Янгиликлар
uza.uz — Мавсум беталафот ўтиши учун ҳозирлик кўрилмоқда – “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ (+видео)
  • 10.10.2024
  • 37

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан “Магистрал электр тармоқлари ҳамда юқори кучланишли подстанцияларнинг 2024-2025 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари” юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумида электр қурилмаларини барқарор ишлашга тайёрлаш тўғрисида 22-банддан иборат чора-тадбирлар белгилаб олиниб, олдинги мавсумда содир бўлган авариявий ўчишлардан, йўл қўйилган камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда электр узатиш тармоқлари тўлиқ кўрикдан ўтказилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича барча чоралар кўрилди. Барча подстанция ва электр узатиш тармоқларига масъул ходимлар бириктирилган.  

 

Шунингдек, мавсумни беталафот ўтказиш борасида қуввати 736 мегавольт•ампер бўлган 10 та трансформатор, 34 та ўчиргич, 4 та компрессор қурилмаси, 941,4 км. узунликдаги электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди ҳамда “Ўзэнергоинспекция” кўригидан ўтказилиб, мавсумга тайёрлик далолатномалари расмийлаштирилди. 310 та трансформатор, 1677 та ўчиргич, 12 та компрессор қурилмаси ва 5490,2 км. узунликдаги электр узатиш тармоқлари жорий таъмирланди. Трансформаторларнинг совитиш тизимидаги 113 та двигатель таъмирланди ва 66 та янги двигатель ўрнатилди. 220-500 киловольт кучланишли 12 250 км. тармоқ кўрикдан ўтказилди ҳамда 721 та қушларга қарши мослама, 6000 тадан ортиқ изолятор ўрнатилди, чақмоққа қарши тросслар ва контур ерлагичлари текширилди. Доимий равишда электр узатиш ҳаво тармоқлари ва подстанция электр қурилмаларининг контакт бирикмалари тепловизор қурилмалари ёрдамида кўрикдан ўтказилди ва 200 тадан ортиқ аниқланган қизишлар бартараф қилиниб, фавқулодда ҳолатларнинг олди олинди.  

Авариявий ҳолат содир бўлганда ҳолатни зудлик билан бартараф этиш мақсадида, бориш қийин бўлган таянчларгача, жумладан, тоғли, қир-адирли ҳудудларда йўлаклар барпо этилди. Шу билан бирга, дарё ўзанларида ва тоғ ёнбағирларида жойлашган таянчларнинг сел-тошқин таъсирига тушишининг олдини олиш чоралари (қўшимча ариқлар барпо этилди) кўрилди. 

Бундан ташқари, учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланиш жорий этилган бўлиб, ҳозирда 656,7 км. электр узатиш тармоқларида ва 2000 тадан ортиқ таянчда кўрик ишлари олиб борилди.    

Учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланиш 110-500 киловольт кучланишли электр узатиш тармоқларида олиб бориладиган кўрик ишларининг самарадорлигини ошириш, яъни бориш қийин бўлган ҳудудлар, муҳофаза зонасидаги янги қурилишлар, дарахтзорларни аниқлаш ҳамда авариявий ҳолатлар содир бўлганда электр тармоғининг шикастланган жойини қисқа муддатларда топишга ёрдам беради.   

Гулноза Бобоева,

Рустам Назарматов (сурат, видео), ЎзА

Манба: https://uza.uz/

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>