Бугун АОКАда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" акциядорлик жамиятининг электр тармоқларидан фойдаланиш бош бошқармаси муҳандиси Маҳфуза Сувонова иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда аҳолини электр энергияси билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Маълум қилинишича, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ филиаллари томонидан 12 минг 500 километр узунликдаги 110-220-500 киловольтли электр узатиш тармоқлари ва 30 000 мегавольт-ампер қувватга эга 90 та подстанция эксплуатация қилинмоқда.
Тадбирда мамлакатимиз истеъмолчиларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг барча филиаллари томонидан 24 соатлик иш режимида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Унга кўра, 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумида электр қурилмаларининг барқарор ишлашини таъминлаш ва истеъмолчиларга узлуксиз электр энергияси етказиб бериш бўйича белгиланган чора-тадбирлар 1 ноябрга қадар тўлиқ якунланган.
Жумладан, 309 та трансформатор, 1741 та электр қурилма ва 6400 километрдан ортиқ 110-500 киловольтли электр узатиш тармоқлари таъмирланди. Шунингдек, 12 минг километрдан ортиқ магистрал электр тармоғи техник кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.
Инвестиция дастури доирасида 2024 йилда 6 та подстанцияда 1367 мегавольт-ампер қўшимча қувват яратилди. Шунингдек, 750,7 километр узунликдаги 220-500 киловольтли электр узатиш ҳаво тармоқлари қурилди. Тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудларда таянчлар учун йўлаклар барпо этилди, дарё ўзанлари ва тоғ ён бағирларидаги таянчларни сел-тошқинлар таъсиридан ҳимоя қилиш чоралари кўрилди.
Электр узатиш тармоқлари ва подстанциялардаги қурилмаларнинг контакт бирикмалари доимий равишда тепловизор қурилмалари ёрдамида текширилмоқда. 20 дан ортиқ қизиш ҳолатлари аниқланиб, ўз вақтида бартараф этилди.
–Юқори кучланишли тармоқларни кўрикдан ўтказиш учун дрон технологияси жорий қилинди. 2024 йил декабрь ойида Тошкент шаҳри ва вилоятини таъминловчи 100 километрдан ортиқ ҳаво тармоқлари ва 340 дан ортиқ таянч дрон ёрдамида текширилди, 160 та нуқсонли изолятор янгиланган. Шунингдек, 180 тонна трансформатор мойи, 1000 килограмм техник пластина, 27 та металл таянч, 39 та темир-бетон таянч, 9180 та изолятор, 20 та трансформатор ва 10 километр кабель маҳсулотлари захираси яратилди. Авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш мақсадида 629 нафар ходимдан иборат 65 та навбатчи бригада ташкил этилди. Улар 139 та махсус автотранспорт, зарур эҳтиёт қисмлар ва ҳимоя воситалари билан таъминланган, – деди М.Сувонова.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: https://uza.uz/uz/posts/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати