Коррупцияга қарши курашиш
ESG даражасини даво қиладиган компания уч тоифадаги ривожланиш стандартларига жавоб бериши керак: экология, ижтимоий сиёсат ва корпоратив бошқарув
  • 10.06.2024
  • 134

Иқтисодиётнинг барча тармоқ ва соҳаларида хусусий секторнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишнинг асосий йўналишларидан бири сифатида иқтисодиётда сифат жиҳатидан янги, хусусан, “Экология, ижтимоий сиёсат ва корпоратив бошқарув (ESG)” тамойилларига асосланган ишлаб чиқариш унумдорлиги юқори бўлган технологияларнинг кўпайишини рағбатлантириш белгиланган.

Дастлаб иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун танланган бу тамойил, вақт ўтиб кенг қамровли аҳамият касб эта бошлади. Яқин келажакда жаҳон молия ташкилотлари ESG тамойилларига амал қилмайдиган компанияларга инвестиция киритишни ҳам буткул тўхтатишлари мумкин. Бундан ташқари, дунёнинг энг йирик банкларининг учдан бир қисми аллақачон компанияларнинг ESG баҳолаш жараёнини кредитлаш тизимига киритган ва яна 20 фоизи буни режалаштирмоқда. Эндиликда банклар ҳар бир қарз олувчининг барқарор ривожланиш тамойилларига мувофиқлигини текширади. Яхши ESG даражасини даво қиладиган компания эгалари уч тоифадаги ривожланиш стандартларига жавоб бериши керак: экология, ижтимоий сиёсат ва корпоратив бошқарув.

Экология тамойили – компаниянинг атроф-муҳитга қанчалик қайғуришини ва экологияга етказилаётган зарарлар миқдорини камайтиришга қаратилган ҳаракатларини белгилайди.

Ижтимоий сиёсат тамойили – компаниянинг ҳодимларга, етказиб берувчиларга, мижозларга ва истеъмолчиларга муносабатини кўрсатади. Стандартларга жавоб бериш учун корхоналар меҳнат шароитларининг устида ишлаши, гендер мувозанатни кузатиши ёки ижтимоий лойиҳаларга сармоя киритиши керак.

Корпоратив бошқарув тамойили – компания бошқаруви сифатига таъсир қилади: ҳисоботларнинг шаффофлиги, бошқарувга тўланадиган маош миқдори, бошқарувдаги соғлом муҳит, акциядорлар билан муносабатлар, коррупцияга қарши чоралар ва бошқалар.

 

 

Шунингдек ESG тамойиллари билан бир вақтда Жамиятимизда “Корпоратив ижтимоий масъулият (CSR)” тамойилини ҳам жорий этиш ишлари бошланди. Бу тамойил ҳам бизнес амалиётида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, фаолиятида атроф-муҳит ва инсонларни қадрловчи ташаббусларнинг илгари суриш ташкилот сифатида унинг обрўсини оширади. Бир нарса аниқ: нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва экологик нуқтаи назардан ҳам ҳаракат қиладиган компаниялар барча соҳаларда сезиларли даражада кўпроқ қўллаб-қувватланмоқда.

Оддий қилиб айтганда, корпоратив ижтимоий масъулиятнинг таърифи компанияни ходимларга, атроф-муҳитга, рақобатга, иқтисодиётга ва бошқа муҳим соҳаларга қандай муносабатда бўлиши нуқтаи назаридан маънавий ва ахлоқий мажбуриятларни ўз ичига олади. Корпоратив ижтимоий масъулият кўпинча қонунлар ва стандартлардан ташқарида бўлган муайян қоидаларга ихтиёрий мажбурият сифатида қарайди. Бунда жамият ходимларга, хамкорларга ва акциядорларга ҳамда атроф-муҳитга нисбатан масъулиятли ва ахлоқий муносабатда бўлади.

Акциядорлик жамиятимиз ҳозирда ESG ва CSR тамойилларини жорий этиш учун техник топшириқ шартларини ишлаб чиқиш, малакали хорижий экспертларни жалб қилиш, юзага келадиган қийинчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича ишларни амалга оширмоқда.

 

Баҳром Мавлонов, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Трансформацияни амалга ошириш бўйича лойиҳа офиси раҳбари

«O‘zbekiston MET» AJ Axborot xizmati

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>