Коррупцияга қарши курашиш
“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати шакллантирилди
  • 19.11.2024
  • 35

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълум қилди.

I. Мамлакатимиз Президентининг шу йил 5 июнда қабул қилинган  мазкур қарори ва “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни ижроси доирасида 2024-йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан тасдиқланган “Йўл харитаси” ижроси доирасида  Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигида “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун ижросини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика идоралараро комиссияси фаолияти йўлга қўйилди, унинг асосий вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари белгиланди. Ушбу комиссиянинг ишчи органлари этиб Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Адлия вазирлиги белгиланди.

Комиссиянинг йиғилиш баёни билан “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати шакллантирилди.

Мазкур Рўйхатдаги давлат органлари ва ташкилотлари ўз тизимида Қонун татбиқ этиладиган ташкилот, муассаса ва акциядорлик жамиятлари, шу жумладан, давлат харидлари соҳасидаги муносабатларига татбиқ этиладиган юридик шахсларнинг рўйхати шакллантирилди.

Маълумот учун: Рўйхатга 27 та республика даражасидаги давлат органи ва ташкилоти, 71 та республика ижро этувчи ҳокимият органи, 10 та давлат мақсадли жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри, вилоятлар, туман-шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган 49 та хўжалик жамиятлари, унитар корхоналари киритилди.

Агар давлат органлари ва ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ қайта ташкил этилган, номи ўзгарган ёхуд янгидан ташкил этилган тақдирда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Рўйхатга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилиши белгиланди.

Қарорга асосан, Агентлик, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Қонунни амалга ошириш бўйича намунавий идоравий дастур ишлаб чиқилди ва Қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қабул қилиниб ижрога қаратилди.

II. Комиссияга Қонун кучга киргунга қадар унда белгиланган

талаблар ва механизмларнинг амалиётда ишлаши билан боғлиқ масалаларни давлат органлари ва ташкилотларида ишчи гуруҳларни тузган ҳолда ўрганилишини ташкил этиш юклатилди.

Шунга кўра, Комиссия томонидан ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, уларнинг вазифалари белгиланди:

Ҳусусан,

– Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳга – республика ижро этувчи ҳокимият органларида;

– Адлия вазири ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳга – маҳаллий давлат ҳокимияти органларида;

– Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳга – республика даражасидаги бошқа давлат органлари ҳамда устав фондида давлат улуши бўлган юридик шахсларда Қонун кучга киргунга қадар унда белгиланган талаблар ва механизмларнинг амалиётда ишлаши билан боғлиқ масалаларни ўрганиш ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини бартараф этилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Ишчи гуруҳлар томонидан давлат хизматчилари учун ўрнатилган чекловларга риоя этилишининг аҳволи тегишли саволнома ва жадваллар асосида ўрганилиб, қуйидаги натижаларга эришилди:

а) Маълумки, қонунчиликка кўра вазирлик ва идоралар, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши таъқиқланган бўлиб, Агентлик томонидан мазкур талабларга риоя этилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилди, ўрганишлар давомида жами 1488 нафар бошқарув ходими 1653 та тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланиб, Агентлик томонидан ходимларнинг тадбиркорлик субъектлари таъсисчилигидаги фаолиятини тўхтатиш чораларини кўриш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаслик ва келгусида шу каби ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида давлат органлари ва ташкилотларига 33 та тақдимнома киритилди.

б) Ўтган давр мобайнида Агентлик томонидан etender.uzex.uz электрон ахборот тизими орқали давлат харидларини амалга оширишда қонунчиликка риоя қилиниши масофавий ўрганилиб, жами   175,4 млрд сўмлик 127 та давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги, 22 та ҳолатда 23,9 млрд сўмлик давлат харидларида рақобатни чекловчи усуллар орқали ғолибликни қўлга киритилганлиги аниқланиб, ушбу давлат харидларининг натижаларини бекор қилиш бўйича тақдимномалар киритилди. 

Киритилган тақдимномалар асосида мазкур давлат харидлари бўйича расмийлаштирилган баённомалар ва шартномалар бекор қилинди.

Шунингдек, Ҳисоб палатасининг масофавий таҳлилларида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари 155 та давлат буюртмачиларининг 195,5 млрд сўмлик 1400 та шартномалар давлат харидлари соҳасида қонунчилик талабларига зид равишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда тузилганлиги маълум бўлди.

Қонунбузилишига йўл қўйган 125 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар судга юборилди.

III. Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Агентлик томонидан давлат идоралари ва ташкилотлар ходимларини манфаатлар тўқнашуви бўйича билим ва кўникмаларни баҳолаш учун тест саволлари ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлигининг махсус test.adliya.uz сайтига жойлаштирилди. Бугунги кунга қадар давлат идоралари ва ташкилотларнинг 95600 нафардан ортиқ ходими тест синовларини топширди.

Тест натижалари бўйича тасдиқланадиган режа-жадвал асосида ҳар ойда давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ходимлар учун ўқув машғулотлари ташкил этилиши белгиланиб, ҳозирга қадар Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ва Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан 67та ташкилотнинг 30760 нафар ходимлари ўқитилди.

IV. Қонунчилик ҳужжатларини Қонун талабларига мувофиқлаштириш мақсадида қонун ҳужжатлари лойиҳалари пакети шакллантирилиб, тегишли қонун лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.

V. Қарорда тадбиркорлик билан шуғулланаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартибини белгилаш назарда тутилган. Шу сабабли, Адлия вазирлиги томонидан “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилди.

VI. Агентлик, Академия ва Адлия вазирлиги томонидан давлат хизматида юзага келадиган манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, уларни бартараф этиш чоралари бўйича миллий қонунчилик ва халқаро стандартларга асосланган услубий қўлланма, ходимлар учун манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар ва бундай вазиятларда кўриладиган чоралар бўйича иллюстратив тарқатма материаллар тайёрланди ва Қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотларига фойдаланиш учун юборилди.

VII. Халқаро экспертларни жалб этган ҳолда “Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар ва манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг намунавий шаклларини тасдиқлаш ҳақида”ги Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг буйруғи Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

VIII. Агентлик томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлашда фаол ёрдам берган шахсларга ундирилган жариманинг 50 фоизи миқдорида мукофот пули беришни назарда тутувчи “Манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлашда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳозирда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.

 “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга оид қонунчилик талабларини ходимлар ва кенг жамоатчиликка тушунтиришга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>