Аввал хабар берганимиздек, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларда 2023\2024 йил куз қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, яъни магистрал электр тармоқлари объектларида таъмирлаш-созлаш, қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Сурхондарё вилояти истеъмолчилари электр таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида 220 кВ кучланишли «Шеробод» подстанциясига тўла қуввати 250 МВА бўлган автотрансформатор ўрнатилиб, 72 соат давом этадиган синов муддатига кучланиш остига қўйилди.
Амалга оширилган модернизация-реконструкция ишлари мамлакатимиз генерация жараёнида ҳосил қилинган ҳамда қисман импорт қилинган электр энергияси тақсимловчи тармоқларга узатиш имкониятларини ошириб, магистрал тармоқлар барқарор фаолиятини таъминлайди.
Бажарилаётган модернизация ишлари натижасида вилоятнинг Қумқурғон, Жарқўрғон, Бандихон, Бойсун, Шўрчи, ҚизириҚ, Шеробод ва Олтинсой туманлари ҳамда сув хўжалиги тизимидаги «Шеробод насос станцияси»нинг (қуввати 4х7,5 МВт) электр таъминоти янада яхшиланди.
‖ Веб-саҳифа ‖ Facebook ‖ Instagram ‖ Twitter ‖ Youtube
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати