Янгиликлар
Брифинг: Жорий ярим йилликда Ўзбекистон ёқилғи-энергетика тармоғида амалга оширилган ишлар таҳлили
  • 08.08.2023
  • 231

Ассалому алайкум!

Жорий йилнинг ўтган даврида истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш сифатини яхшилаш мақсадида республика миқёсида 748 та трансформатор пункти алмаштирилди, 7 минг 548 та трансформатор пункти таъмирдан чиқарилди. 2 минг 941 километр ўтказиш тармоқлари янгиланди, 22 минг 112 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди. 1 минг 257 та подстанция юқори технологик усулда қайта жиҳозланди.

Жорий йилнинг январь-июль ойларида юртимизда 13 млрд 810 млн киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 1 млрд 437 миллион киловатт-соат ёки 11,6 фоиз кўпни ташкил қилади.

Худди шунингдек, январь-июль ойларида истеъмолчиларга 12 млрд 146 млн киловатт-соат электр энергияси етказиб берилди. Бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 1 млрд 100 млн киловатт-соат ёки 9,6 фоиз кўп.

Айтиш керакки, бугун юртимизда генерация жараёнини кучайтиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг март ойида Сурхондарё вилоятидаги “Тўпаланг” гидроэлектр станциясини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида унинг умумий қуввати 175 мегаваттга етказилди. Бу йилига қўшимча 467 млн киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилди, деганидир.

Қолаверса, мазкур давр оралиғида мамлакатимизда умумий қуввати 400 киловатт бўлган 2 та микроГЭС ишга туширилди.

Навоий вилоятининг Томди туманида, Бухоро вилоятининг Пешку ҳамда Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 мегаваттдан бўлган, жами 1 минг 500 мегаватт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида станцияларда илк шамол турбиналари ўрнатилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, вазирлик тизимидаги мутасадди идоралар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда электр энергияси, табиий газ ва нефт ҳамда нефт маҳсулотларидан оқилона фойдаланиш, уларни ноқонуний тасарруф этишнинг олдини олиш борасида ҳам изчил чора-тадбирларни кўриб келмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида аниқланган электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари сони 2265 тани, зарар суммаси эса 78,5 млрд сўмни ташкил этди.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида 2 минг 695 та истеъмолчи томонидан жами 242 млн 213 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳам аниқланган.

Бунинг натижасида газ таъминоти корхоналарига етказилган зарар миқдори 231 млрд 866 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Таҳлилларга кўра, январь-июнь ойларида мамлакатимизда 438,7 минг тонна суюлтирилган газ, 649,6 минг тонна автобензин, 536,7 минг тонна дизел ёқилғиси, 78,4 минг тонна мазут, 197,8 минг тонна полиэтилен ва 38,1 минг тонна полипропилен ишлаб чиқарилди.

Инвестиция дастури доирасида январь-июнь ойларида жами 1 млрд 568,3 млн долларлик, шундан тўғридан-тўғри 1 млрд 161,5 млн долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/3147

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

  t.me/uzmetaxborotxizmati

>