Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: «Тавсия: Давлат ташкилотларининг бино ва офисларида иш соатининг маълум бир соатида “тежамкорлик соати” жорий этилса...»
  • 24.07.2024
  • 146

Мурожаат эгаси: Ҳайдаров Умидулла Ҳасан ўғли, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

Электрон почта: haydarovumidulla@gmail.com

Мурожаат мазмуни:  Ассалому алайкум, ҳурматли электр тармоғи! Менинг энергия тежамкорлиги бўйича шахсий фикрим, тавсияларим бор эди. Республикамизда мавжуд давлат ташкилотлари бино ва офисларида кун давомида, яъни кунлик кундузги иш жараёнида, иш соатининг маълум бир соатида, яъни (10,20,30..........60 daqiqa) «Тежамкор соатлик» ёки «Тежамкор корхона», «Тежамкор вазирлик», «Тежамкор идора» деб аталадиган шунақа бир вақт жорий этилса. Кун давомида маълум бир миқдорда энергия тежалади, деган фикирдаман. Электр энергия тўхтатилган ушбу вақтда ходимлар ўртасида ўзаро фикр алмашиш ёки кутубхона ташкил қилинса, ўша ерда вақтларини унумли ўтказишса, ҳаммага маъқул бўларди.

Бу, албатта, кунлик иш жараёнига қанчалик салбий таъсир қилади ёки таъсири камроқ бўлишини ҳар бир ташкилот ёки идора ўз иш фаолиятидаги юкламалар ҳисобини олиб, кейин режали бир тизим асосида фаолиятига киритса, жуда ҳам маъқул ва Давлатимиз манфаатига муносиб иш бўлар эди. Бу таклиф, албатта, меҳнат қонунчилигига зид бўлмаган ҳолатда амалга оширилса, электр энергиясини маълум бир миқдорда тежаган бўламиз. Бу бўйича ўзимнинг шахсий режа ва яна таклифларим ҳам бор. Раҳмат!

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро, Ҳайдаров Умидулла Ҳасан ўғли! Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайти «Мурожаатлар» рукни орқали юборган сўровингиз тегишли тартибда қабул қилинди. Фикрингиз ҳамда тавсияларингиз учун ташаккур, мурожаатингиз мазмуни энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги йўналишида фаолият юритадиган мутахассисларга етказилди.

Ахборот хизматидан мурожаат мазмунида келтирилган таклифларга муносабат: Энергия ресурслари улардан фойдаланиш учун яратилган. Тежамкорлик — фойдаланилмай турган пайтда энергия ресурсларини тармоқдан узиб қўйиш билан ифодаланса, самарадорликка камроқ энергия ресурслари эвазига кўпроқ иш бажариш билан эришилади. Энергия тежамкорлиги ва самарадорлигига эришиш учун иш вақтида энергия ресурсларини маълум бир муддатга тармоқдан узиб қўйиб тежаш, яъни меҳнат фаолиятини давом эттирмасдан ўзаро фикр алмашиш ёки китоб мутолаа қилиш билан вақт ўтказиш орқали эришиш — мантиқсиз ва, ўзингиз таъкидлаб ўтганингиздек, меҳнат қонунчилиги талабларига зид.

Агар иш жойида меҳнат унумдорлигини оширишга қаратилган тадбирлар амалга оширилса, бунинг эвазига ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки кўрсатилаётган хизмат бирлиги сезиларли даражада ошса, меҳнат унумдорлиги кўрсаткичи энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатади. Негаки, белгиланган вақт оралиғида ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ошган ва бунга сарфланган энергия ресурсларининг маҳсулот (хизмат) бирлигига нисбати камайган бўлади.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>