Янгиликлар
САЛОМАТЛИК БЎЛСА, ИШДА УНУМ БЎЛАДИ
  • 22.09.2020
  • 881

«Нуқтаи назар» рукнидан

  Бугун дунё ҳамжамиятини бирдек хавотирга солиб, якдиллик билан ҳаракат қилишга чорлаётган коронавирус инфекциясининг совуқ шамоли, минг афсуски, Ватанимизни ҳам четлаб ўтмади. Бироқ касаллик кириб келишининг илк палласиданоқ унинг кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича тезкор чора-тадбирлар йўлга қўйилди.

 

  Президентимиз раислигида кун-кунора махсус видеоселектор йиғилишлари ўтказилиб, мамлакатимизда карантин талабларини инобатга олган ҳолда, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини йўлга қўйиш сингари муҳим масалалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Бир ҳақиқатни барчамиз аниқ тушуниб олишимиз шарт, — деди давлатимиз раҳбари, – пандемия шароитида биз жорий этган янги тизимнинг қанчалик самарали ишлаши фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ. Карантин шароитида иқтисодиётни ва фуқароларни янада қўллаб-қувватлаш учун ҳар қандай ишга тайёр турмоғимиз талаб этилади.

  Бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узишдир. Бунинг учун мавжуд талабларга сўзсиз амал қилиш, юртдошларимизнинг иммунитетини мустаҳкамлаш, соғлиғини асраб-авайлаш, ҳар бир инсоннинг ҳаёти учун курашмоғимиз зарур. Барчамиз ҳамжиҳатликда, чуқур масъулият билан тизимли ишласак, бу оғир синовларни, албатта, енгамиз. Яна бир бор такрорлайман, бугунги кундаги энг муҳим талаб — барчамиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга ўрганишимиз шарт!

  Чиндан ҳам аҳоли саломатлигини сақлаш — энг муҳим масала. Айни пайтда темир интизом билан ишни ҳам давом эттиришимиз зарур. Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз «Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!» деган шиорга «ўз меҳнат жамоангни ҳам» деган сўзларни қўшган ҳолда амал қилиб яшашимиз керак.

  Айни вақтда барча жабҳада фаолиятни нормал изга солиш, иқтисодиётимизни тиклаш учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларимизни қатъият билан давом эттиришимиз лозим.

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ ташкил этилган. У Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимида фаолият юритади.

 

  Мазкур акциядорлик жамиятининг асосий фаолият турлари Ўзбекистоннинг магистраль электр тармоқларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш, электр энергиясини республикамизнинг магистраль электр тармоқлари орқали етказиб бериш ва давлатлараро транзитни амалга ошириш, қўшни давлатларнинг электр энергетика тизими билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Бугунги кунда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ таркибида 14 та ҳудудий филиаллар, энергетика тизими бўйича фаолият юритадиган миллий диспетчерлик маркази, марказий реле ҳимояси ва автоматика хизмати, лойиҳалаштирувчи, қурилиш ва бошқа хизматлар кўрсатувчи функционал филиаллар мавжуд. Жамиятга қарашли 78 та нимстанция ва 10000 километрдан зиёд 220–500 кВли магистраль ҳаво электр узатиш тармоқлари мавжуд.

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ марказий аппарати ва таркибидаги тузилма ҳамда филиалларда 5 минг нафарга яқин мутахассис-ходимлар меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.

  Ҳозирда жамият томонидан бир нечта йирик инвестицион лойиҳалар, улкан қурилиш-монтаж ишлари амалга ошириляпти. Ушбу масъулиятли вазифаларни ўз ўрнида, сифатли адо этиш йўлида акциядорлик жамиятининг барча ходими жонбозлик кўрсатаётир, бугунги мураккаб шароитда ҳам фаолият узвийлиги тўлақонли тарзда таъминланяпти.

  Фидойи ишчи-ходимларнинг самарали меҳнатини муносиб баҳолаш ва албатта, уларнинг саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги Тошкент тиббий-санитария қисми фаолияти йўлга қўйилган.

Бугунги кунда «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг техник-муҳандислик ҳамда қурилиш-мотаж йўналишига ихтисослашган ҳудудий филиаллари қаторида бир нечта ижтимоий соҳа объектлари, аниқроғи, тиббий-санитария, спорт-соғломлаштириш ва дам олиш масканлари ҳам фаолият юритмоқда. Мисол учун, Наманган тиббий-санитария қисми, «Нурафшон» санаторийси, «Нурчи» дам олиш маскани ва «Азамат» спорт-соғломлаштириш маркази шулар жумласидан.
 

  Бу каби ижтимоий соҳа тузилмалари нафақат жамиятимиз аъзолари, балки бутун энергетика соҳаси ишчи-ходимларининг иш вақтидан сўнг, меҳнат таътилида ҳордиқ чиқариши, поликлиниканинг амбулатор кўригидан ўтиб, шифокор тавсиясини олиши ёки мавжуд замонавий стационар шароитларда даволаниб, ўз соғлиғини тиклаши мумкин.

  Юқорида санаб ўтилган муассасалар ичида Тошкент тиббий-санитария қисми ҳар томонлама етакчи, замонавий ва кўп тармоққа эгалиги билан ажралиб туради. Бугун мазкур тиббий мажмуа фаолияти давлат ва жамият, хусусан, кўп минг сонли энергетиклар фаолиятида муҳим аҳамият касб этиши билан аҳамиятлидир.

  Барча тиббий-соғломлаштириш масканларида бозор иқтисодиёти шароитига мувофиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ишлари йўлга қўйилган. Бу, ўз навбатида, тиббий муассаса жойлашган ҳудуд ва унинг атрофида яшовчи аҳоли вакилларига яна бир қулайлик бўлиб, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ муассасалари нархлар прейсткуранти ҳамда сервис жиҳатидан давлат ёки хусусий тиббий муассасалардаги шароитлардан қолишмайди.

 

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги Тиббий-санитария қисми филиали — тиббиёт муассасаси бўлиб, Жамият таркибидаги кўп минг сонли ишчи-ходимларга бепул тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган. Поликлиника амбулатор ва стационар даволаш хизмати шартнома асосида энергетика соҳасининг турли тармоқ ходимларига, шу жумладан, аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

  Соҳавий ихтисослашуви амбулатор ва стационар даволаш бўлган поликлиникада терапевт, невропатолог, гинеколог, уролог, дерматолог, эндокринолог, ЛОР, окулист, жарроҳ ва стоматолог шифокорлар кўриги йўлга қўйилган бўлиб, муассасада УЗИ, рентген, қон таҳлили, физиотерапия мутахассислари фаолият олиб бормоқда. Муассасада 45 ўринли неврология ва 45 ўринли терапия бўлимларининг стационар ўринлари мавжуд.

  Мамлакатимизда ҳукм сураётган пандемия шароитида бошқа қатор соҳалар каби энергетика соҳаси ходимлари ҳам карантин шароитида ишлаш ва яшаш шароитига ўргандилар. Мана шундай қийин ва масъулиятли дамда электр энергияси таъминоти барқарор ишлаши шарт бўлган бир шароитда энергетиклар учун ўз тизимида мавжуд бўлган тиббий-санитария бўлинмалари мавжудлиги жуда асқотди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

 

 

  Давлатимиз раҳбарининг тегишли кўрсатмаларига биноан жамиятимиз тизимларида ҳам барча карантин талаблари жорий этилди, ишчи-ходимлар тиббий ниқоб ва антисептик воситалар билан тўлиқ таъминланди, ҳужжат алманишуви электрон шаклга ўтказилиб, ишчи тартибдаги йиғилишлар видеоалоқа шаклида олиб борилди.   Ходимларнинг иш жойига бориб келиши махсус автотранспорт ва механизмлар хизмати томонидан кучайтирилган иш режимига мувофиқ амалга оширилди, заруриятга қараб транспорт воситаларнинг сони оширилди.

  Энергетика соҳасида муҳим стратегик вазифани бажарувчи тузилма — Миллий диспетчерлик маркази мутахассислари карантинга олиниб, бир бино ичида ишлаш ва яшаши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Жамият тасарруфидаги бир нечта тиббий муассасалар маҳаллий ҳокимият вакиллари сўровномасига мувофиқ вақтинча карантинга олинганларни назорат қилиш пунктларига айлантирилди. Ва, энг муҳими, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги тиббий-санитария қисми ҳам соҳа вакилларига, ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш билан шуғулланишди.

  «Ўзбекистон МЭТ» АЖ тасарруфидаги тиббий-санитария қисми филиалида 40 дан зиёд махсус тиббий техника ускуналари, 200 дан зиёд ёрдамчи ва кўптармоқли ёрдамчи жиҳозлар шай қилинган. Шунингдек, бугунги кескин вазиятдан келиб чиққан ҳолда 10 дона «Vita oxy 510» кислород концентратори харид қилинди ва айни пайтда пневмония аломатлари билан оғриётган беморларни даволашда ушбу замонавий тиббиёт техникасидан самарали фойдаланилмоқда.

 

  Муассасанинг хизмат кўрсатиш қамрови ва сервис даражасини янада ошириш мақсадида 3 та янги тиббий ускуна харид қилинди. Бундай замонавий ускуналар тиббий ташхиснинг аниқлик даражасини ошириб, шифокорларнинг меҳнат самарадорлигини оширади, албатта.

  Тиббий-санитария қисми 2020 йилнинг I ярим йиллигида аҳолига хизмат кўрсатиш эвазига муассаса ҳисоб рақамига қарийб 700 млн. сўм пул маблағлари туширган. Албатта, кўп сонли «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ходимларига бепул хизмат кўрсатиши ҳисобига харажатлари келтирилган фойдадан бирмунча кўп, аммо унинг самараси соҳа вакилларининг меҳнат унумдорлигида акс этиб, тармоқнинг барқарор иш фаолиятига ўз ҳиссасини қўшиб келяпти.

  Қисқаси, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ тасарруфидаги тиббий-санитария қисми фаолияти соҳанинг барқарор иш жараёнида муҳим аҳамият касб этади. Айни кунларда жамоа аъзолари мазкур тиббиёт муассасасида яратилган барча шароит ва шифокорлар хизматидан мамнун.

  Халқимиз, оиламиз, фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик экан, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Шундай бўлгач, саломатлик дея аталувчи «хазина»мизни турли офат ва балолардан асраш, аввало, ўз қўлимизда эканини асло унутмайлик.

  Дадажон ИСАҚУЛОВ,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг

бошқаруви раиси

Манба: https://t.me/xs_uz

Manba: https://t.me/gazetalar_sharhi/4930

uzbekistonmet.uz: «ТОШКЕНТ ТИББИЙ-САНИТАРИЯ ҚИСМИ: ЭНЕРГЕТИКЛАР ҲАМДА АҲОЛИ ВАКИЛЛАРИ УЧУН ЗАМОНАВИЙ ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИЛМОҚДА»

Батафсил: http://uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/466

 

  Rasmiy xabarlar: «ЭНЕРГЕТИКЛАР АҲОЛИГА ЗАМОНАВИЙ ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР КЎРСАТМОҚДА»

Батафсил: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/7724

 

t.me/uzmetaxborotxizmati: «ТОШКЕНТ ТИББИЙ-САНИТАРИЯ ҚИСМИ: ЭНЕРГЕТИКЛАР ҲАМДА АҲОЛИ ВАКИЛЛАРИ УЧУН ЗАМОНАВИЙ ТИББИЙ ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИЛМОҚДА»

Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/4279

 

uzbekistonmet.uz: «TOSHKENT TIBBIY-SANITARIYA QISMI: ENERGETIKLAR HAMDA AHOLI VAKILLARI UCHUN ZAMONAVIY TIBBIY XIZMATLAR KO‘RSATILMOQDA»

Батафсил: http://uzbekistonmet.uz/oz/lists/view/466

 

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>