“Коррупцияга қарши маданият” шаклланмаган жамиятда адолатсизлик ва жиноятлар одат тусига айланади. Шу сабабли ҳам ҳар бир демократик давлат ўз ривожланиш концепциясида ушбу иллатга қарши курашишга қаратилган чораларни кўради.
Хусусан, Ўзбекистонда бу борада бир нечта самарали ташаббуслар амалга оширилди, масалан, коррупцияга қарши курашишга оид халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди, миллий қонунчилик ишлаб чиқилди, давлат органларига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажаришда келиб чиқадиган коррупциявий хатарларни баҳолаш тизими жорий этилди, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва шу каби бошқа бир қанча лойиҳалар амалга оширилди.
Аммо, амалиёт кўрсатиб турибдики, мамлакат доирасида эришилган ютуқлар, коррупцияга қарши кураш самарадорлиги вазифаларига тўлиқ жавоб бермайди.
Айнан шу сабабли, Президентимиз ўз чиқишларида, коррупцияга қарши кураш масаласига қайта ва қайта тўхталиб ўтмоқда.
Хусусан, 2024 йил 5 июнь санасида “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонунни имзоланганлигини бунга мисол сифатида келтириб ўтшимиз мумкин.
2024 ЙИЛ 6 ДЕКАБРЬ КУНИ КУЧГА КИРГАН 931-СОНЛИ “МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУННИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ ВА АҲАМИЯТИ
ҚОНУННИНГ МАҚСАДИ: Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонун 5 та боб, 33 та моддадан иборат. Кучга кириш санаси: 2024 йил 6 декабрь.
1. Қонун тадбиқ этиладиган субъектлар доирасини белгилаб олиш, яъни амал қилиши — давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши — ўз устав фондида (устав капиталида) давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан ўз устав фондида (устав капиталида) ушбу модда учинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан фақат уларнинг давлат харидлари соҳасидаги муносабатларига татбиқ этилади.
Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
♦ Қонунийлик;
♦ Фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ва давлатнинг қонуний манфаатлари устуворлиги;
♦ Очиқлик ва шаффофлик;
♦ Холислик;
♦ Коррупцияга нисбатан муросасизлик.
МАЗКУР ҚОНУН — 69 та давлат органларига, 220 та маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, 26 мингдан ортиқ давлат муассасаларига, 503 та давлат унитар корхонасига, 23 та давлат жамғармасига, 153 та давлат улуши 50 фоиздан юқори акциядорлик жамиятлари 2000 дан ортиқ давлат улуши бўлган корпортив буюртмачиларга давлат харидларидаги манфаатлар тўқнашувини тартибга солишга қаратилган.
Қонунда давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими, манфаатлар тўқнашуви, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлинма, шахсий манфаатдорлик, яқин қариндошлар каби асосий тушунчалар киритилди.
АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР:
♦ давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими — давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси (контракт) асосида ёхуд сайлаб қўйиладиган ёки тайинланадиган лавозимларда ишлаётган бошқарув ходимлари;
♦ манфаатлар тўқнашуви —шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият.
МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ БЎЙИЧА МАХСУС БЎЛИНМА:
♦ шахсий манфаатдорлик — давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд у билан алоқадор шахслар ушбу ходим томонидан бевосита ёки билвосита қарор қабул қилиниши ёки ходимнинг ушбу жараёнда бошқача тарзда иштирок этиши натижасида олиши мумкин бўлган ҳар қандай наф ёки афзаллик;
♦ яқин қариндошлар — ота-оналар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотинлар, шунингдек, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари.
ҚУЙИДАГИ ШАХСЛАР ДАВЛАТ ОРГАНИНИНГ ЁКИ БОШҚА ТАШКИЛОТНИНГ ХОДИМИГА АЛОҚАДОР ШАХСЛАР ДЕБ ЭЪТИРОФ ЭТИЛАДИ:
♦ Ходимнинг яқин қариндошлари,
♦ Ходим ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс,
♦ Ходим ёхуд унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахсда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахс.
ОДОБ-АХЛОҚ КОМИССИЯСИ ВА УНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ:
♦ ушбу Қонунда белгиланган талабларга давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан риоя этилишини таъминлаш чораларини кўриш;
♦ манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг раҳбар ходимлари томонидан кўрилаётган чораларнинг етарлилиги (тўғрилиги) тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш;
♦ мавжуд манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳоллар устидан коллегиал назоратни амалга ошириш;
♦ ушбу Қонунда белгиланган талабларнинг давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимлари томонидан бузилишлари мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хизмат текшируви натижаларига кўра хулоса чиқариш;
♦ манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар қилмаган, била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот тақдим этган ёхуд бундай ахборотни яширган ходимни жавобгарликка тортиш ҳақида давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг раҳбарига таклиф киритиш.
МУВОФИҚЛИК ТИЗИМИ КОМПЛАЕНС ХИЗМАТИ ВАКОЛАТЛАРИ:
1. Аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳоллари тўғрисидаги ахборотни умумлаштириш;
2. Хизмат текширувини ўтказиш;
3. Тушунтириш ишларини амалга ошириш;
4. Декларацияларни ва хабарномани кўриб чиқиш натижаларига кўра одоб-ахлоқ комиссиясига таклифлар киритиш;
5. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида хулоса бериш;
6. Аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолларини таҳлил қилиш ва таклифлар ишлаб чиқиш;
7. Ҳар йилги ҳисоботларни тайёрлаш расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлаш.
МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИНИ ТАРТИБГА СОЛИНГАНЛИГИНИ ТЕКШИРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ:
♦ Йиллик декларация (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) — Ҳар йили 15 январга қадар тўлдирилади. Ҳар йили 15 февралга қадар умумлаштирилади ва таҳлил қилинади. Ҳар йили 1 мартга қадар аниқланган манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан одоб-ахлоқ комиссиясига таклиф киритилади. Одоб-ахлоқ комиссияси кўрилган чора етарлилиги ёки бошқа чора кўриш юзасидан хулоса қабул қилади.
♦ Хабарнома (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) — Ходимлар бевосита ёки билвосита қарор қабул қилиш вазиятига дуч келганда бевосита раҳбарига (ташкилот раҳбарлари – коррупцияга қарши ички назорат бўлимига) хабарнома берилади. Тартибга солиш юзасидан қабул қилинган қарорни одоб-ахлоқ комиссиясига уч иш куни ичида тақдим этилади. Одоб-ахлоқ комиссияси кўрилган чора етарлилиги ёки бошқа чора кўриш юзасидан хулоса қабул қилади.
♦ Алоқадор шахсларнинг декларацияси (манфаатлар тўқнашуви) – Алоқадор шахслар ташкилотга мурожаат қилганида декларацияда ходим тўғрисида маълумотни кўрсатиб ўтади. Ташкилотнинг махсус бўлинмаси манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш чоралари юзасидан одоб-ахлоқ комиссиясига киритади. Одоб-ахлоқ комиссияси кўрилган чора етарлилиги ёки бошқа чора кўриш юзасидан хулоса қабул қилади.
♦ Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ва аниқлашда иштирок этадиган ходимларга ишониб топширилган ёхуд уларга касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан маълум бўлиб қолган шахсларнинг ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАРИНИ ОШКОР ЭТИШГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ.
Давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг одоб-ахлоқ комиссияси мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувлари тўғрисида ҳар ярим йилда хулоса қабул қилади ҳамда уларни тартибга солиш бўйича кўрилган чораларнинг етарлилигини (тўғрилигини) кўриб чиқади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1934-моддасига асосан:
♦ Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахси ёки ходими томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида хабар бермаслик, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (1,7 млн сўмгача).
♦ Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (3,4 млн сўмгача).
♦ Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахсига маълум бўлиб қолган, манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўрмаслик, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (3,4 млн сўмгача).
♦ Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (5,1 млн сўмгача).
♦ Ушбу модданинг биринчи ва учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар давлат харидлари соҳасида содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (10,2 млн сўмгача).
Агарда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қарор қабул қилинган ёки битим тузилган тақдирда суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади, олинган фойда эса давлат даромадига ўтказилади.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Мувофиқлик тизими «комплаенс» хизмати