Янгиликлар
НАВОИЙ ВИЛОЯТИНИНГ ЗАРАФШОН ШАҲРИ ҲУДУДИДА 500 МВт ҚУВВАТГА ЭГА ШАМОЛ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИ ҚУРИЛАДИ
  • 08.06.2020
  • 2009

   Бугун, 2020 йил 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш чора-тадбирлари» тўғрисидаги ПҚ-4256-сон ва 2019 йил 29 апрелдаги «Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари» тўғрисидаги ПҚ-4300-сон қарорлари асосида Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ҳудудида «Қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станцияси қуриш» лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar Energy» компанияси ўртасида видеоконференция шаклидаги битим имзоланди.

   Мамлакатимиздаги карантин тадбирларига мувофиқ мазкур битим имзолаш маросими тўғридан-тўғри видеомулоқот орқали онлайн шаклидан ўтказилди.

   Ушбу инвестицион лойиҳанинг умумий қиймати 825 млн. АҚШ доллари ҳисобида баҳоланган бўлиб, у Инвестор томонидан 100% тўғридан-тўғри молиялаштирилиши назарда тутилган.

   Эслатиб ўтамиз, имзоланган битимнинг «Электр энергиясини сотиб олиш шартномаси» шартларига кўра ишлаб чиқариладиган қайта тикланувчи энергия ресурслари «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан ягона харидор сифатида қабул қилиниб, Ўзбекистон электр энергетика умумтизими орқали истеъмолчиларга етказиб берилади.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>