Янгиликлар
Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикалари Энергетика вазирликлари Қўшма ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди
  • 09.08.2023
  • 199

Бугун, 8 август куни Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикалари Энергетика вазирликлари Қўшма ишчи гуруҳининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Энергетика вазири ўринбосари А.Жуманазаров ва Озарбайжон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари С.Велиев иштирок этди.

 

Мазкур ишчи гуруҳ Озарбайжон Президентининг 2022 йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ ташкил қилинган.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан 2022 йил август ойида имзоланган “Йўл харитаси”сининг ижроси кўриб чиқилди ҳамда томонлар унинг ҳар бир банди бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар.

 

“Йўл харитаси” қайта тикланувчи энергия манбалари ва ДХШ асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш, энергия самарадорлиги, электр ҳамда иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш, инвестиция блокларида геология-қидирув ишлари, нефт ва газ кимёси, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, институционал ислоҳотлар, кадрлар тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш кабиларни ўз ичига олади.

 

Муҳокамалар якуни бўйича “Йўл харитаси” доирасидаги ишларнинг бажарилиши қониқарли, деб топилди ва ҳамкорлик йўналишларининг кенгайганини ҳисобга олиб, томонлар янги “Йўл харитаси”сини ишлаб чиқиб, август ойи сўнгида Озарбайжон Республикасига кутилаётган ташриф давомида имзолашга келишиб олдилар.

Шунингдек, учрашувда икки давлат Энергетика вазирликлари томонидан ишлаб чиқилган ҳукуматлараро битим ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “SOСAR” ўртасидаги келишувлар бўйича ҳужжатлар лойиҳалари муҳокама қилинди.

Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати.

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/3151

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>