Янгиликлар
ТРАНСФОРМАЦИЯ - энергия таъминоти барқарорлигида унинг аҳамияти юқори
  • 07.11.2024
  • 70

Барқарор энергия одамларнинг яхши яшаши учун энг зарур манбалардан. Шу боис, кейинги йилларда бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам энергетика тизимини модернизация қилиш, таъминотни яхшилаш ҳамда соҳада тежамкорликни оширишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун зарур шарт-шароит яратилиб, ҳуқуқий асослар мустаҳкамланяпти. Ҳамкорликдаги лойиҳаларга қўл урилмоқда. Бинобарин, электр энергиясига талаб йил сайин эмас, кун сайин ортиб бормоқда. Мамлакатимиз энергетика тизимида 2030 йилга бориб умумий қуввати 25 минг 57 мегаватт бўлган 47 та электр станцияси (шундан 35 таси қуёш ва шамол, 12 таси иссиқлик электр станцияси) ишга туширилиши режалаштирилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар намунасидир.

Сўнгги пайтларда аҳолининг энергияга мавсумий эҳтиёжи кескин ошиб бораётир. Бу барча электр тармоқларини, яъни генерация жараёнидан тортиб электр энергияси транспортировкаси ҳамда тақсимлаш жараёнини ҳам яхшилашни тақозо этади. Энергетика тизимида самарадорлик таъминланмай, барқарор энергия таъминотига эришиб бўлмайди. Қолаверса, кескин иқлим ўзгариши, аномал иссиқ ва совуқ туфайли кузатилаётган ҳолатлар энергия таъминотидаги турли камчиликларни юзага чиқармоқда.

Таҳлилларга кўра, сўнгги етти йилда янги қурилган электр узатиш тармоқлари ҳажми 1991 — 2016 йиллар оралиғидагига нисбатан 8,5 баробар кўп. Аниқроғи, 2017–2023 йилларда республикамиз бўйлаб 79 минг 675 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари янгиланган. 1991–2016 йилларда эса бор-йўғи 9 минг 300 километрлик электр узатиш тармоқлари модернизация қилинган, холос.

— Сўнгги 7-8 йилда магистрал электр тармоқлари ва подстанцияларни ривожлантириш бўйича улкан лойиҳалар амалга оширилди, — дейди “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси матбуот котиби Улуғбек Урунов. — Мисол учун, 2017 йилдан то шу кунга қадар юқори кучланишли подстанцияларнинг ўтказувчанлик қуввати 7000 мегавольт ампердан зиёдроқ кўрсаткичга оширилди. Таққослаш учун: 2005 йилдан 2017 йилгача бу кўрсаткич 10 баробар кам (700 мегавольт ампер атрофида) бўлган. Юқори кучланишли подстанциялар сони эса 2017 йилга қадар 75 та бўлган бўлса, ҳозир уларнинг сони 90 тага етган. Охирги йилларда қурилаётган замонавий подстанциялар рақамли технологиялар асосида ишлайдиган дастур, қурилма ва жиҳозлар билан бойитилиб, уларга “рақамли подстанция” мақоми берилмоқда. Бу мамлакатимизда барқарор энергетика масаласи доимий эътиборда эканидан, тизимни янада яхшилаш йўлида аниқ мақсадли лойиҳа ва дастурлар ижроси изчил таъминланаётганидан далолат беради.

Бу яқинда давлатимиз раҳбари бошчилигида электр энергетикаси соҳасини трансформация қилиш, ҳудудлардаги электр тармоқлари бошқарувига хусусий операторларни жалб қилиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда ҳам алоҳида таъкидланди. Президентимиз охирги йилларда электр энергияси ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш жараёнлари алоҳида компанияларга ажратилиб, инвестиция учун имкониятлар яратилганини қайд этди.
Тўрт таянч ташкилот — “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари” ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятлари халқаро кредит рейтинги олишга эришгани айтилиши баробарида, эндиги вазифа трансформация орқали рақобатли компанияларга айланиш экани қайд этилди.

Ривожланиш, ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Янгиликлар бисёр. Бу эса ҳар бир жамоадан замонга мос ишлашни талаб этади. Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан жорий йил охиригача 23 та инвестиция лойиҳаси доирасида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 430,9 миллион доллар ўзлаштириш режалаштирилган бўлса, шунинг 161 миллион доллари давлат кафолати остидаги чет эл маблағи, 203,4 миллион доллари бошқа хорижий инвестициялар, 62,2 миллион доллари ўз маблағлари ҳамда 4,3 миллион доллари тижорат банклари кредитларидир. Ушбу маблағларнинг асосий қисми лойиҳаларга йўналтирилган. Йил якунига қадар 10 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилади. Бунинг натижасида 595 километр узунликдаги 220–500 киловольтли ҳаво электр узатиш тармоқлари ҳамда 1877 мегаватт қувватга эга 4 та янги подстанция ишга туширилади, 4 та подстанцияни модернизация қилиш ҳисобига эса уларнинг қуввати 909 мегавольт амперга оширилади.

Бу борадаги ишлар келгуси йилда ҳам давом эттирилади. Умумий қиймати 259,2 миллион долларлик лойиҳалар ҳисобига 486,9 километр узунликдаги 220–500 киловольтли электр узатиш тармоқлари ва 2352 мегавольт ампер кучланишли 4 та янги подстанция қурилади. 2 та подстанциянинг қуввати 200 мегавольт амперга оширилади. Бундан ташқари, 2025 йил инвестиция дастурига умумий қиймати 387,5 миллион доллари бўлган 5 та истиқболли лойиҳа ҳам киритилган.

 

 

Электр энергиясига ортиб бораётган талабни қоплаш, аҳоли, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш самарадорлик ҳамда трансформация жараёни билан бевосита боғлиқ. Шу мақсадда жорий йилда асосий фаолиятга оид бўлмаган шуъба корхоналарини оптималлаштириш ҳисобига тизим ташкилотлари сони 30 тадан 19 тага қисқарди. Натижада 29,3 миллиард сўмлик харажат қисқарди. Жамият таркибидан электр энергиясини марказлашган ҳолда харид қилиш ва сотиш функцияси янги ташкил этилган “Ўзэнергосотиш” акциядорлик жамиятига ўтказилди.

Харидлар жараёни шаффофлиги таъминланди. Барча харидлар коррупциявий рискларни минималлаштириш ва инсон омилини қисқартириш мақсадида электрон савдо тизимлари орқали амалга оширилмоқда. Шунингдек, харидлар тизимини рақамлаштириш бўйича махсус дастурий таъминот тизимини ишлаб чиқилди.

Тошкент давлат техника университети олимлари билан ҳамкорликда магистрал электр тармоқлари орқали электр энергиясини узатишдаги технологик сарфни ҳисоблаш дастури тайёрланди. Олий ўқув муассасасида ишлаб чиқаришда хизмат қилиб келаётган муҳандислар талаба ва ўқитувчилар учун “маҳорат дарслари” ўтиб бермоқда. Келгуси йилдан экология, ижтимоий сиёсат ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойили жорий этилади.

Келинг, бу тамойиллар нималарни англатади, шу масалаларни бирма-бир кўриб чиқайлик. Экология тамойили компаниянинг атроф-муҳитга қанчалик қайғуришини ҳамда экологияга етказилаётган зарар миқдорини камайтиришга қаратилган ҳаракатларни белгилайди. Ижтимоий сиёсат тамойили эса компания ходимлари, етказиб берувчилар, мижозлар ва истеъмолчиларга муносабатни кўрсатади. Маҳаллий ва халқаро стандартларга жавоб бериш учун корхоналар меҳнат шароитини яхшилаш устида ишлаши, бу борада мониторинг юритиш ва мониторинг натижаларига кўра таҳлил қилиш, шунингдек, гендер мувозанатни кузатиши ёки ижтимоий лойиҳаларга сармоя киритиши лозим.

Корпоратив бошқарув тамойили компания бошқаруви сифатига таъсир қилади. Ҳисоботлар шаффофлиги, бошқарувга тўланадиган маош миқдори, бошқарувдаги соғлом муҳит, акциядорлар билан муносабатлар, коррупцияга қарши чоралар шулар жумласидан.

Шунингдек, хорижий аудит компанияларини жалб қилган ҳолда корхоналарда коррупцияга қарши курашиш тизимларининг самарадорлигини ўрганиш бўйича харидлар жараёни форензик аудит, яъни корпоратив фирибгарлик, ходимларнинг нотўғри хатти-ҳаракати ва компаниядаги коррупцияни аниқлашга қаратилган хизматлар мажмуаси таҳлилий ўрганишлардан ўтказилади. Шу билан бирга, халқаро консультантлар иштирокида 2030 йилгача рақамлаштириш стратегияси ишлаб чиқилади.

Йирик лойиҳалардан ҳисобланадиган диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш бўйича янги техник-дастурий комплекс (SCADA), электр энергиясини бошқариш тизими (EMS) ҳамда ресурсларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими (ERP)ни жорий этиш бўйича ҳам ишлар давом эттирилмоқда. Мазкур лойиҳалар 2025 йил якунига қадар тўлиқ жорий этилиши режалаштирилган.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Трансформацияни амалга ошириш бўйича лойиҳа офиси бошлиғи Баҳром Мавлоновнинг қайд этишича, трансформация жараёнлари кам ишчи кучи ва иқтисодий ресурслар билан юқори самарадорликка эришишнинг муҳим омилдир.

— Трансформация ишлари шу талаблардан келиб чиқиб, давом эттирилмоқда, — дейди Баҳром Мавлонов. — Бу жараён қандай тартибда амалга оширилади ва қайси йўналишлар учун муҳим? Транформация иқтисодий ва инсон ресурсларидан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, тизимга рақамли технологиялар ҳамда дастурий таъминотларни жорий қилишни янада жадаллаштиради. Бошқарув ва технологик жараёнларда инсон омилини қисқартириб, адолатли тизимларни яратиш, коррупциянинг олдини олиш, ишлаб чиқаришда таннархни пасайтириш, операцион самарадорликни ошириш, электр энергетика тизими ишончлилиги ва хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим ижтимоий, иқтисодий ва технологик жараёнларни ўз ичига олади.

Қисқаси, трансформация жараёни иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва инвестициявий жозибадорликни оширишда муҳим босқич. Шу сабабли ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар жамият фаолиятини замон талаблари даражасида ташкил этиш, халқаро бозорга чиқиш ва қатор инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда кенг имконият яратади.

Президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда тақсимлаш тармоқларини хусусий шериклик асосида инвесторларга бериб, уларни модернизация қилишга 4 миллиард долллар инвестиция жалб қилиш мумкинлиги айтилди. Шу мақсадда 2025 йилда Самарқанд, Жиззах ва Сирдарёдаги тармоқлар бошқарувига хусусий операторларни жалб этиш режалаштирилмоқда.

— Кўплаб хорижий мамлакатларда энергия ресурслари таъминоти, хусусан, электр энергияси ҳам бир нечта операторларнинг ўзаро рақобати доирасидаги таклифлар орқали амалга оширилади, — дейди Улуғбек Урунов. — Бу жараён мамлакатимиз истеъмолчилари учун ҳозирча нотаниш тушунча. Буни мобил алоқа операторларининг жозибадор таклифлари ва хизмат сифатини ошириш учун маркетингга асосланган иш услубига таққослаш мумкин. Бунинг афзалликлари Хитой, Грузия тармоқ операторлаш фаолиятида учрайди. Тармоқлар бошқаруви хусусий операторларга ўтказилганда истеъмолчилар ўзи учун қулай ва ҳамёнбоп тариф турлари бўйича энергия ресурслари таъминотчилари билан шартнома имзолайди. Энг муҳими, хизмат сифати юқори бўлишини талаб қилади. Акс ҳолда шартнома шартларида белгиланган жарималар ишга тушади ва хизмат сифатини зарур даражага етказмаган операторлар рақобат тамойили асосида бошқа операторга фойдасини бой бериши, яъни истеъмолчи бошқа операторни танлаб, у билан шартнома тузиши мумкин.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти энергетика тизими ташкилотлари қаторида фаолияти учун замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш ва қўллаш, харажатларини қисқартириш, даромад ва инвестициявий жозибадорликни ошириш, халқаро бозорларга чиқиш, шунингдек, жамиятнинг истиқболдаги ривожи учун соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишда трансформация қилиш учун барча шароитларни яратиб бормоқда.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Манба: https://t.me/yuz_official/53789

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>