Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон техник шартларни тайёрлашга ва кейинчалик Европага яшил энергия экспорт қилиш бўйича қўшма корхона яратишга келишиб олди. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика ва иқтисодиёт вазирларининг Баку шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида Марказий Осиё давлатларидан Озарбайжон ҳудуди орқали Европага электр энергиясини экспорт қилиш истиқболларини муҳокама қилиш бўйича тегишли келишувга эришилди. Учрашув якунлари бўйича вазирликлар раҳбарлари қўшма коммюникени имзоладилар, унда мамлакатларнинг қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги салоҳияти ҳамда муқобил манбалардан олинадиган электр энергиясини Европага экспорт қилиш лойиҳасига қўшилишга тайёр эканликлари қайд этилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, учрашув иштирокчилари, шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбаларига эътибор қаратган ҳолда энергия алмашинуви, қолаверса, яшил водород, яшил аммиакни ўзлаштириш ва экспорт қилиш ҳамда тегишли инфратузилмани яратиш бўйича ҳамкорлик учун техник топшириқларни ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олган.
“Ишлаб чиқилган ва тасдиқланган техник шартлар асосида дастлабки техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш бўйича тендер эълон қилинади. Иштирокчилар, шунингдек, лойиҳани амалга ошириш учун қўшма корхона яратиш истиқболларини ўрганишга келишиб олдилар”, дейилади Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги баёнотида.
Маълум қилинишича, уч мамлакат иқтисодиёт ва энергетика вазирлари даражасидаги навбатдаги учрашув Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтади.
Манба: https://qalampir.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати