БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) доирасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш бўйича лойиҳа офиси директори Фазлиддин Шарафиддинов ўз фикрларини билдирди:
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбалари орасида шамол электр станциялари барпо қилишга жиддий эътибор бериб келмоқда. COP29 доирасида барча давлатлар энергия самарадорлигини ошириш, яшил энергияни ривожлантириш борасида ўз таклифлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг натижаси хусусидаги маълумотлари билан ўртоқлашмоқда.
Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё давлатлари ўртасида, балки бутун дунё бўйлаб яшил энергияга ўтиш борасида катта ташаббусларни илгари сурмоқда.
Хусусан, 2021-2022 йилларда 100-200 мегаватт қуёш ва фотоэлектр станциялари ишга туширилган, йилига 500 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бугунга келиб, ўтган 2023 йилда бошланган йирик ташаббуслар ҳисобига 2700 мегаватт яшил генерация қувватлари ишга туширилди ва электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.
Жорий йил якунига қадар ушбу қувватлар 4000 мегаваттга етиши, мазкур электр станциялар ва янги генерация қувватлари (“яшил” станциялар) 5 миллиард 740 миллион кВт соатга етказилиши режалаштирилган. Натижада газ тежалади, атмосферага 10 миллион тонна заҳарли газлар чиқишининг олди олинади.
Албатта, бу жуда яхши кўрсаткич саналади. Мамлакатимизда бошланган йирик ташаббуслар қўшни давлатлар бўлган Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон учун ҳам катта туртки берди.
Ўзбекистонда ишлаб турган 2 минг 700 мегаваттли генерация қувватлари Тожикистоннинг салкам 80 фоиз генерация қувватлари, Қирғизистоннинг қарийб 60 фоиз генерация қувватларига тўғри келади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) доирасида Қозоғистонда ҳам йирик қуёш ва шамол лойиҳаларини қуриш бўйича шартномалар имзоланиши кутилмоқда.
Алоҳида қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири бўлган Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси юртимизда биринчилардан бўлиб қуёш ва шамол лойиҳаларини амалга оширган. Шунингдек, Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси Ўзбекистондаги катта қуёш ва шамол лойиҳаларини амалга ошираётган халқаро ҳамкорлардан ҳисобланади. Шу билан бирга, Хитой Халқ Республикаси билан ҳам фаол алоқалар йўлга қўйилган. Ҳозирда Хитой Ўзбекистоннинг асосий шерикларидан бири десак муболаға бўлмайди.
Жаҳон бозорида нархларнинг пасайиши Ўзбекистонга инвестиция киритиш ҳажмининг кескин ошишига сабаб бўлади. Бу эса давлатга, халқимизга манфаатли бўлиб, нархларнинг тушиши, энг аввало арзон технологиялар кириб келиши, хизматлардан арзон фойдаланишга хизмат қилади. Бу орқали умумий электр энергия нархлари пасайишига ҳам эришиш мумкин.
2030 йилга қадар яшил иқтисодиётнинг ўсиши, инвестиция жозибадорлигини ошириш ва инвестиция дастурини таъминлашга эришиш кўзда тутилган. Шунингдек, 2030 йилгача ишга тушадиган барча қуёш, шамол ва электр энергияси сарфлашнинг манзилли рўйхати шакллантирилган, лойиҳалар тасдиқланган. Республикада 3 000 МВт қувватли шамол электр станцияларини қуриш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланди. Натижада Ўзбекистонда ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинадиган энергияни бошқариш, сақлаш ҳамда ягона энергетика тизими барқарорлигини таъминлаш имкони пайдо бўлади.
Бу нима беради?
Мазкур имкониятлар йилига 50 миллиард кВт соатдан ортиқ электр энергиясига эришиш имконини беради. Агар таққослайдиган бўлсак, 2015-2016 йилларда бутун Ўзбекистоннинг электр энергия истеъмоли 50 миллиард кВт соатга тенг бўлган.
2030 йилга келиб, қарийб 40 фоиздан ортиқ электр энергиясини қуёш, шамол ва гидро электр станциялари орқали олиш режалаштирилган. Бу табиий газ ёқишга қарамликнинг олдини олади. Иқлим ўзгаришига ижобий таъсир кўрсатади. Чунки, зарарли иссиқхона газларининг атмосферага чиқиши олди олинади. Табиий ресурслар келажак авлод учун сақлаб қўйилади.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА
Манба: https://uza.uz/uz/posts/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати