“Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг 2023 йил 31 майдаги 133-сонли хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги буйруғига асосан 2023 йил 4 июндан 8 июнгача Қозоғистон Республикаси Алмати (Олма-ота) шаҳрида АҚШ Энергетика ассоциацияси ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган “Марказий Осиёда энергетика сектори учун киберхавфсизлик ва рақамлаштиришни такомиллаштириш” бўйича ташкиллаштирилган минтақавий семинарда киберхавфсизлик стратегияларини ишлаб чиқиш ва кибер заифликларни камайтириш, активларни ҳимоя қилиш ва ишончлилигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди ва ўрганилди.
Семинар давомида энергетика сектори учун киберхавфсизлик ва рақамлаштириш нега энергетика компанияларининг асосий вазифаларидан бири бўлиши кераклигини ва Акциядорлик жамиятида киберхавфсизлик бўйича илғор тажрибаларни қандай жорий этиш лозимлиги хусусида тақдимот ўтказилди.
Мазкур семинарда Шимолий Македония энергияни узатиш тизими оператори — MEPSO’да иш юрутувчи Энис Дрндар ҳамда Шимолий Македония энергияни узатиш тизими оператори — MEPSO’да рақамли технологияси директори Гоче Талевски билан рақамли активларни инвентаризация қилиш ва заифликларни бошқариш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, C2М2 киберхавфсизлик имкониятлари етуклик модели, PRAGOS платформаси, парол сиёсати ва киберхавфсизлик соҳасида иш юритаётган ходимларнинг билим ва кўникмалари етарли даражада бўлиши учун айрим маълумотлар билан таништириб ўтди.
Бундан ташқари, семинар давомида мутахассислар IT-тизимлар ва хизматларни, шу жумладан IT-ечим ва стандартлардан фойдаланган ҳолда корпоратив локал тармоқни жорий этиш ва амалга ошириш услублари бўйича маъруза маълумотларини тақдим этишди.
IT учун бешта муҳим бошқарув, шу билан бирга, тизим хавфсизлигини ошириш, мавжуд компонентларга хавфсизлик конфигурациясини қўллаш мавзулари бўйича мутахассис Эдвин Уейд маърузаси тингловчиларда яхши таассурот қолдирди. Мазкур мутахассис Dragos, Inc., компаниясида саноат киберхавфсизлик, операцион технологиялар (ОТ) ва саноат назорати тизимларига ихтисослашган асосий эксперти ва консультанти ҳисобланади.
Замонавий кибермудофаа: энг яхши технологиялар ва маҳсулотлар, шунингдек, муҳим инфратузилмалар учун нол ишонч тармоғини лойиҳалаш учун чуқур мудофаа тамойилларини ва ОТ SDN технологияларини қўллаш мавзулари бўйича Европанинг Schwitzer Engineering Laboratories S.r.l. компанияси минтақавий техник менеджери Жоржио Виелмини томонидан ўтказилган маърузада SEL-3355, SEL-3360Е, SEL-3360С, ISO/IEC 37001 стандарт, заифликлар, идентификация, йўқ қилиш, тиклаш (recovery) ва бошқалар бўйича семинар иштирокчилари билан биргаликда муҳокамалар ўтказилди ва зарур маслаҳатлар олинди.
Ўтказилган семинар натижаларига кўра “Ўзбекистон МЭТ” АЖ ходимлари томонидан йўл харитаси ишлаб чиқилди ва тадбир ташкилотчилари ҳамда семинар иштирокчилари учун тақдим этилди.
Ушбу хизмат сафаридан олинган маълумотлар, билим ва хулосалар келгусида “Ўзбекистон МЭТ” АЖда ахборот ва киберхавфсизликни ҳамда рақамлаштиришни такомиллаштириш, жорий этиш ва инфратузилмада мавжуд ахборот тизимларни модернизация қилиш лойиҳаси доирасида бажарилиши керак бўлган ишларни тўғри ташкил этишда мустаҳкам қадамлардан бири ҳисобланади.
Семинарда иштирок этган ходимлар семинар натижаси бўйича ташкилотчилар томонидан юқори баҳоланди ва сертификатланди.
Шаҳзод Таштаев, “Ўзбекистон МЭТ” АЖ Ахборот ва киберхавфсизлик бўлими мутахассиси
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати