Янгиликлар
uzbekistonmet.uz — Халқаро тендер ғолиби билан шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтди
  • 19.07.2024
  • 106

Бугун, 2024 йил 19 июль куни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида халқаро тендер ғолиби — Озарбайжоннинг “AZENCO” ОАЖ компанияси билан шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унда оммавий ахборот воситаси вакиллари ҳам иштирок этишди. ОАВ вакилларига интервью берган вакиллар Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлиги, энергетика соҳасидаги келишувлар, лойиҳанинг аҳамияти ва электр таъминоти барқарорлигини таъминлашдаги ўрни ҳақида батафсил маълумот беришди.

 Ғолиби аниқланган тендер натижасига кўра, энди Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятларида жойлашган 110 кВ 3 та подстанция модернизация ва реконструкция қилинади ва қуввати оширилади.

Магистрал электр тармоқлари ва подстанцияларини ривожлантириш, соҳага рақамли технологияларни жалб қилиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ягона энергетика тармоғига интеграция қилиш мақсадида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан Жаҳон банки иштирокида “Электр энергетика секторини трансформация қилиш ва барқарор электр узатиш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳанинг бир қисми сифатида республика бўйлаб 110-500 кВли 22 та подстанцияда модернизация ва реконструкция ишларини олиб бориш режалаштирилган.

Жумладан, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятларида жойлашган
110 кВ кучланишли “2 А”, “Хазорасп” ва “Чиноз” подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича халқаро тендер савдолари ўтказилди. Натижада Озарбайжоннинг “AZENCO” ОАЖ компанияси ғолиб деб топилди ва 2024 йил 19 июлда ғолиб компания билан шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур подстанциялар ишга туширилганига 50 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлиб уларнинг тўлиқ модернизация ва реконструкция қилиниши натижасида қарийб 100 МВА қўшимча қувват яратилади. Бу ўз навбатида Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятларидаги аҳоли ва саноат истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлаш ишончлилигини бир неча баробар оширади.

Ўз навбатида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамият қаратилмоқда. Озарбайжоннинг “AZENCO” ОАЖ компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа, икки давлат ўртасидаги дўстлик ва иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилади. Шунингдек, келгусида энергетика соҳасида давлатлараро ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратади.

 

 

 

https://uza.uz/uz/

https://www.uzdaily.uz/

https://t.me/sputnikuzbekistan/

https://t.me/sputnikuzbek/

https://t.me/minenergy_uz/

https://yuz.uz/uz/

https://yuz.uz/kz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>