб турганини кўрганимизда биз келтирган мисолларни тасаввур қилса, шу заҳоти чироқни тармоқдан узиб қўйишига ишончим комил.

   Биз мақоламизда фақат иқтисодий томонларни кўриб чиқдик, холос. Ҳали бу исрофлар ортида Она табиатимизга, яъни экологияга салбий таъсир кўрсатаётганлиги ҳақида гапирилмади.

   Барча ривожланаётган давлатлар аста-секин қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш йўлини танламоқдалар. Ўзбекистонда ҳам қатор меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилиниши келгусида яшил энергетика истиқболларини белгилайди.

 

Салим Латипович Эшонқулов,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

Электр энергияси технологик сарфларини таҳлил этиш бўлими бошлиғи

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>