ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Нархлар эркинлаштирилиши қуёш панелларининг ўзини оқлаши муддатини 2 баробарга қисқартиради — Абдулла Отабоев»
  • 20.09.2023
  • 161

Электр энергиясини амалдаги 450 сўмлик тарифда сотиб олаётган тадбиркор қуёш панелларини ўрнатса, у ўзини 15 йилда оқлайди. Тарифлар оширилиши билан бу муддат 7 йилга тушади, дейди Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдулла Отабоев.

Фото: Kun.uz

Энергетика вазирлиги Қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия самарадорлиги ва энергия аудити бошқармаси бошлиғи Абдуллажон Отабоев соҳада кутилаётган айрим ўзгаришлар ҳақидаги саволларга жавоб берди.

– Абдулла ака, сиз вазирлик тузилмасида бевосита қайта тикланувчи энергия манбаларига жавобгар шахссиз. Ўзбекистонда энергетика тарифлари эркинлаштириш йўлидаги амалий ишлар бошланди. Нархлар оширилиши одамларда қуёш панелларини ўрнатишга рағбатни кучайтирадими?

– Қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтишга рағбатлар бошланган. 2023 йил феврал ойида 57-сонли президент фармони чиққанидан кейин аҳолининг қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатишга қизиқиши ортди. Аҳолидан давлат электр энергиясини сотиб олиш нархи 1000 сўмга чиқарилди. Олдин бу миқдор 2-гуруҳ тарифининг (юридик шахслардан сотиб олинадиган электр энергияси нархи) 80 фоизи миқдорида эди.

Яъни 2-гуруҳ тарифи 450 сўм бўлса, аҳоли ўзи ишлаб чиқарган электр энергиясини давлатга 360 сўмга сотарди. 57-сонли қарор билан бу миқдор 360 сўмдан 1000 сўмга олиб чиқилди. Электрон платформамиз маълумотларга кўра, ҳозирги кунга қадар аҳоли томонидан 61 мегаватт қувватли панеллар ўрнатилган, уларнинг бир қисми асосий тармоққа уланиб, электр энергиясини етказиб беряпти. Давлат улардан қарийб 700 млн сўмлик электр энергиясини сотиб олди.

Масаланинг иккинчи томони: тадбиркорлик субъектларига рағбат масаласига тўхталсак. Ижтимоий тармоқларда ҳокимликлар томонидан тадбиркорлик субъектлари қуёш панелларини ўрнатишга мажбурланяпти деган хабарларни кўп ўқидик. Буларни жойларга чиқиб ўзимиз ўргандик, ҳа, айрим жойларда ростдан шундай ҳолатлар бор, аммо тасдиғини топмаган ҳудудлар ҳам бор. Улар нима учун мажбурланаётганди? Чунки 57-сонли қарорда [ҳокимликларга] топшириқ бор, шу нарсани бажарасан, деган.

Тадбиркор электр энергиясини 450 сўмдан тармоқдан сотиб оляпти. Агар у қуёш панелларини ўрнатса, бу панел ўзини 15 йилда оқлайди. Ҳозир энергетика тарифлари оширилиши билан бу муддат 7 йилга тушяпти. Агар тарифлар яна ошса, панеллар янада тезроқ ўзини оқлайди.

Аниқроқ тушунтираман: дейлик, тадбиркор 100 kW қуёш электр станциясини ўрнатса, уни ўрнатиш нархи тахминан 1 млрд 200 млн сўм бўлади. Бунда 1 киловатт қувватли қуёш панели ўртача бозор нархида – 12 млн сўмдан ҳисобланган. Ҳозир бундан арзонроқ бўлиши мумкин, чунки панеллар нархлари Хитойда пасайган. Ўшанда 1 kWh электр энергиясини тадбиркор давлатга сотмоқчи бўлса, 2-гуруҳ тарифининг 80 фоизи миқдорида, яъни 360 сўмдан сотарди, бунда панел ўзини 15 йил-у 3 ойда оқлаши мумкин эди. Ҳозир 2-тариф гуруҳи истеъмолчилари учун 1 kWh электр энергияси нархи 900 сўм этиб белгиланганини инобатга олиб, худди шу ҳисоб-китобни амалга оширсак, бу 15 йилимиз 7 йил-у 7 ойга қисқаради. Яъни қуёш панели ўзини оқлаш муддати 2 баробарга қисқаряпти. Панел ўзини оқлагандан кейин текинга электр энергиясини ишлаб чиқаради ёки унгача ишлаб чиқарган токини ҳудудий электр тармоқларига сотадиган бўлса, йилига 157 млн сўм фойда қилади.

Аммо давлат тадбиркордан электр энергиясини сотиб олиши учун, у 1 мегаваттагача қуёш панелларини ўрнатиши керак. Бунда, юқорида таъкидлаганимдек, давлат ундан токни 2-гуруҳ тариф миқдорининг 80 фоизи миқдорида сотади: бу аввал 360 сўм бўлган бўлса, ҳозир 720 сўмни ташкил қилади.

Чет эл давлатларида тарифлар ва қуёш панеллари ўрнатилишини солиштириб кўрсак, энг қиммат тарифларга эга Германия ва Буюк Британияда тарифларнинг ошиши энергетика тизимининг диверцификациясига йўл очади. Яъни газ ёки токка боғланиб қолмасдан бошқа энергетика манбаларига ўтишга бўлган имкониятларни ҳам оширади.

Ўзим Японияда 2 йил яшаганман, 20 квадрат метрлик уйда, тўртга беш хона деса бўлади, фақат электр энергияси учун 200 доллар пул тўлаганман. Ҳозир у ерда қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича кўрсаткичлар жуда юқори. Япония электр энергиясидан оқилона фойдаланиш бўйича энг юқори кўрсаткичга эга давлатлардан бири. Ҳозир Ўзбекистонда ҳар бир ишлаб чиқарилган маҳсулотимизнинг энергия истеъмоли бошқа давлатлардан кўра 2-3 баробар кўп. Бу ҳам электр энергия ёки табиий газ нархлари бозор нархидан пастлиги туфайли юзага келган. Одамлар бунга эътибор ҳам бермасди. Вазирликда энергия самарадорлик бўлимида ишлайман, биласизми, одамларни “тежа, чироқни ўчириб юр, исроф қилма” деб тежашга ўргатиш жуда қийин. Аммо тарифлар ошиши орқали энергия самарадорлик анча ошади деган ҳисоб-китобларимиз бор.

Абдулла Отабоев / Фото: Энергетика вазирлиги

– Тарифлар ошди, қуёш панелларини ихтиёрий ўрнатишга рағбат ҳам ошди дермиз, аммо қайта тикланувчи энергия манбалари бозорида рақобат таъминланганми? Умидларни пучга чиқариши мумкин бўлган омиллар сақланиб қолмаяптими?

– Ҳозир Ўзбекистонда исталган компания қуёш панелларини ўрнатмоқчи, ёки четдан импорт қилмоқчи бўлса, бунга чеклов йўқ. Хоҳлаган одам олиб келиб сотиши ёки ўрнатиб бериши мумкин. Мен ҳозир уйимга ўрнатмоқчи бўлсам, айнан бир компаниядан сотиб олишга мажбур эмасман. Бу соҳада бозор механизмлари ишлаяпти, хоҳлаган компаниянгиздан сотиб олиб, уйингизга ўрнатишингиз мумкин: бунга чеклов йўқ, монополия йўқ.

Лекин 2022 йилда 220-сонли президент фармони чиққан, унда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қайта тикланувчи энергия қурилмаларини ўрнатган аҳоли учун компенсация ёки бўлиб тўлаш имконияти берилади дейилган. Фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун. Бу ҳам чеклов ҳисобланади. Аммо уни ҳозир олиб ташлаш устида ишлар кетяпти. Умумий бозорда ҳеч қандай чеклов йўқ. Бу ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш йўлида қўйилган қадамлардан бири: ҳеч қандай чеклов қўймаймиз, ҳамма бу бозорга кира олсин деган принципдамиз.

Аммо кейинчалик бу соҳани тартибга солиш керак деб ўйлайман, чунки ҳудудларда жуда сифатсиз ёки чет давлатларда ишлатилган панеллар кириб келиши каби ҳолатларни кузатдик. Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда бу борада ишлар бошланган. Бу ишларни бошламай туришимизга асосий сабаблардан бири тарифларнинг пастлиги бўлган, чунки панеллар ўзини оқлаши узоқ муддат талаб қилади. Тарифлар ошганидан кейин янада сифатли панелларни сотиб олиш қобилиятимиз ошади. Шу сабабли, соҳада сифатни назорат қиладиган лабораториялар очиш ишлари бошланган.

– Тарифлар либераллаштирилиши инвестицияларга йўл очади деган фикрлар илгари суриляпти, бу борада нималар дея оласиз?

– Биринчи навбатда, бозор механизмига ўтилиши бу соҳанинг айнан асоси бўлган инфраструктурага инвестицияларни кенгайтиради. Яъни инвеститицияларни қайтариш давомийлиги узоқроқ бўлган лойиҳаларга инвестициялар кириши кўпаяди. Яъни электр тармоқлари, газ қувурларини модернизация қилиш каби ҳозирда инвестиция талаб қилинаётган нуқталарга сармоя киритилиши кўпаяди.

Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергия манбаларими ёки бошқа генерация қувватларими, ўтган даврда кўплаб инвестициялар киритилди, лекин ишлаб чиқарилган электр энергияни истеъмолчига етказиб берадиган асосий тармоқлар ёки газ қувурларига инвестициялар деярли амалга оширилмади. Тарифлар либераллашуви орқали шуларга йўл очилади.

Бошқа давлатлар тажрибасига қарасак, улар биринчи навбатда инфраструктурани янгилаш, юқори кучланишли тармоқлар, юқори босимли газ қувурларини қуриб улар орқали етказиб беришга урғу берилади.

Бизда тарифлар либераллаштирилиши 2019 йилдан кўзга тутилган бўлса, бу ислоҳот ортга сурилиши оқибатида ҳозир юқоридаги таъкидлаганимдек, энг муҳим йўналишларга йўналтирилган сармоялар генерацияга киритилган инвестициялардан камроқ бўлган. Бундан ташқари, тармоқларни ривожлантиришга киритилган инвестицияларнинг манбалари, асосан, давлат кафолати остидаги давлат қарзлари ёки кредитлари бўлган. Ҳозир тарифларни либераллаштириш орқали биринчи навбатда давлат кафолати остида қарзлар олиш камаяди ва инфраструктура ривожланади.

Мадина Очилова суҳбатлашди

Манба: https://kun.uz/news/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>