— Ўзбекистонда қанча кўмир захираси мавжуд?
—Одамлар кўмир харид қилаётганда кўпроқ нималарга эътибор беришлари керак?
— Кўмир қазиб олиш табиат ёки атроф-муҳитга зарар етказмайдими?
— Кўмирнинг ўрнини босувчи яна қандай қазилмалар бор?
ЎзА мухбири шу каби саволларга “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти матбуот котиби Неъмат Душаевдан жавоб олди.
— Бу йил куз-қиш мавсумида аҳолига қанча кўмир етказиб бериш назарда тутилган? Режа қандай бажарилмоқда?
— Ўзбекистон кўмир саноати республика ёнилғи-энергетика мажмуининг ажралмас ва муҳим таркибий қисми саналади. Бугунги кунда республикамизда кўмир икки жойда ‒ Сурхондарё вилоятининг Шарғун конидан (тошкўмир) ва Тошкент вилоятининг Ангрен кўмир ҳавзасидан қазиб олинади.
Ўзбекистонда умумий ҳисобда 1,9 миллиард тонна кўмир захираси бор. Қазиб олиш ҳажми эса йилига ўртача 5,0-5,5 миллион тоннани ташкил этади. “Ўзбеккўмир” АЖ Ўзбекистондаги кўмир қазиб олувчи ва етказиб берувчи йирик ва етакчи корхонадир.
“Ангрен” кўмир ҳавзаси базасида фаолият юритиб келаётган “Ўзбеккўмир” АЖ маҳсулотининг асосий истеъмолчилари “Ангрен” ИЭС ва “Янги Ангрен” ИЭС, бюджет ташкилотлари ҳамда аҳоли, шунингдек, қисман хусусий секторлар ҳисобланади.
Жамият томонидан 2022 йил якуни билан 5 073,9 минг тонна кўмир қазиб олинди ва режа (4 минг 800 тонна) 105,7 фоизга бажарилди. Бу 2021 йилдагига нисбатан 274 минг тоннага кўп демакдир.
Аҳоли ва бюджет ташкилотларига қаттиқ ёқилғи “Кўмир таъминот” МЧЖнинг республика ҳудудий омборлари орқали тарқатилади.
Режага кўра, 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсуми учун аҳоли ва бюджет ташкилотларига жами 1 682,6 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Шундан 1 190,8 минг тоннаси аҳолига, 491,8 минг тоннаси бюджет ташкилотларига мўлжалланган.
Жорий йилнинг 11 сентябрь ҳолатига аҳоли учун 398,3 минг тонна ёки режага нисбатан 115,2 фоиз маҳсулот тарқатилди. Бюджет ташкилотлари учун ортиб юборилган маҳсулот 397,7 минг тоннани ташкил этди ва режага нисбатан 80,9 фоиз маҳсулот етказиб берилди.
— Кўмир қазиб олиш осон иш эмас. Бунинг учун техникалар етарлими? Мавжудларининг яроқлилиги қандай?
— Юқорида келтирилган рақамларда “Ўзбеккўмир” АЖда ҳукумат томонидан қўйилган режалар ортиғи билан бажарилаётгани, кўмир қазиб олиш ва етказиб бериш ҳажмлари йил сайин ортиб бораётганини кузатиш мумкин. Бироқ кон устини очиш ишларида қолоқлик сақланиб қолмоқда. Ўтган саккиз ойда 15,1 миллион куб метр ҳажмда тупроқ ишлари бажарилди ва бу режага нисбатан 93 фоизни ташкил этди. Темирйўл транспортида кон очиш 98,5 фоизга, автотранспортда кон очиш 90,9 фоизга тенг бўлди. Сабаби, кўмирга талаб йил сайин ошаётгани ҳолда, Ангрен конларининг қуввати чекланган, боз устига кон техникалари маънан эскирган.
Конларни замонавий кон техникалари билан жиҳозлаш тақозо этилади. Шу нуқтаи назардан ҳукумат ғамҳўрлиги билан “Ўзбеккўмир” АЖга 77,1 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратилаётгани айни муддао бўлди. Айни кунларда жамиятга янги ва замонавий кон техникалари харид қилинмоқда. Уларнинг дастлабкилари етиб келди.
— Одамлар кўмир харид қилаётганда кўпроқ нималарга эътибор беришлари керак? Яъни, оддий халқ кўмирнинг сифатини қандай аниқлаши мумкин?
‒ Қизиқарли савол. Дарҳақиқат, истеъмолчи маҳсулотни унинг сифати ва нархига қараб харид қилиш ҳуқуқига эга. Яширишнинг ҳожати йўқ, “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан етказиб берилаётган маҳаллий кўмирнинг сифати ҳақида баъзан асоссиз эътирозлар эшитиб қоламиз. Бу эътирозлар кўпроқ ёқилғининг сифат кўрсаткичлари ҳақида етарлича билмаслигимиздан келиб чиқмоқда.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистонда икки хил кўмир қазиб олинади ва ишлатилади, яъни тошкўмир ва қўнғир кўмир. Шарғуннинг тош кўмири юқори иссиқлик беради ва шу боисдан кўпроқ ғишт, цемент заводлари ва иссиқхоналар учун мўлжалланган. Ангрен кони кўмирининг иссиқлиги камроқ ва ана шу камроқлиги жиҳатидан ҳам маиший мақсадларда ишлатишга қулайлиги билан ажралиб туради.
Эслатиб ўтмоқчимизки, кўмирнинг сифати маҳсулотнинг ўлчамлари билан белгиланмайди. Айрим истеъмолчилар ёқилғининг ташқи кўриниши (йирик ё майдалиги)га қараб баҳо беради ва хато қилади. Аслида кўмирнинг сифати деганда унинг фракциясидан ташқари ёнувчанлиги, кулчанлиги, намлиги ҳам эътиборга олиниши керак.
Аҳоли истеъмолчиларига мўлжалланган маҳаллий кўмирнинг сифат кўрсаткичлари қуйидагича: маркаси ‒ 2БЗР, бўлаклар ўлчами ‒ 25-500* мм, бўлаклар ундан катта бўлишига рухсат этилади. Намлиги ‒ 45 фоизгача, кулчанлиги ‒ 17 фоизгача бўлиши шарт. Ёқилғининг ишчи ҳолатида пастки ёниш ҳолати 3200 к/к. Таркибида 25мм дан зиёд ўлчамдаги минерал аралашмалари бўлган бўлаклар 3 фоизгача майдалар миқдори 20 фоиздан ошмаслиги керак.
Ангрен кўмир конидан юкланган ёқилғи кўмир жамланмасига етказилгач, у ерда лабораториядан ўтказилади. Ҳар бир вагондаги маҳсулотга сифат гувоҳномаси берилади. Харидор кўмирни ўз ҳудудидаги омборлардан сотиб олаётган чоғида ўша сифат гувоҳномасини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Қиш мавсуми учун харид қилинган кўмир ёқилғисини сақлашнинг ҳам тартиблари мавжуд. Ҳар қандай кўмир ҳам очиқ ҳавода қолса, кун сайин ўз хусусиятларини йўқота бошлайди ва тахминан 20 кундан кейин кукун ҳолатига келиши мумкин. Қаттиқ ёқилғининг сифати бузилмаслиги учун уни махсус омборларда, устини ёпиб сақлаш тавсия этилади.
— Кўмирга бўлган эҳтиёж йил сайин ошаётганини қандай изоҳлайсиз?
‒ Тўғри, кўмирга талаб йил сайин ошиб бормоқда. Мисоллар билан изоҳлайдиган бўлсак, 2021 йилда жами 5 183,0 минг тонна қаттиқ ёқилғи юклаган бўлсак, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 5 319,7 минг тоннани ташкил этди. Жорий йилда бу рақам янада кўпайган.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 май куни энергия таъминоти масалаларига бағишланган йиғилишда Ўзбекистонда кўмир қазиб олишни 1,5 бараварга ошириш бўйича вазифалар қўйди. Бошқача айтганда, 2023 йилда кўмир қазиб олиш 5,3 миллион тоннадан 6,5 миллион тоннагача оширилиши кўзда тутилган. Кўмирга бўлган талабнинг ошиши мавжуд иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари, болалар боғчалари, мактаблар ҳамда шифохоналарнинг иссиқлик таъминотини кўмир ёқилғисига ўтказиш қарори билан ҳам боғлиқ. 2023 йилда газни тежаш мақсадида 5 минг 407 та ижтимоий объект, 1 минг 147 та иссиқхона ва 250 та завод кўмирга ўтказилиши режалаштирилган.
— Республикамизда бугунги кунда кўмир конлари сони нечта ва уларни қидириб топиш билан кимлар шуғулланади?
‒ Юқорида айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистонда аниқланган кўмир захиралари 1,9 миллиард тоннани ташкил этади ва бугунги кунда ушбу ёқилғини қазиб олиш Шарғун ва Ангрен кўмир конларида олиб борилмоқда. Кўмирга ўсиб бораётган талабни қондириш мақсадида 14 та, шу жумладан Сурхондарёдаги тошкўмир бўйича 5 та истиқболли майдонни хусусий секторга бериш, геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, Ангренда қазиб олинадиган кўмир сифатини яхшилаш ва саралаш технологияларини жорий этиш бўйича вазифалар белгиланди.
— Кўмир қазилиб аҳолига етиб боргунча қандай босқичлардан ўтказилади?
‒ Ангрен кўмири асосан очиқ усулда қазиб олинади ва истеъмолчига етиб боргунича бир неча босқичдан ўтади. Яъни, устки қатлам (тоғ жинси) олиб ташланади ва ёқилғи кон экскаваторларида қазилиб, оғир юк ташувчи 90-130 тонналик “БелАЗ” автосамосвалларида кон ички омборига етказилади. Бу ерда кўмир сараланиб, вагонларга ортилади.
“Ўзбеккўмир” АЖ қазиб олинган кўмир маҳсулотларини “Кўмир таъминот” МЧЖнинг кўмир омборлари манзилига юклаб жўнатишни таъминлайди. Бунда жамият масъуллари кўмирни юклаш, жўнатиш, кўмирнинг сифати ва миқдорлари юзасидан жавобгар ҳисобланадилар. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси кўмир ортилган вагонларни белгиланган станцияларга етиб боришига қадар қўриқлашга ҳамда юкланган кўмир миқдорига жавоб беради. Ҳудудий кўмир омборларига етказилган кўмирни қабул қилиб олиш, сифатли сақлаш ва истеъмолчига сотилишига “Кўмир таъминот” МЧЖ масъулдир.
— Кўмир қазиб олиш табиат ёки атроф-муҳитга зарар етказмайдими?
‒ Йўқ. Корхонамиз экологик ҳамда санитария-эпидемиологик сертификатга эга. Тўғри, Ангрен кўмир ҳавзаси ўзининг 75 йиллик тарихи давомида Ангрен шаҳри томон муттасил кенгайиб бормоқда. Ҳар йили кон устини очиш жараёнида миллионлаб тонна тоғ жинси кўчириб олинади ва ички ва ташқи ағдарма (отвал)га олиб чиқиб тўкилади. Қишлоқ хўжалигидан олинган ушбу майдонларда режали тарзда рекультивация ишлари амалга оширилмоқда.
Жамият томонидан “Ангрен кўмир кони фаолияти учун “Атмосфера ҳавосига ташламаларнинг белгиланган меъёри” (ПДВ), “Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши ва жойлаштириш меъёри” (ПДО), “Оқова сув ташламаларнинг белгиланган меъёри” (ПДС) лойиҳалари ишлаб чиқилган ва давлат экологик экспертизаси хулосалари олинган. Ушбу ишлаб чиқилган экологик меъёрий ҳужжатлар асосида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида барча ишлар ташкиллаштирилган булиб, доимий равишда мониторинг ишлари олиб борилади.
Атмосфера ҳавосига ташланадиган ташламалар, корхона ҳудудида ҳосил бўладиган саноат чиқиндилари ҳамда оқова сув ташламалари бўйича олиб бориладиган мониторинг ҳисоботлари умумлаштирилиб, ҳар ой охирида тайёрланган ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Тошкент вилоят бошқармасига юборилади.
Жамият томонидан кўмир қазиб олиш бўйича ишчи лойиҳалар ишлаб чиқилади. Ушбу лойиҳалар ҳар бир кон бўйича махсус ва даврийлик хусусиятига эга бўлиб, уларда кўмир қазиб олиш жараёнида кўтариладиган чанг, кўмир таркибидан ажралиб чиқадиган метан гази, фойдаланилган ёнилғи-мойлаш материалларидан чиқадиган заҳарли газлар ҳамда тарқалиши мумкин бўлган радиация нурлари хавфини бартараф қилиш ёки камайтириш ўз аксини топади. Ишчи лойиҳалар бўйича ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатлар Экология вазирлигига тақдим этилади. Экология вазирлиги рухсат берганидан сўнг ишчи лойиҳалар ишлаб чиқаришга татбиқ қилинади.
— Кўмирнинг ўрнини босувчи яна қандай қазилмалар бор?
— Электр энергияси ишлаб чиқариш, хонадонларни иситиш учун кўмирнинг ўрнини босувчи муқобил энергия, бу, шубҳасиз қайта тикланувчи қуёш, шамол ва сув энергиясидир. Айни вақтда республикамиз бўйича “Яшил энергетика”га ўтиш бўйича кенг кўламли ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Кўмирнинг ўрнини табиий газ ва нефть (мазут) маҳсулотлари босиши мумкин. Кўмирнинг ўрнини ўтин ҳам босади. Аммо қазилмалар орасида ҳозирча кўмирнинг ўрнини босадигани йўқ. Сабаби, Ўзбекистонда кўмирнинг захираси катта ва газ ва нефтга қараганда анча арзон ёқилғидир. Бироқ ҳар уч қазилма ҳам ечим эмас. Бирдан-бир нажот ‒ қайта тикланувчи энергиядир.
— Аҳоли ёқилғи харид қилиш учун кимга мурожаат қилиши лозим?
— Республикамизда газ етиб бормаган қишлоқлар аҳолисини арзонлаштирилган маҳаллий кўмир ёқилғиси билан етарли миқдорда таъминлаш Ҳуқуматнинг ҳамон асосий диққат марказида турибди.
Ҳар йили табиий газ етиб бормаган аҳоли пунктларида МФЙлар томонидан кўмирга бўлган эҳтиёж аниқланади ва тегишли рўйхат шакллантирилиб, туман (шаҳар) ҳокимликларига тақдим этилади.
Маҳаллий ҳокимликлар ушбу рўйхатлар асосида ҳудудий кўмир омборларига буюртма беради ва кўмир тарқатиш жадвалини тасдиқлайди.
Аҳоли ушбу жадвалга асосан ўзига яқин ҳудудий кўмир омборига мурожаат қилади.
Аҳоли истеъмолчилари маҳаллий кўмир харид қилишда муаммога дуч келса, қуйидаги “Ишонч телефон”ларига мурожаат қилиши мумкин:
“Кўмир таъминот” МЧЖ - 71-244-38-28.
“Ўзбеккўмир” АЖ Ишонч телефони - 78-148-30-03.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
суҳбатлашди.
Манба: https://uza.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати