2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Электр тармоғи объектлари билан туташ ҳудудларда агротадбирларни ўтказиш юзасидан
  • 24.02.2025
  • 97

АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов маълумот берди.

Ўлкамизда қиш фаслининг охирги ойига хос бўлган иқлим-ҳавоси ҳукм сурмоқда. Март ойининг илк кунлариданоқ, анъанага кўра, юртимиз сарҳадларига илиқ об-ҳаво кириб келиши билан, мамлакатимиз деҳқонлари-ю боғбонлари дала ва боғларни янги мавсумга тайёрлашни бошлаб юборишади. Қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар экин майдонларида мавсумий агротадбирларни бошлашга ҳозирлик кўради. Экин майдонлари ва боғлар ўтган йилги хас-хашак, ўт-ўлан қолдиқларидан тозаланади.

Шу муносабат билан магистрал электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти юртимиз деҳқон ва фермерларига мурожаат қилади:

! Азиз фуқаролар, ҳурматли истеъмолчилар! Юртимиз фермерлари, боғбонлар ва деҳқонлари! Юқори кучланишли электр тармоқларига туташ экин майдонларида мавсумий агротадбирларни ташкил этишда эътиборли бўлинг! Магистрал электр тармоқлари муҳофаза зонаси ва юқори кучланишли подстанциялар яқинида чиқиндиларни тўплаш ҳамда олов ёқиш тақиқланади!

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон «Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, электр тармоғи хўжалиги объектларининг барқарор ишлаши учун, муҳофаза зоналарида экологик зарар ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатни содир этиш тақиқланган.

Манба: https://lex.uz/docs/4133978?otherlang=1

Биринчидан, электр узатиш ҳаво линиялари симларига ва таянчларига бегона предметларни ташлаш (отиш), шунингдек, электр узатиш ҳаво линиялари таянчларига кўтарилиш тақиқланади. Яъни темир-бетон ва металл конструкцияли таянч устунларига чиқиш, таянч устунларининг таркибий элементларига шикаст етказиш, уларнинг металл бўлакларини ечиб олиш, мустаҳкамлигига путур етказиш, шунингдек, таянч устунлари остини юмшатиш мумкин эмас.

Иккинчидан, электр тармоғи хўжалиги объектларига юриб ўтиш ва транспорт воситасида ўтиш жойларига ҳар қандай объектларни, предметларни (материалларни) жойлаштириш тақиқланади. Яъни навбатчи бригада ва қурилиш-монтаж гуруҳи ходимлари, уларнинг автотранспорт воситалари ҳамда таъмирлаш-созлаш механизмлари ҳаракатига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай жисм ва предметларни “муҳофаза зонаси” майдонига жойлаштириш мумкин эмас.

Учинчидан, электр узатиш ҳаво линиялари муҳофаза зонаси доирасида, шунингдек, электр узатиш кабель линияларининг муҳофаза зоналарида олов ёқиш тақиқланади. Яъни электр узатиш линиялари муҳофаза зонаси ҳамда подстанциялар яқинида қишлоқ хўжалиги экинлари қолдиғини тўплаш ва ёқиш мумкин эмас.

Шу билан бирга, электр узатиш ҳаво линиялари муҳофаза зонаси майдонида кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш; муқим ва кўчма савдо расталарини ташкил этиш, чиқиндихона ташкил этиш, ёқилғи-мойлаш материалларини ташлаш, уларни сақлаш ва қуйишни амалга ошириш тақиқланади!

! Азиз юртдошлар! Эслатиб ўтамиз, муҳофаза зоналарида тақиқланган ишлар, жумладан ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун амалдаги қонунчиликка биноан жавобгарлик мавжуд.

❗Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди!

Эътибор беринг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон қарори,  3-боб, 13-бандига мувофиқ Электр тармоғи хўжалиги объектлари — ушбу электр тармоғи хўжалиги объектлари ўз ихтиёрида бўлган корхоналар томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган.

Манба: https://lex.uz/docs/4133978

Қарорнинг 14-бандида электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари масофаси — электр узатиш линияларининг кучланиш миқдорига мос тарзда белгилаб берилган ва улар қуйидагича:

► 35 киловольт кучланишли линиялар учун — 15 метр;

► 110 киловольт кучланишли линиялар учун — 20 метр;

► 220 киловольт кучланишли линиялар учун — 25 метр;

► 500 киловольт кучланишли линиялар учун — 30 метр.

Эслатиб ўтамиз, электр узатиш ҳаво линиялари бўйлаб — четдаги симлардан, уларнинг оғмаган ҳолатида электр узатиш линиясининг иккала томони бўйлаб, электр узатиш линияси таянчи баландлигига мос бўлган баландликдаги масофага эга параллель вертикал текисликлар билан чегараланган ер участкаси ва ҳаво макони қисми — электр узатиш линияларининг “муҳофаза зонаси” деб аталади.

Маълумот ўрнида: 2024 йилда электр узатиш тармоқлари “муҳофаза зонаси”га оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабига зид бўлган 1000 га яқин ҳолат юзасидан Огоҳлантириш хати берилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон қарори талабларини бажариш юзасидан тегишли амалиётлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, ота-оналар ва ўқитувчи-мураббийларга эслатма: Муҳофаза зоналарида яқинида варрак учириш ҳаёт учун хавфли ва бу электр таъминоти барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

МАВЗУГА ТААЛЛУҚЛИ 5 ТА САВОЛГА 5 ТА ЖАВОБ:

1-САВОЛ: Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари муҳофаза зоналаридаги ер майдонларида деҳқончилик қилиш мумкинми?

ЖАВОБ: Электр узатиш тармоқларига зарар етказмаган ҳолда, таянч устунлари ости сув билан ювилишига (юмшатилишига) йўл қўймасдан, таянч танаси ва таркибий қисмларига таъсир кўрсатмай фаолият юритилишига йўл қўйилади. Бунда таянч устуни танаси ёки фундаментидан ташқи томонга камида 1,5 метр масофадаги ер майдони таянчнинг доимий фойдаланишга ажратилган ер майдони ҳисобланиб, бу майдонда ерга (тупроққа) ишлов бериш тақиқланади. Шунингдек, техника ва бошқа мосламалар билан ишлаганда электр узатиш тармоғи симларига яқинлашиш хавфини ёддан чиқармаслик лозим. 

2-САВОЛ: Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари атрофидаги ер майдонларида боғдорчилик ишларини олиб бориш мумкинми?

ЖАВОБ: Амалдаги қоидаларга асосан электр узатиш тармоқларининг муҳофаза зонасида дарахт ва буталарни экиш ҳамда кесиш ушбу тармоқларга хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Бунда экин турига қараб электр узатиш тармоғи симларига яқинлашиши чегаралари белгилаб берилади. Дарахт шохларининг электр токи ўтказувчи қисмларга яқинлашиши ҳаво орқали қисқа туташувга олиб келиши хавфини туғдириши мумкин.

3-САВОЛ: Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанциялар яқинига уйлар (чайла, омбор, ҳовуз, шийпон биноси ва бошқа қурилма ҳамда иншоотлар) қуриш мумкинми?

ЖАВОБ: Мумкин эмас!

 - техник қоидалар, нормалар ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ яратилган (қурилган) электр тармоғи хўжалиги объектларига юриб ўтиш ва транспорт воситасида ўтиш жойларига ҳар қандай объектларни, предметларни (материалларни) жойлаштириш, шунингдек, электр тармоғи хўжалиги объектларига кириш йўлларини барпо қилмай туриб, бундай киришларга халақит берувчи ҳар қандай ишни амалга ошириш ва иншоотлар барпо этиш;

 - болалар ва спорт майдончаларини, стадионларни, бозорларни, савдо шохобчаларини, дала шийпонларини, моллар учун қўраларни, ҳар қандай турдаги машина ва механизмлар учун гаражлар ва тураржойларни жойлаштириш, ўрнатилган тартибда рухсат этилган ишларни бажариш билан боғлиқ бўлмаган ва кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш (электр узатиш ҳаво линияларининг муҳофаза зонасида);

- ахлатхоналарни жойлаштириш;

- зарба берувчи механизмлар билан ишларни амалга ошириш, массаси 5 тоннадан ортиқ оғирликларни ташлаш, емирувчи-коррозияловчи моддаларни ва ёқилғи-мойлаш материалларини ташлаш ва қўйиш (электр узатиш тармоқларининг муҳофаза зонасида) тақиқланади!

4-САВОЛ: Ҳоким қарорлари билан юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари остида яшаш учун уй-жой ажратилиб, бино ва иншоотлар қурилган бўлса, уларни бузиш учун компенсация қандай тўланади?

ЖАВОБ:  Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари остида уй-жой қуриш ноқонуний ҳисобланади ва тегишли тартибда бузилади. Агарда қурилган уй-жойлар олдидан лойиҳа асосида юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ўтказиш керак бўлган зарурият туғилса, бундай пайтларда бузиладиган уйлар учун ўрнатилган тартибда компенсация тўланади.

5-САВОЛ: Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари остидаги ер майдонларидан қандай ҳолатларда фойдаланиш мумкин ва бунга ким томондан рухсат берилади?

ЖАВОБ: Қишлоқ хўжалиги экинлари экишга мўлжалланган ерларда электр тармоғи хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш ва таъмирлаш ишларини олиб боришга (аварияни тиклаш ишларидан ташқари), қоидага кўра, ушбу ерлар қишлоқ хўжалиги экинлари билан банд бўлмаган пайтда рухсат берилади.

Манба: https://telegra.ph/uzbekistonmetuz-05-10-2

Ҳурматли истеъмолчилар, батафсил маълумотлар билан Сиз «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг расмий веб-сайт саҳифалари орқали танишишингиз мумкин.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати