Бугун, 2025 йил 26 март куни “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари С.С.Артиков бошчилигида Акциядорлик жамиятидаги ишчи тартибидаги жорий масалаларга бағишланган йиғилиши ва лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди. Йиғилишда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Д.А.Исақулов томонидан ҳафтанинг ҳар душанба куни бўлиб ўтадиган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси таҳлил қилинди.
Йиғишнинг иккинчи қисмида Акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Собиржон Садуллаевич «Углерод нейтраллигига эришиш — устивор стратегик вазифа» мавзусида ҳавола этилган тақдимотда модернизация-реконструкция ва қурилиш-монтаж жараёнларини ўз ичига қамраб олган қатор лойиҳалар ҳақида умумий маълумотларни тақдим этди.
Электр тармоқларини инновацион ривожлантириш бошқармаси томонидан тайёрланган тақдимотда электр энергетика тизимининг ҳозирги ҳолати, мамлакатимизда мавжуд генерация қувватлари, генерация ва истеъмолнинг 2035 йилгача ўзгариши, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги подстанциялар ва электр узатиш ҳаво тармоқларига оид истиқболдаги режалар ва мазкур кўрсаткичларга эришиш учун амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан ахборот берилди.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ электр энергиясини ягона етказиб берувчиси ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги 220–500 киловолт кучланишли электр узатиш тармоғининг асосий узатиш тизими оператори ҳисобланади.Акциядорлик жамияти тасарруфида 91 та подстанция ва 12 250 километр электр узатиш тармоғлари мавжуд.
Акциядорлик жамияти барча қўшни давлатлар: Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон билан давлатлараро алоқага эга ҳамда ушбу давлатлар билан электр энергиясини экспорт-импорт транзити жараёнларини доимий олиб боради.
Ўзбекистон Республикаси энергетика тизимини ривожлантириш ҳамда экологияни сақлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 11 сентябрдаги “Энергетика соҳасига хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 139-сон фармони имзоланди, бу фармон Республикада қайта тикланувчи энергия манбаларини сезиларли даражада ривожлантиришни назарда тутади.
Шундай қилиб, 2030 йилга келиб, энергетика тизимидаги қайта тикланадиган энергия манбаларининг улуши тахминан 18 гигаваттни, шу жумладан, шамол электр станциялари (ШЭС) 11,5 гигаватт ва қуёш фотоэлектр станциялари (ҚФЭС) 7,3 гигаваттни ташкил қилади. Бугунги кунга келиб, умумий ўрнатилган қуввати 2600 мегаваттдан ортиқ бўлган бир қатор қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳалари амалга оширилди. Жумладан, Навоий вилоятида Кармана ҚФЭС 100 МВт, Самарқанд вилоятида Тутли ҚФЭС 100 мегаватт, Қашқадарё вилоятида Нишон ҚФЭС 500 мегаватт, Бухоро вилоятида Саҳро ҚФЭС 500 мегаватт, Сурхондарё вилоятида Шеробод ҚФЭС 457 мегаватт, Навоий вилоятида Зарафшон ШЭС 500 мегаватт, Самарқанд вилоятида Каттақўрғон ҚФЭС 230 мегаватт, Жиззах вилоятида Кўкбулоқ ҚФЭС 220 мегаватт ва Тошкент вилоятида Тошкент ҚФЭС 200 мегаватт.
2024 йил 13 декабрь куни ўтказилган маросимда Энергетика соҳасида республика бўйлаб умумий қиймати 7 миллиард долларлик 18 та лойиҳа ишга туширилди ва 6 та лойиҳанинг қурилиши бошланди. Булардан, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 500 мегаваттли Бош ШЭС (дастлабки қувват 200 мегаватт), Пешку туманида 500 мегаваттли Жонкелди ШЭС (дастлабки қувват 200 мегаватт), Навоий вилояти Томди туманида 500 мегаваттли (уланган қувват 400 мегаватт) Зарафшон ШЭС, Наманган вилояти Поп туманида 500 мегаваттли (дастлабки қувват 200 мегаватт) Поп ҚФЭС, Тошкент вилояти Бўка туманида 263 мегаваттли (дастлабки қувват 50 мегаватт) Бўка ҚФЭС, Қашқадарё вилояти Нишон туманида 400 мегаваттли Акса Толимаржон ИЭС, Андижон вилояти Асака туманида 150 мегаваттли Лочин ЭСАБТ, Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 150 мегаваттли Ўзбекистон ЭСАБТ, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 500 киловолтли подстанция ва 163 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи, Бухоро вилояти Пешку туманида 500 киловолтли подстанция ва 127 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида 500 кВли подстанция, Жиззах вилояти Зафаробод туманида 220 киловолтли подстанция, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида 220 киловолтли подстанция лойиҳалари тизимга уланди.
Шу жумладан, Фарғона вилояти Бешариқ туманида 500 мегаваттли Бешариқ ҚФЭС, Самарқанд вилояти Нуробод туманида 500 мегаваттли Сазаган-1 ҚФЭС, Самарқанд вилояти Нуробод туманида 500 мегаваттли Сазаган-2 ҚФЭС, Тошкент вилояти Паркент туманида 334 мегаваттли ЭСАБТ, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 100 мегаваттли бўлган газ-поршенли электр станцияси, Навоий вилояти Нурота туманида гибрид электр станцияси (ҚФЭС – 300 мегаватт, ШЭС – 300 мегаватт, ЭСАБТ – 150 мегаватт) қурилиши бошланди.
Умумий қилиб айтганда, 2025 йил якунида 6 та қуёш ва 4 та шамол электр станцияларининг лойиҳалари доирасида 2 365 мегаватт (1 613 мегаватт қуёш ва 752 мегаватт шамол) қувватлари тармоққа уланиб, 597 мегаватт қувватли 4 та электр энергиясини сақлаш тизимилари ишга туширилади.
Бунинг учун қўшимча 3,6 миллиард доллардан ортиқ тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинади ва 6,1 миллиард киловатт соат ёки 4,6 млн хонадоннинг бир йиллик ижтимоий нормасига тенг “яшил» энергия ишлаб чиқарилади. Бу эса 3,35 миллиард метр куб (экв. 570 миллион долларга) табиий газ тежаш ва 4,6 миллион тоннадан ортиқ зарарли моддаларнинг атмосферага чиқарилишини олдини олиш имконини яратади.
Юқоридаги энергетика лойиҳаларини амалга ошириш келгуси йилларда электр энергиясини юклама марказларига нормал, таъмирлаш ва авария режимларида ишончли тарзда етказиб беришни таъминлайди.
Яқин келажакда электр энергияси ишлаб чиқариш учун умумий ўрнатилган қуввати 330 мегаватт бўлган олтита кичик модулли ядро реакторини жорий этиш режалаштирилган бўлса-да, Ўзбекистоннинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш учун йирик атом энергия блокларини жорий этиш, уларнинг узоқ муддатда зарурий эксплуатация хавфсизлигини таъминлаш зарур.
Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси энергетика тизимини ривожлантириш қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишни назарда тутади, бу қазиб олинадиган ёқилғига бўлган эҳтиёжни камайтиради ва атроф-муҳитни яхшилайди.
Электр тармоқларини инновацион ривожлантириш бошқармаси тақдим этган маълумотлардан фойдаланилди.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати