Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзархив” агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Анвар Алиев маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги “2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–357-сон қарорига 2-илованинг 55-банди билан Электрон ҳужжатларни сақлаш учун топширишга мўлжалланган “Идоравий электрон архив” ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш белгиланган.
“Идоравий электрон архив” ахборот тизимини ишлаб чиқиш бўйича техник топшириқ лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги (2023 йил 27 мартдаги Ех-22-81199б-сон) ва "Киберхавфсизлик маркази" ДУК (2023 йил 28 мартдаги 01-18-02/737-сон) томонидан эксперт хулосалари олинган.
Ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганган ҳолда “Ўзархив” агентлиги ва Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича инспекцияси ҳузуридаги "Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази" МЧЖ ҳамкорлигида "Идоравий электрон архив" ахборот тизими ишлаб чиқилиб, ўтказилган тест-синов амалиёти бўйича ижобий натижа қайд этилиб, амалиётга жорий этилди.
“Идоравий электрон архив” ахборот тизими замонавий электрон ҳужжатларни бошқариш занжирининг ажралмас қисмига айланиб, ташкилотларга электрон ҳужжатларни сақлаш, бошқариш ва улардан фойдаланишни таъминлашнинг самарали, барқарор ва хавфсиз усулини тақдим этади.
“Идоравий электрон архив” ахборот тизимида 6 та рол ва 11 та қуйи тизимлари яратилди, шу жумладан маълумотномалар, шахсий кабинет, архивлар, ташкилотлар, ходимлар, номенклатура, ҳужжатларни киритиш, йиғма жилдлар, рўйхатлар, маълумот қидириш ва ҳисобот модуллари жорий қилинди.
Ахборот тизимини жорий қилиш орқали ташкилот номенклатурасини шакллантириш, келишиш ва тасдиқлаш, номенклатура асосида электрон ҳужжатларни шаклантириш, электрон архив ҳужжатларини давлат архивларига қабул қилиш, ҳужжатларни тезкор қидириб-топиш ва фойдаланиш имкониятлари яратилди. Ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича видео қўлланма материаллари тайёрланди.
“Идоравий электрон” архив ахборот тизими ягона идентификация тизими - id.egov.uz ва Идоралараро ҳужжат айланиш тизими – edo.ijro.uz ахборот тизими билан интеграция қилинди.
Ўзбекистон Миллий архиви жамлаш манбаига киритилган 200 тага яқин вазирлик ва идораларда “Идоравий электрон архив” тизимини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, тизимда 437 та ташкилот учун кириш имконияти яратилди, 50 та вазирлик ва идораларда ходимлари учун ўқув-семинар машғулотлари ташкил этилди. Республика бўйича Архив иши ҳудудий бошқармалари ва архив директорлари учун ўқув семинар машғулотлари ташкил этилди. 15 та ташкилот томонидан номенклатура электрон тизим орқали киритилиб, 6 та ташкилотнинг номенклатураси келишилди.
Ҳозирги кунда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан электрон шаклда шакллантирилган архив ҳужжатларини сақлаш ва топшириш бўйича бир хил амалиёт мавжуд эмас. Мавжуд тартибнинг такомиллашмаганлиги ҳужжатларни тўплаш, тизимли сақлаш ва фойдаланиш жараёнларида қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Шу сабабли, архив иши ва электрон ҳужжат айланишини замонавий талабларга мослаштириш, ҳужжатларни электрон сақлаш ва улардан фойдаланишнинг ягона механизмини яратиш зарурати туғилган.
Агентлик томонидан Вазирлар Маҳкамаси Қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор лойиҳасига кўра давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларининг электрон архив ҳужжатларини сақлаш ва давлат архивларига топшириш механизми белгилаб берилган.
Мазкур қарорнинг қабул қилинишида қуйидаги натижаларга эришилади:
биринчидан, давлат архивларига ҳужжатларни тўплаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш жараёнларини автоматлаштириш;
иккинчидан, архив ишида рақамли технологияларни кенг жорий қилиш орқали давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга имкон яратади;
учинчидан, ҳужжатларнинг йўқолиши ва сохталаштирилишининг олди олиш;
тўртинчидан, архив иши ва ҳужжат сақлаш билан боғлиқ харажатлар қисқартириш.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизга мурожаат қилмоқчимиз. Азиз юртдошлар! Агар давлат архивларида ноқонуний ҳатти-ҳаракатларнинг гувоҳи бўлсангиз “Ўзархив” агентлигининг 55-50-301-50 рақамли “Ишонч телефони” ёки antikor_archive_bot ёҳуд https://t.me/direktorga_murojaat орқали хабар беришингизни сўраймиз.
Манба: https://telegra.ph/idegovuz-va-edoijrouz-ahborot-tizimlari-integraciya-%D2%9Bilindi-03-07
https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/50232
‖ Facebook ‖ Instagram ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати