Янгиликлар
Тежамкорлик – энергиядан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг асосий омили
  • 25.07.2024
  • 153

Маълумки иқтисодиёт тармоқлари ривожланиб турмуш даражаси яхшилангани сари энергияга талаб ҳам ошиб боради. Маълумотларга кўра сўнгги 6 йилда мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб камида 35 % га ошган ва бу йилдан йилга ортиб бормоқда.

Мутахассисларнинг фикрича миллий иқтисодиётимизнинг энергия сарфи даражаси ривожланган давлатларникидан 2 – 2,5 баробар юқори. Энергия ресурсларининг катта йўқотишлари уй-жой секторида ҳам юз бермоқда. Европада 1 квадрат метр учун энергия истеъмоли йилига 120 – 150 киловатт-соатни ташкил қилаётган бўлса, мамлакатимизда бу кўрсаткич 390 киловатт-соатдан ошаяпти.

Жаҳон тажрибаси тасдиқлайдики, йилдан йилга ортиб бораётган электр энергиясига бўлган талабни фақат электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига қондириб бўлмайди. Барча мамлакатлар у ёки бу тарзда унинг истеъмолини тартибга солиш заруратига дуч келяпти.

Мамлакатимизда бу борада кўрилаётган чоралар, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан истеъмолчилар зиммасидаги масъулиятлар нималардан иборат, истеъмолчи қандай қилиб энергиядан тежаб фойдаланиши мумкин?

Айни шу масалалар юзасидан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқарув раисининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Улуғбек Урунов иштирокида энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш усуллари бўйича Транспорт вазирлигида брифинг ўтказилди.

Брифингда вазирлик марказий аппарати ходимларига иш жойи ҳамда ўз хонадонларида электр энергиясини қадрлаб, тежаб ўз ўрнида фойдаланиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.  

Манба: https://www.mintrans.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>