Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: «Иш йўқ, ҳаммаси стаж сўрайди. Саволим шундан иборатки, идоралар ишга олмаса, стажини қандай оламиз?»
  • 09.07.2024
  • 175

Мурожаат эгаси: Эргашов Жўрабек Ғофурович.

Электрон почта: jurabekergashov2001@gmail.com

Мурожаат мазмуни:  Ассалому алайкум! Ўқишни яқинда тугатган ёш муҳандисларга деярли ҳеч қайси идорада иш йўқ, ҳаммаси стаж сўрайди. Саволим шундан иборатки, идоралар ишга олмаса, стажини қандай оламиз? Стаж учун ўрганиш дастури ҳам тузилмаган. Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро, Эргашов Жўрабек! Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайти «Онлайн маслаҳатчи» рукни орқали юборган сўровингиз тегишли тартибда қабул қилинди.

Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозимки, Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг «Мурожаатлар» рукни орқали юборган аввалги мурожаатингизга ҳам тегишли тартибда жавоб берилиб, жавоб мазмуни электрон почта манзилингизга юборилиши билан бирга uzbekistonmet.uz веб-сайти «Мурожаатлар» рукни орқали ҳам эълон қилинган эди.

23.02.2024 — Мурожаатчи: «Энергетика соҳасида ишга жойлашиш учун иш малакаси ва тил билиши мажбурийми? Булар суҳбатда инобатга олинадими?»

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/4920

«Онлайн маслаҳатчи» рукни орқали берилган жавоб матни: Ва алайкум ассалом! Иш-тажриба, асосан, бошқарув функциясига эга ташкилотларга ишга кирмоқчи бўлган номзодларга қўйилади ва бу тўғри. Олийгоҳни ёки ўрта-махсус ўқув юртини тамомлаган мутахассис қуйи корхоналарда ишлаб, иш-тажриба орттириб, карьера зинасидан кўтарилиб, кейин мутахассислар тавсиясига кўра бошқарув функциясига эга бошқармаларга ишга ўтиши мақсадга мувофиқ.

Қўшимча изоҳ: Нафақат энергетика соҳасида, балки барча соҳа ва йўналишларда ҳам ҳар бир лавозим учун қўйиладиган алоҳида малака талаблари мавжуд бўлиб, бу ўша лавозим эгасининг зиммасига юклатиладиган вазифа-мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

 

Олийгоҳни битирган талаба ўз иш тажрибасини маълум бир соҳанинг бошқарув органидан бошлаши — жуда кам ҳолларда кузатиладиган ҳолат. Негаки, маълум бир ташкилотнинг юқори бошқарув тизимидаги штат бирликлари қуйи тизимда фаолият юритаётган ишчи-ходимларни маъмурий бошқариш учун тузилган бўлиб, табиийки, мазкур мутахассис маълум иш тажрибаси ва билим-кўникмаларга эга бўлган мутахассис бўлиши лозим.

 

Мисол учун, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Марказий бошқарув аппаратида мавжуд бўш иш ўринларига ишга кирмоқчи бўлган номзодлар учун малака тажриба талаблари қўйилади. Ушбу бўш иш ўрни штат бирлигининг вазифа-мажбуриятларида қуйи ташкилот ишчи-ходимлари — Магистрал электр тармоқлари филиаллари мутахассислари билан ишлашда айнан шу талаб, яъни билим-тажриба салоҳияти ҳудудий бўлинмадаги мутахассислардан кам бўлмаслиги лозим, ҳатто бироз юқори бўлиши мақсадга мувофиқ. Шу жиҳатни эътиборга олиб, Сиз расмий веб-саҳифамиз ва унинг ижтимоий тармоқ саҳифаларида эълон қилиб борилаётган ҳудудий тузилмаларимиз бўш иш ўринларига таклиф эълонларини ҳам кузатиб боришингизни тавсия этамиз.

 

Бўш иш ўринларига номзодлар билан суҳбат ўтказиш жараёнида, энг аввало, номзод таржимаи ҳоли, яъни унинг маълумоти, мутахассислиги ҳамда таҳсил олиш ва меҳнат фаолиятининг бўш иш ўрни лавозимига қўйилган малака талабларига мослиги инобатга олинади. Ходимнинг, даставвал, давлат тилини мукаммал билиши, ўз мутахассислиги бўйича яхши кадр бўлиши, сўнг хорижий тилларини билиши суҳбат жараёнида устунлик бериши мумкин.

 

Мурожаатингизга жавоб ўрнида, сизга шуни маълум қиламизки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг kadr_nes@uzbekistonmet.uz электрон почтаси орқали тегишли ҳужжатларингизни, қайси бўш иш ўрнига ишга кириш учун юбораётганингизни белгилаб (шу бўш иш ўрнига ишга қабул қилиш учун қўйилган талабларга мувофиқ келишингизни билган ҳолда) юборган бўлсангиз, у албатта Ходимлар билан ишлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилади.

 

Маълумот ўрнида: «Онлайн резюме» https://www.uzbekistonmet.uz/uz/appeal/resume.

 

МАНЗИЛ: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Осиё кўчаси, 42-уй. Мўлжал: Юнусобод тумани ҳокимияти.

Мурожаат учун: 71-236-6615.

Веб-сайт: uzbekistonmet.uz

Электрон почта: kadr_nes@uzbekistonmet.uz

 

Ходимлар билан ишлаш бошқармасидан мурожаат:

Ташкилотимиз магистрал электр тармоқлари йўналиши бўйича (электр энергетика тармоғида қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция, таъмирлаш-тиклаш ишлари) фаолият олиб боргани боис, номзодлар олий таълим муассасаларининг энергетика йўналишини битирган бўлиши талаб этилади.

Бўш иш ўринларини малакали кадрлар билан тўлдириш жараёни шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида, биз ҳар ойда тўпланган резюме-объективкаларни жамлаб, тегишли хизмат, бўлим ва бошқарма бошлиқларига тақдим этамиз. Тақдим этилган маълумотномалар мутахассислар томонидан ўрганилиб, атрофлича кўриб чиқилади. Таржимаи ҳолдаги маълумот-кўрсаткичлар мутахассисларга маъқул келса, номзод бевосита суҳбатга чақирилади.

Шундан сўнг бўш иш ўрни бўйича раҳбариятга ушбу мутахассиснинг номзодини тавсия этилади ва ишга қабул қилинади.

 

Маълум бир бўш ўринларига ҳужжат топширган номзодлар суҳбатга чақирилаётгани (санаси ва вақти) Акциядорлик жамиятининг расмий-веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилиб борилмоқда. Эътиборли бўлинг ва ижтимоий тармоқ саҳифаларимизга обуна бўлишни унутманг!

 

⇒ «Бўш иш ўринлари» рукни https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/category/25  

 

Маълумот ўрнида: Акциядорлик  жамият расмий веб-сайтининг барқарор фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Веб-сайт 4 та тил-графика саҳифаларида (ўзбек тили кирилл ва ўзбек тили лотин графикаси, рус тили ва инглиз тилларида) юритилиб, унда 11 та рукн, 54 та нимрукн, 1 та Ўзбекистон Республикаси харитаси шаклидаги ҳудудий филиаллар ҳақида батафсил маълумотлар жойлаштирилган инфографика маълумотномаси мавжуд.

 

Магистрал электр тармоқлари филиаллари ҳақидаги маълумотлар (филиал манзили, асосий иш фаолияти, боғланиш учун телефон рақамлари, филиал раҳбарининг исм-шарифи) харита шаклидаги инфографикага жойлаштирилган.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>