Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган жараёнлар мажмуи энергия самарадорлигига бериладиган бирламчи таърифдир. Биноларнинг энергия таъминоти ёки ишлаб чиқариш жараёнлари учун камроқ энергия сарфлаш эвазига керакли натижага эришиш ҳам самарадорлик кўрсаткичи ҳисобланади.
Президентимиз жорий йилнинг 30 май куни иқтисодиёт тармоқларида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишиш чоғида айни масала давлат аҳамиятига молик муаммолардан бири эканлигини қайд этиб, бу борада қилиниши лозим бўлган ишларни белгилаб берган эди.
Хўш, энергия самарадорлиги нима, тежамкорлик деганда нимани тушунамиз?
Энергетика тизимида самарадорлик таъминланмас экан, барқарор энергия таъминотига эришиб бўлмайди. Иқлим шароитларининг кескин ўзгариши, аномал иссиқ ва совуқлар туфайли кузатилаётган ҳолатлар, энергия ресурсларини тежашга беэътибор қарашимиз бизни шунга ундамоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “...иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш давлат сиёсатининг ҳозирги босқичдаги долзарб йўналишларидан бири” экани таъкидлаб ўтилган. Шундан келиб чиқиб, ишхоналарда, аҳоли яшаш пунктларида ва корхоналарда энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича зарур чоралар қабул қилиниши белгилаб берилди. Бунга ўша ташкилот-у муассасаларнинг биринчи раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимлари шахсан жавобгар экани кўрсатиб ўтилди.
2020 йил 1 январдан бошлаб эса якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари барча бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштиришда, реконструкция қилиш ҳамда қуриш учун лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда энергия самарадорлиги кўрсаткичларини ҳам тақдим этиш мажбурияти қўйилди. Давлат органлари ва ташкилотлари ўз балансидаги бино-иншоотларда ёритиш тизимлари учун замонавий энергия тежамкор маҳсулотлар маҳсулотлар, ускуна ва жиҳозлардан фойдаланиши шартлиги қайд этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августдаги “Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини энергетика текширувидан ва экспертизадан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида энергияни тежаш ва самарали фойдаланишга бундан таъриф берилган:
Дунё мамлакатларида қандай?
Кўплаб мамлакатларда энергия истеъмоли масалалари 1970 йиллардан бери давлат сиёсати ва махсус дастурлар орқали амалга ошириб келинади. Бугунги кунда саноат сектори дунёда ишлаб чиқариладиган йиллик энергия ҳажмининг қарийб 40 фоизини истеъмол қилади ва атрофга тахминан шунча миқдорда карбонат ангидрид гази чиқаради. Бу йўналишда ISO 50001 халқаро стандарти қабул қилинган бўлиб, у энергия самарадорлиги масалаларини тартибга солади. Мисол учун, кўплаб ташкилотлар фаолияти энергия самарадорлиги бўйича халқаро дастурлар рўйхатига киритилган бўлиб, уларнинг энг йириги Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА)нинг Energy Efficiency дастури ҳисобланади. Шу билан бирга, бундай ташкилотлар Европа Иттифоқида, Буюк Британия, Мексика, Канада, АҚШ, Жанубий Африка Республикаси (ЖАР), Индонезия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Эрон, Хитой, Янги Зеландия, Россия, Бразилия, Австралия ва бошқа мамлакатларда ҳам мавжуд.
Ўзбекистонда эса бу йўналишдаги ишлар Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси томонидан бажарилади. Жамғарма 2020 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ташкил этилган. Ҳозирда бу йўналишда фаолият юритаётган ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми ҳамда фаолият ваколатлари бирмунча такомиллаштирилди.
Ўзбекистонда бир йилда ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажми билан истеъмол ҳажми орасидаги кичик тафовут — ҳукуматлараро келишувларга асосан қўшни давлатлардан (Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон /мавсумий/, Қозоғистон /олди-берди/) импорт қилинаётган электр энергияси миқдоридир.
Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган жараёнлар мажмуи энергия самарадорлигига бериладиган бирламчи таърифдир. Биноларнинг энергия таъминоти ёки ишлаб чиқариш жараёнлари учун камроқ энергия сарфлаш эвазига керакли натижага эришиш ҳам самарадорлик кўрсаткичи ҳисобланади. Шу ўринда истеъмол маданияти кўрсаткичларини юксалтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларининг муҳимлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Тежашга қанчалик ўрганяпмиз?
Дунё халқлари миллий тараққиёт босқичларида энергия самарадорлигига оид ўзига хос урф-одат ва тушунчаларга эга. Бунга қайсидир маънода табиий шароит, иқлимнинг таъсири катта бўлган. Ўзбек халқидаям айнан шундай. Совуқ об-ҳавода исинишнинг энг самарали усули сифатидаги ота-боболаримиз ихтироси — сандал (танча), синчли (ёғочли) уйлар, уйнинг асосий хоналаридаги иссиқлик ташқаридаги иқлим билан тезда алмашмаслиги учун қурилган айвонлар, бинонинг том қисмида қор ва ёмғир тўпланмаслиги учун бунёд этилган гумбазли бинолар ёки ёзда шимол томондан эсган шамолнинг кичик туйнук орқали елвизакли оқими ҳисобига ички ҳовли хоналарини совитиш каби ўзига хос меъморий ечимларни шулар сирасига киритиш мумкин. Булар энди эски гаплар. Қурилишда бугун бундай жиҳатларга эътибор қаратиляпти, деб ҳам айта олмаймиз. Лекин аниқ биламизки, бугун аксариятимиз ўзимизни тежамкор истеъмолчилар сафида кўра олмаймиз. Ваҳоланки, кундалик ҳаётимиздаги оддий ҳаракат ва эътибор туфайли бу борада яхши натижага эришишимиз ёки фаоллар орасида бўлишимиз мумкин.
Айтайлик, фойдаланилмаётган электр жиҳозлари ва ёритиш ускуналарини тармоқдан узиб қўйиш, яъни офис ёки уйдан чиқаётганингизда электр жиҳозларини ўчириш орқали тежамкорлик томон дастлабки қадамни қўйиш мумкин. Иш жойи ва уйни кўпроқ табиий (қуёш нури билан) ёритишга ҳаракат қилиш ортидан иккинчи қадам қўйилади. Кўча-кўйда, маҳаллада, дам олиш масканлари-ю бошқа жамоат жойларида фойдаланилмаётган электр жиҳоз ёки қурилмаларини тармоқдан узиб қўйишни талаб қилиш эса жамоатчилик назорати сифатида навбатдаги муҳим ташаббусдир.
Офислар эшик ва ромлари қишда иссиқ, ёзда совуқ ҳароратни сақлаш учун изоляция қилинган бўлиши, энергия тежамкор маиший техника ва ёритиш ускуналаридан фойдаланиш эса энергия самарадорлигида катта аҳамият касб этади. Ушбу кўрсаткичлар, аввало, шаҳарсозлик лойиҳалари, бино-иншоотлар қурилишини лойиҳалаштириш, қурилиш материалларини танлаш, сифатли қуриш жараёни, иморатларни ички жиҳозлаш кабиларга чамбарчас боғлиқ. Оддий айтганда, нотўғри қурилган бино-иншоотдан тортиб нотўғри фойдаланилган оддий маиший ускуна-жиҳозларгача иқтисодиётга катта зарар, жамият ва давлат тараққиётига тўсқинлик қилади.
Электр таъминотида самарадорлик ва иқтисод бўйича мавжуд меъёрий ҳужжатларга асосланган техник-муҳандислик тадбирлари ўтказилади. Мисол учун, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги 85 та юқори кучланишли подстанция ва 12 минг 226 километр магистрал электр тармоғида самарадорлик ошиб бормоқда. Бу ўринда эскплуатация жараёнларини тўғри бажариш жуда муҳим. Ҳар бир подстанция ёки маъмурий бинода ўз эҳтиёжи учун қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш коллекторлари ўрнатилмоқда. Булар бир қарашда майда, кўз илғамас ишлардек кўринади. Лекин энергетика, шаҳарсозлик, уй-жой коммунал тизимига, йирик саноат корхоналаридан тортиб кичик бизнес объектларига замонавий, рақамли дастурлар асосида ишлайдиган ускуна ҳамда жиҳозлар кириб келмас экан, тежамкорлиг-у самарадорлик йўлидаги ҳаракатларимиз тешик тоғорада сув ташиш билан баробар бўлиб қолаверади.
Сўнгги пайтларда энергияни тежаш бутун дунёда ҳам халқаро, ҳам давлат сиёсатининг асосий масалаларидан бири бўлиб қолди. Биз истеъмолчи сифатида ўз ҳақ-ҳуқуқларимиздан тўлиқ фойдаланишни истар эканмиз, тежамкорлик борасида ҳам вазифа-мажбуриятларимизни адо этишимиз шарт.
Улуғбек УРУНОВ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”
акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари
«Янги Ўзбекистон» газетаси, 121-сон, 2024 йил 20 июль
Gazetalar sharhi https://t.me/gazetalar_sharhi