«Президент қарорлари — ҳаётда ва назоратда»
ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ: МУАММОЛАРНИ МАҲАЛЛАБАЙ КЕСИМДА ЧУҚУР ЎРГАНИШ ВА ҲАЛ ҚИЛИШ КЕРАК
  • 17.12.2020
  • 648

  Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари танқидий таҳлил қилинди.

  Хусусан, табиий газ ва кўмир таъминотида ноқонуний харакатларга йўл қўйилаётгани кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, Муборакда ғишт ишлаб чиқариш заводи ер остидан ўтган газ қувурига ноқонуний уланиб, 4,3 миллион куб метр газни талон-торож қилган. Бу 8 мингта хонадоннинг бир ойлик газ таъминотидир.

  Шунингдек, жорий йилда 74 та тумандаги йирик газ тармоқларига замонавий ўлчагичлар ўрнатилгани натижасида 2 мингдан зиёд улгуржи истеъмолчилар томонидан 7 миллион куб метр табиий газ ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланган.

Шавкат Мирзиёев: Муаммоларни маҳаллабай кесимда чуқур ўрганиш ва ҳал қилиш керак  
#16dec #uzbekiston24

  Шулардан келиб чиқиб, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтириш таклифи билдирилди.

– Бу йил қишни қандай ўтказамиз? Бугун ҳамма раҳбарлар шу саволга жавоб бериши керак. Ҳақиқатан ҳам, муаммолар жуда кўп. Уларни фақат маҳаллабай кесимда чуқур ўрганиш ва ҳал қилишгина натижа беради, – дея таъкидлади Президентимиз.

  Иссиқлик таъминотидаги 153 та қозонхонани ва 2 минг 802 километр тармоқларни таъмирлаш чора-тадбирлари белгиланди. 

  Давлатимиз раҳбари ис гази ва чақнашлар билан боғлиқ нохуш ҳолатларга тўхталиб ўтди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ёнғинга қарши курашиш бошқармаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, тубдан ислоҳ қилиш, ёнғинга қарши профилактика ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.

  Бош вазир ўринбосарига мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар этиб, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича вазифалар қўйилди.

  Видеоселектор йиғилишида яна бир долзарб масала – аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш вазифалари атрофлича муҳокама қилинди.

  Нарх-навонинг ошиши кескин танқид қилинди. Бунинг олдини олиш бўйича қатор топшириқлар берилди.

  Асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ҳудудлар кесимида таҳлил қилинди. Ўтган ойларда нарх-наво нисбатан ошган вилоят ва туманлар кўрсатиб ўтилди.

  Мутасадди идораларга ҳар бир ҳудудда штаблар ташкил қилиб, бозорларда нарх-наво спекуляцияси ҳолатларининг қатъий олдини олиш вазифаси қўйилди. Ички ва ташқи бозорларда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари айланмасини, нарх-навосини, мавжуд эҳтиёж ва талабларни кунлик таҳлил қиладиган идоралараро ишчи гуруҳ тузилиши белгиланди.

  Янги йил байрами арафасида талаб ошишини инобатга олиб, расталарни маҳсулотлар билан тўлдириш, деҳқон бозорлари ва йирик савдо объектларида ярмаркалар ташкил этиб, уларга товарларни арзонлаштирилган нархларда етказиб бериш муҳимлиги айтилди.

  Жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ўзгариши прогноз қилинмоқда. Шу боис ички бозорга асосий турдаги товарларни кафолатли етказиб бериш учун махсус жамғарма ташкил қилиниб, 50 миллион доллар ажратилган.

  Ушбу маблағлар ҳисобидан биринчи навбатда ўсимлик ёғи ва бошқа зарур маҳсулотларни сотиб олиб, камида 3 ойлик захира яратиш бўйича кўрсатма берилди. Худди шундай ишлар ҳокимликлар қошида ташкил этилган жамғармалар орқали ҳам амалга оширилиб, ҳар бир ҳудуд ўз захирасини шакллантириши кераклиги таъкидланди.

  Бош вазирга озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча ишларни мувофиқлаштириш, ички бозорларни таҳлил қилиб, уларга зарур озиқ-овқат маҳсулотларини интервенция қилиш, бу борада тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш вазифаси қўйилди.

Манба: https://president.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmat


>