Янгиликлар
МАШАҚҚАТ ВА ШАРАФ (Юқори кучланишли электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи таъмирлаш бригадаларининг бир кунлик иш фаолияти ҳақида айрим мулоҳазалар)
  • 28.12.2023
  • 146

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тасарруфида 84 та 110, 220 ва 500 кВ кучланишли подстанциялар, шунингдек, 11698 км дан зиёд магистрал электр тармоқлари мавжуд. Жумладан, 500 кВ кучланишли тармоқлар 2390,1 км, 220 кВ — 8340,6 км, 110 кВ кучланишли тармоқлар 1133,86 километрдан зиёд. Подстанцияларнинг тўла ўтказувчанлик қуввати 27983,3 мегаволт•амперга тенг. Тизимда 4 минг нафарга яқин ишчи-ходим хизмат қилади.

500 ва 220 кВ кучланишли электр тармоқларининг бир неча километри денгиз сатҳидан 1,7–2,1 километр баландликда, тик қояли тоғ тизмаси орқали ўтади. Айниқса Тошкент вилояти ва Наманган вилояти ҳудудида жойлашган “Қамчиқ” довонидан ўтувчи электр тармоқларини назорат кўригидан ўтказиш ва зарурат бўлганда таъмирлаш ўзига хос қийинчиликларни келтириб чиқаради.

Камина матбуот котиби сифатида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида меҳнат фаолияти олиб бораётганимга қарийб 5 йил бўлди.

Юқори кучланишли электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи мутахассисларнинг машаққатли ва шарафли ишларини кўп бор бевосита кузатганман, тасвирга олиб, махсус филм ва видеороликлар эълон қилганман.

Бу ишлар ёзнинг жазирама иссиқ кунларида, одамлар соя қидириб, ўзларини электр қуввати ҳисобига совутилган хоналарга урган бир пайтда соҳа вакилларининг офтоб тиғида ишлаб турганини кўп бор кузатганман.

Бундан ташқари, махсус техника ва механизмлар ёрдамида тунда олиб борилган ишларда, шунингдек, ёмғирли ва қорли совуқ кунларда таъмирлаш-созлаш ҳамда қурилиш-монтаж ишларида, фото-видеотасвирга олиш асносида шахсан иштирок этганман. Аммо тоғ тизмаси орқали ўтувчи юқори кучланишли электр тармоғидаги таъмирлаш ишларида илк бор иштирок этишим...

Маълумки, бир неча кун олдин Фарғона водийси вилоятлари истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминловчи электр тармоқларининг бири ҳисобланган 500 кВли, техник-муҳандислик номи “Л-524” бўлган электр узатиш ҳаво тармоғида носозлик юзага келди. Ушбу носозлик сабаби алоҳида мавзу ва бунга бироз кейин тўхталамиз. Фақат бир нарсани алоҳида таъкидлашим керак, содир бўлган носозликда ҳамкасбларимизнинг мутлақо айби йўқ. Хуллас, мен бу ишлар қандай машаққат билан амалга оширилганлигини сўз билан таърифлай олмайман.

Шу ўринда биргина ўз ҳолатимдан мисол келтираман холос - мен таъмирлаш-созлаш жойига чиқиб боргунча тетик эдим, фотокамера ва планшетнинг қуввати тугагунга қадар ҳориб бўлдим. Кейинги бир неча соат деярли ҳеч бир иш қилмай, шунчаки олиб борилаётган ишларни кузатиб, додлаб юборадиган даражада толиққанимни ҳис қилдим.

Энди бир ўйлаб кўринг, 35-48 метр баландликда ва совуқ шамол қуршовида  ўз жонини хатарга қўйган ҳолда бир неча соат тиним билмаган мутахассислар аҳволи қандай бўлиши мумкин?

Буни ҳис қилиш учун шунчаки видеотасвирларни кўришнинг ўзи камлик қилади, назаримда. Диққат билан видеороликни кузатинг ва фидойи инсонлар ишига ўзингиз баҳо беринг, азиз юртдошлар!

500 кВ кучланишли электр тармоғидаги носозликни бартараф этиш ишларини хавфсиз ва сифатли амалга ошириш мақсадида тоғ тизмасида махсус штаб ташкил қилинди ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ энергетиклари томонидан ишлар муваффақиятли якунланди.

---------

Эслатма: Видеомаҳсулот сўнгидаги ижтимоий тармоқ саҳифаларидан олинган энергоресурслар таъминотига тааллуқли эътироз ва шикоятлар 2023 йил 21 декабрь куни соат 14:23 да Л-524 электр тармоғида содир бўлган ва 22 декабрь соат 13:04 да тикланган носозлик билан боғлиқ эмас.

Маълумот ўрнида: Водий вилоятларини электр таъминотида муҳим аҳамиятга эга Л-524 электр узатиш тармоғида содир бўлган носозлик пайтида истеъмолчиларга 1 та 500 кВ ва 2 та 220 кВ кучланишли электр тармоқлари орқали кучланиш бериб турилган.

Ёдда тутинг, электр таъминоти учун масъул бўлган ташкилот ва корхоналар истеъмолчилар электр таъминоти узилишидан манфаатдор эмас. Аксинча, бу энергетика тизим ташкилотлари учун йўқотилган фойда ва эксплуатация иш ҳажмининг ортиши ҳисобланади.

 

 

© «ИНФОграфика» студияси маҳсулоти

МАШАҚҚАТ ВА ШАРАФ

Эътиборингизга матбуот котибининг ижод саҳифаси учун тайёрланган видеороликни ҳавола этамиз.

❗️ Эслатма: Видеомаҳсулот сўнггидаги ижтимоий тармоқ саҳифаларидан олинган энергоресурслар таъминотига тааллуқли эътироз ва шикоятларнинг 2023 йил 21 декабрь куни соат 14:23 да Л-524 электр тармоғида содир бўлган ва 22 декабрь соат 13:04 да тикланган носозлик билан боғлиқ эмас.

⇒  Маълумот ўрнида: Водий вилоятларини электр таъминотида муҳим аҳамиятга эга Л-524- электр узатиш тармоғида содир бўлган носозлик пайтида истеъмолчиларга 1 та 500 кВ ва 2 та 220 кВ кучланишли электр тармоқлари орқали кучланиш бериб турилган.

‼️ Ёдда тутинг, электр таъминоти учун масъул бўлган ташкилот ва корхоналар истеъмолчилар электр таъминоти узилишидан манфаатдор эмас. Аксинча, бу энергетика тизим ташкилотлари учун йўқотилган фойда ва эксплуатация иш ҳажмининг ортиши ҳисобланади.

✍️ Матбуот котибининг ижод саҳифаси

https://t.me/ulugbekijodnamunalari

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>