2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Тармоқ илмий-техник кенгаши
Муҳандислик соҳасига қаратилаётган эътибор мамлакат тараққиётига дахлдор масала саналади
  • 26.03.2025
  • 33

Президент ташаббуслари – амалда

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантириш учун бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарурлигини таъкидлаган эди. Ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари, ректор ва профессор-ўқитувчи масъулиятни чуқур ҳис қилиб, қаттиқ ишласа, изланса, бунга албатта эришамиз деган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.

Йиғилишда барча муҳандислик олийгоҳлари ҳамкор корхоналарида кафедралар очиши ва дуал таълимни йўлга қўйиши, биринчи босқичда 10 та олийгоҳда “Олий муҳандислик мактаблари” очилиши, муҳандислик йўналишлари бўйича “энг яхши ғоя”, “энг яхши лойиҳа” ва “энг яхши ихтиро” республика танловлари ўтказилиши, шунингдек, ғоя, лойиҳа ва ихтиро муаллифи бўлган энг зўр 10 нафар иштирокчи Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур каби давлатларга стажировкага юборилиши каби кўплаб вазифалар белгиланган эди.

2024-2025 ўқув йилида муҳандислик йўналишлари бўйича республика кўрик танловларини ташкил этиш ва уни юқори савияда ўтказиш чора-тадбирлари, умуман, айни соҳага қаратилган эътиборнинг юрт тараққиётидаги ўрни хусусида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой ШАРИПОВнинг фикрларига қизиқдик. 

– Инновация ва муҳандислик тафаккури – замонавий тараққиётнинг асосий омилидир. Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётган «Келажак муҳандиси» танлови янги ғояларни ривожлантириш ва муҳандислик соҳасида амалий таклифларни ҳаётга жорий этишга йўналтирилган. Бу лойиҳа иқтидорли муҳандисларни кашф этиш ва мамлакатнинг илмий-технологик салоҳиятини оширишга хизмат қилади, – дея фикр билдиради олий таълим, фан ва инновациялар вазири.

– 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб «Энг яхши ғоя», «Энг яхши лойиҳа» ва «Энг яхши ихтиро» номинациялари бўйича республика кўрик-танловлари ташкил этилади. Унда механик муҳандислик, электр муҳандислиги, компьютер муҳандислиги, қурилиш ва кимё муҳандислиги соҳаларидаги инновацион ғоялар саралаб олинади. Танловнинг «Энг яхши ғоя» номинацияси орқали илмий-ижодий ёндашувлар ривожланиб, янги концепциялар шаклланади. «Энг яхши лойиҳа» амалиётга жорий этилиши мумкин бўлган технологик ечимларни илгари сурса, «Энг яхши ихтиро» янги технология ва қурилмаларни саноатга жорий қилиш имконини яратади.

Шундай қилиб, бу танлов ёш муҳандисларнинг салоҳиятини юзага чиқариш, уларнинг илмий-амалий изланишларини қўллаб-қувватлаш ва соҳага янги нафас олиб кириш мақсадида ташкил этилган. Унда 40 ёшгача бўлган профессор-ўқитувчилар, талабалар ва амалиётчи муҳандислар учун жуда катта имконият яратилмоқда. Ғолиблар электромобиллар, халқаро стажировкалар ва йирик пул мукофотлари билан тақдирланади. Энг муҳими, бу танлов ёшларимизни муҳандислик соҳасига жалб қилиш, уларнинг инновацион ғояларини амалга оширишга кўмак бериш ва мамлакатимизда саноат ҳамда технологияларнинг жадал ривожланишига ҳисса қўшишга хизмат қилади. 

Муҳандислик ҳақида сўз юритар эканмиз, мамлакатимизда ташкил этилаётган илғор муҳандислик мактаблари ва технопарклар ҳақида тўхталиб ўтиш ўринлидир. Бу муассасалар ёшларга замонавий билим ва кўникмаларни бериш баробарида, уларнинг ижодий ва инновацион тафаккурини ривожлантиришга хизмат қилади. 2024 йилда 8 та олийгоҳда Илғор муҳандислар мактаби очилган бўлса, жорий йилда саноат экологияси, архитектура-қурилиш, энергетика муҳандислиги, рақамли саноат ва автомобилсозлик каби соҳаларда яна 14 та муҳандислик мактаби ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, хорижий университетлар филиалларида машинасозлик, сунъий интеллект, металлургия ва кончилик соҳаларида 3 та янги муҳандислик мактаби фаолият бошлайди.

Бу мактабларда талабалар сунъий интеллект, робототехника, нанотехнологиялар, саноат автоматлаштириш ва бошқа муҳим йўналишлар бўйича чуқур билим олиш имкониятига эга бўладилар. Улар инновацион ёндашувлардан фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, экологик технологияларни ривожлантириш ва транспорт тизимларини автоматлаштириш каби соҳаларда амалий тажрибага эга бўладилар.

Бундан ташқари, бу таълим муассасалари талабаларга тадқиқот ўтказиш, стартаплар яратиш ва янги технологияларни ишлаб чиқиш имкониятларини тақдим этади. Бундай ёндашувлар миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва халқаро бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун замин яратади.

Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди, ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/posts/

FacebookИнстаграмYouTube ‖

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati