Янгиликлар
2023 йил САРҲИСОБИ. 2-сонли: Давлат тилига оид қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши масаласига жиддий эътибор қаратилган
  • 06.01.2024
  • 216

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси томонидан 2023 йил мобайнида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот

Йил бошиданоқ давлат тилига доир қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ходимлар ўртасида яна бир бор кенг тушунтириш, тарғиб қилиш, тизим филиалларида фаолият олиб бораётган ходимларга давлат тилини чуқур ўрганишлари ва албатта барча ёзишмаларни давлат тилида олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар яратиш масалалари ўрганиб чиқилди.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси 2023 йил март ойида “Тошкент тиббий-санитария қисми” МЧЖда, май ойида “Тошкент шаҳар МЭТ” ҳамда “Тошкент МЭТ” филиалларида хизмат сафарида бўлди. Сафар давомида тизимларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ҳолатлари билан яқиндан танишди. Филиал раҳбарлари ва масъул ходимлар билан маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича мулоқот олиб борди.

Филиаллардаги ички ва ташқи ёзувлар, ҳужжатлар, ҳисоб-китоб, статистика ва хизмат хатлари давлат тилида иш юритиш қоидаларига мослиги кўриб чиқилди. Шунингдек, улардаги барча ташқи ёзувлар, шу жумладан, пешлавҳалар ва бошқа кўргазмали ахборот матнлари давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги ўрганилди.

Ҳозирда акциядорлик жамияти тасарруфидаги мавжуд тизимларда давлат тилига оид қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши масаласига жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, халқаро аҳамиятга эга бўлмаганларидан ташқари барча хат-ҳужжатлар тўлақонли тарзда ўзбек тилида ёзилиши белгилаб қўйилган. Аниқроғи, Россия Федерацияси, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон давлатлари билан боғлиқ шартномавий муносабатларнинг рус ва бошқа тилларда олиб борилишига шартли равишда рухсат берилган.

Жамиятнинг Бирлашган Касаба уюшмаси қўмитаси раиси, Ахборот хизмати раҳбари ҳамда Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти сардори билан ҳамфикрликда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш ташаббускорлиги намойиш қилинмоқда. Ишчи-ходимларга давлат тилини чуқур ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат тилини кенг тарғиб қилишга қаратилган ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқарув аппарати жойлашган бинодаги мавжуд барча ташқи ёзувлар, шу жумладан лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши тўлиқ таъминланди.

Октябрь ойида “Ўзбекистон МЭТ” АЖ тасарруфидаги барча филиаллардан асосан ҳужжатлар билан ишлайдиган ходимларни жамлаб, онлайн йиғилиш (масофавий) ташкил этган ҳолда фаолият асносида дуч келинаётган такрорий хатолар ҳамда тушунмовчиликларга барҳам бериш чоралари ишлаб чиқилди.

2023 йил мобайнида Жамиятдаги маънавий-маърифий соҳага ва давлат тилига оид қонун ҳужжатлари ҳамда дастурлар ва “йўл хариталари”нинг ижроси бевосита мазкур вазифаларга масъуллар билан ўрганилиб, ўрнатилган тартибда ижроси таъминланди. Хусусан, хат-ҳужжатлар тайёрланаётганда нималарга эътибор қаратилиши кераклиги, ҳужжат матнида аниқлик, ихчамлик, лўндалик, мазмуний тўлиқлик каби талабларга жавоб бериши кераклиги, бу талабларга жавоб бера олмайдиган ҳужжат иш юритиш жараёнига халақит бериши, унинг самарадорлигини кескин пасайтириши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳужжат матнида шевага хос сўзлар, тарихий сўзлар, архаик – эскириб, истеъмолдан чиқиб кетган сўзлар, жаргонлар, яъни тор доираларда ишлатиладиган “кўча муҳити”га хос сўзлар бўлмаслиги кераклиги, ҳужжат матни адабий тил қонун-қоидалари асосида тайёрланиши лозимлиги масъулларга уқтирилди. Одатда, Жамият фаолиятига оид кўпгина ҳисоботлар аксар ҳолларда рус тилида тайёрланиб келинганлиги аниқланиб, эндиликда бу ҳисоботлар мутлоқ ўзбек тилида тайёрланишига эришилди. Шунингдек, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг барча ички меъёрий ҳужжатлари, жумладан, низом ҳамда лавозим йўриқномалари бутун-бошдан янгиланди, лотин алифбосига ўтказилди.

Жамиятда йил бошидан буён буйруқлар, ташкилотлар ва идоралараро ички ҳамда ташқи ёзишмалар, ҳужжатлар, ҳисоб-китоб, статистика, фуқаролар мурожаатларига жавоблар, йиғилиш баёнлари, ярим йиллик, тўққиз ойлик ҳисоботлар, ҳар чоракда ўтказиладиган Ҳайъат йиғилиши қарорлари, хизмат хатлари мутлоқ ўзбек тили ва лотин алифбосида тайёрланишига эришилди. Жойларда ўтказилган малака ошириш курслари, ўқув-семинарларда ҳам дастурлар, маъруза матнлари, слайдлар фақат давлат тилида тайёрлаб келинмоқда.

Бундан ташқари, маслаҳатчи томонидан 2023 йилнинг сентябрь ойида Жамият тасарруфидаги “Тошкент шаҳар МЭТ” филиалида мақсадли ўрганиш ишлари ўтказилди. Хусусан, у ердаги кўргазмали материалларнинг айримлари кирилл алифбосида, айримлари лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосида эканлиги кўзга ташланди. Ташкилот мансабдор шахсларининг лавозимлари ёзилган махсус картонларда учраб турадиган рус тилидаги таништирувлар танқидий кўрсатиб ўтилди. Ташкилот раҳбари масъуллигида зудлик билан бу каби камчиликлар бартараф этилди ва келгусидаги фаолиятда ҳаммасини бир хилда давлат тили – ўзбек тилида, лотин ёзувида тайёрлаш бўйича зарур топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, соҳада давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш юзасидан ҳам турдош ташкилотлар вакиллари иштирокида Энергетика вазирлигида октябрь ойида махсус йиғилиш ташкил қилинди.

Жамият тизимида давлат тилини ривожлантиришга оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида электр энергияси соҳасига оид халқаро сўз ва атамалар, термин ва номларнинг ўзбекча муқобиллари яратилган Энергетика вазирлиги доирасидаги икки тилли терминологик луғат, қўлланма ёки энергетика соҳаси атамаларининг изоҳли луғатини ишлаб чиқиш ва ундан вазирлик тасарруфидаги республика ва тизим ташкилотлари иш фаолиятида – бухгалтерия ҳисоботлари, буйруқлар иловалари, қарор, фармон ва фармойиш лойиҳалари ҳамда бошқа тегишли ҳужжатларни тайёрлашда фойдаланишларини йўлга қўйиш борасида ҳаракатлар бошлаб юборилган. Хусусан, бу борада ҳозирги кунга қадар мавжуд бўлган соҳавий луғатлар бир-бири билан солиштириб чиқилмоқда ва бу ишларни айнан соҳа вакилларининг бевосита иштирокида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида энергетика соҳасида кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга ходимлардан иборат бўлган махсус комиссия ташкил этилган.

Бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш жараёнларида фаол иштирок этиб, асосан бу йўналишда ижтимоий тармоқларда давом этаётган баҳс-мунозараларда, шунингдек, марказий нашрларда фаол қатнашиб келмоқда.

Ўзбек тилига ҳукумат даражасида қаратилаётган эътиборнинг ўзи тил жонкуярлари учун катта далда, зўр мадад эканлиги хусусида, шунингдек, мана шундай нурли ва файзиёб кунларни соғиниб, орзу қилиб ўтишган буюк маърифатпарвар аждодларимиз ҳаққи ҳурмати бу борадаги ишларимизни янада кучайтириш, оммавий ахборот воситаларининг барча туридан кенг фойдаланган ҳолда тарғибот-ташвиқот фаолиятини жонли тарзда олиб бориш талаб қилинади. Шу маънода маслаҳатчи “Маданият ва маърифат” телеканалининг аксар жонли кўрсатувларида бошловчилик қилиб, хусусан, ҳазрат Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди кунлари муносабати билан ташкил этилган телемарафонларда дастур бошловчиларидан бири сифатида намоён бўлиб, айнан адабиёт, маънавият, маърифат ва миллий бой тилимиз хусусидаги мулоҳазалари билан иштирок этиб келмоқда. Наврўз байрами телемарафонида ҳам бошловчи тарзида қатнашиб, ўзлигимиз, миллийлигимиз, азалий қадриятларимизга оид шахсий мушоҳадалари ва фикрларини эфир орқали баён қилди.

Шунингдек, октябрь ойида “Ўзбекистон” радиоканалининг “Миллат ва маънавият” эшиттиришига таклиф этилиб, унда ҳам бугунги кунда ўзбек тилига бўлаётган эътибор ва истиқболдаги вазифалар хусусида ўз мулоҳазалари билан иштирок этди.

“Ўзбекистон-24” телеканалининг “Студия-24” кўрсатувида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан болажон халқимиз, қадриятларга муносабат ҳамда тил ва эл озодлиги мавзуларидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва Энергетика вазирлигининг махсус интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқ саҳифаларида “Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг Матбуот хизмати ходимлари билан биргаликда олиб борилаётган маънавий-маърифий йўналишдаги кенг кўламли ишлар тўғрисидаги таҳлилий чиқишлар ташкил этилган.

Жамиятнинг интернет тармоғидаги uzbekistonmet.uz расмий веб-сайти ҳамда телеграм каналлари орқали ҳазрат Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди кунлари муносабати билан, шунингдек, Наврўз, 8 март байрамлари, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни саналари арафасида идора ёшлари ўртасида китобхонлик ҳамда саводхонлик синовлари ташкил қилиниб, уларда юрт озодлигини қадрлаш, буюк аждодларга муносиб авлод бўлиш ва ўзбек тилига ҳурмат руҳида тарбия топиб, мамлакат номини дунёвий саҳналарга олиб чиқиш сингари руҳлантирувчи даъватлар сингдирилган лавҳалар бериб борилмоқда.

2023 йил 21 октябрь куни Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти катта мажлислар залида бир гуруҳ ижодкор ҳамда санъаткорлар иштирокидаги маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди ва унда юрт қадри, озодлик қиймати, қадриятларга, хусусан она тилимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш каби мавзуларда муносиб мулоҳазалар тингланди.

 

✍️  Ориф Тўхташев, “Ўзбекистон МЭТ” АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси                                                     

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>