Ижтимоий тармоқларда юридик истеъмолчилардан электр энергияси учун тўловларда белгиланган лимитдан ошган ҳар бир кВт учун икки баробар миқдорда маблағ ундирилаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди.
Мазкур хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 319-сонли қарори асосида тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 85-бандига асосан, ҳисоб-китоб даврида юридик истеъмолчилар томонидан электр энергияси истеъмоли шартномавий миқдордан 10 фоиз ва ундан ортишига йўл қўйилган тақдирда, ортиқча истеъмол қилинган электр энергияси учун белгиланган тарифнинг икки баравари миқдорида қўшимча тўлов ундирилиши қайд этилган.
Шу билан бир қаторда, мазкур қоидаларнинг 5-бандига асосан, истеъмолчилар ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига истеъмол қиладиган электр энергияси ҳажми ўзгариши тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритиш, бунда электр энергиясининг шартномадаги ҳажмини ўзгартириш бўйича таклиф ҳисобот ойи бошланишидан 10 кун олдин берилиши кераклиги кўрсатиб ўтилган.
Таъкидлаш жоизки, амалдаги бу тартиб жорий йилда эмас, олдинги меёрий ҳужжатларда ҳам (Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22 сонли қарори 67-банди) қайд этилган бўлиб, юридик истеъмолчиларнинг доимий истеъмол қувватлари шартнома бандларида келтириб ўтилган.
Ушбу амалдаги тартибни кўплаб хорижий давлатлар тажрибасида ҳам кузатиш мумкин. Мисол учун, Хитой, Туркия ва Россия каби давлатларда истеъмолчиларнинг шартномада белгиланган миқдордан ошганда электр энергияси кейинги диапазоннинг юқори нархларида тўланади.
Маълумки, электр энергияси бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқарилиши ва истеъмол қилиниши билан тавсифланадиган алоҳида товар ҳисобланади. Яъни, истеъмолчи томонидан истеъмол қилишга рухсат этилган қувватнинг оширилиши туфайли авария ҳолати юзага келиши ёки электр тармоқлари корхоналарининг электр тармоғи хўжалиги объектларига зарар етказиши ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда, юридик истеъмолчилар томонидан аниқ истеъмол қувватлари бўйича келишилади ҳамда шу асосда электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилади.
Бундан асосий мақсад – энергетика объектларининг ички тармоқ электр энергияси истеъмолининг прогнози, яъни корхоналарнинг электр энергияси ишлаб чиқариш эҳтиёжлари, белгиланган тартибда тасдиқланган объектларга узатиш бўйича технологик сарфи ҳар йили умумлаштирилади ҳамда келгуси йил учун электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш балансини шакллантиришда асосий омил ҳисобланади.
Бугунги кунда электр энергиясининг катта қисми (75-80 фоизи) қимматли хомашё ҳисобланадиган табиий газни ёқиш ҳисобига ишлаб чиқарилади. Бу жараёнда иссиқлик электр станциялари ҳам шартнома шартларига асосан табиий газни харид қилади ва уни ёқиб, электр энергия ишлаб чиқаради.
Шу боис, йил бошида барча юридик истеъмолчилар томонидан берилган таклифларга асосан (тадбиркорлик субъектларининг таклифлари ҳам) электр энергиясини ишлаб чиқариш баланси тасдиқланади ва шу бўйича газ қазиб чиқарувчи, етказиб берувчи, электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ҳамда етказиб берувчи корхоналар ўртасида ўзаро шартнома имзоланиб, ишлар ташкил қилинади. Бунда тадбиркор аввал ўзи берган электр энергияси талабидаги ҳажмни оширганда электр станцияси яна қўшимча ёқилғи харид қилиш учун шартнома тузади ва бунда у ҳам бозор муносабатларида харид қилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юқорида таъкидланганидек, электр энергияси бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқарилиб, истеъмол қилиниши билан тавсифланади. Агар белгиланган нормалардан ортиқча ёки кам ишлаб чиқарилса, умумий энергетика тизимида мувозанат йўқолиши ва бунинг натижасида йирик ҳажмдаги аварияларга олиб келиши мумкин. Шу боис, электр энергиясини ишлаб чиариш ва етказиб беришда алоҳида истеъмол баланслари шакллантирилган ҳолда ишлар олиб борилади.
Қайд этиш лозимки, юқоридаги тартиб-қоидаларнинг жорий этилганлиги муаммоларни бошқаларнинг ҳисобидан ечиш эмас. Аксинча, барча энергетика корхоналарининг ягона мақсади – истеъмолчиларга сифатли ва барқарор электр энергиясини етказиб бериш ҳисобланади.
Манба: https://gov.uz/uz/minenergy/news/view/16670/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати