2023 йил 16 май куни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган «Барқарорликка сармоя киритиш» номли йиллик йиғилиш ва бизнес форуми доирасида энергетика лойиҳасини амалга ошириш учун давлат кафолатисиз корпоратив кредит ажратилиши тўғрисидаги ҳужжат имзоланди.
Бунда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ўртасида кредит олиш учун мандат хати имзоланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоийзки, ҳужжат билан ЕТТБ иштирокида «Саримой» подстанциясини «Мурунтов» подстанцияси билан боғловчи 500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳани амалга ошириш Республикамизнинг Шимолий-ғарбий, Жанубий-ғарбий ва Зарафшон энергоузеллар оралиғида қувват ўтказиш барқарорлигини таъминлаш, 500 кВ кучланишдаги, узунлиги 226 километрга тенг бўлган ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш Ўзбекистон энергетика тизимининг Шимолий-ғарбий қисмида қурилиши режалаштирилган қуввати 3 ГВтдан ортиқ янги шамол электр станциялари орқали ишлаб чиқариладиган қувватни энергетика тизимининг Марказий қисмига узатишда муҳим аҳамият касб этади.
ЕТТБ иштирокида жами 4 та, Бесопан электр узатиш тармоғи, «Мурунтов» подстанцияси, Саримай–Жонкелди электр узатиш тармоғи ҳамда «Саримой» подстанциясини «Мурунтов» подстанцияси билан боғловчи 500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш инвестиция лойиҳалари бажарилмоқда. Бесопан электр узатиш тармоғи, «Мурунтов» подстанцияси ва Саримай–Жонкелди электр узатиш тармоғи инвестиция лойиҳаларининг умумий қиймати 225,7 миллион АҚШ долларига тенг.
Хизмат сафарининг биринчи кунида, яъни халқаро тадбирларнинг дастлабки иш куни якунлангандан сўнг «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Д.А.Исақулов «Самарқанд магистрал электр тармоқлари» филиали директори Маҳмуд Пардаев ҳамроҳлигида Филиал таркибидаги электр объектлари иш фаолияти билан танишишни бошлади.
Шунингдек, хизмат сафари давомида Дадажон Айнақулович 220/110/35/10/6 кВ кучланишли "Чўпон-ота" подстанцияси фаолиятини назорат кўригидан ўтказди ва подстанцияда навбатчиликда турган мутахасислар билан суҳбатлашиб, масъул ходимларга тегишли тавсияларини берди.
Хизмат сафарининг иккинчи кунида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси биринчи ўринбосари С.С.Артиков иштирокида яна бир ҳужжат имзоланди — ACWA Power компанияси ҳамда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ўртасида биринчи водородли ўғит лойиҳаси доирасида электр энергиясини сотиб олиш шартномасини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон Республика Энергетика вазирлигидан ҳам масъул ходимлар иштирок этишди.
Шунингдек, халқаро тадбир доирасида ташкил этилган "МАРКАЗИЙ ОСИЁ: БАРҚАРОР ЭНЕРГИЯ ЙЎЛИДА" номли ялпи мажлисда Ўзбекистон энергетика соҳасидда амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокама этилди. Унда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ бошқаруви раиси Д.А.Исақулов ҳамда Акциядорлик жамиятининг бошқа вакиллари иштирок этишди.
Улуғбек Урунов, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ Ахборот хизмати раҳбари
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати