Янгиликлар
АФҒОНИСТОННИНГ «DABS» ШИРКАТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ИМЗОЛАНГАН ШАРТНОМА ШАРТЛАРИГА МУВОФИҚ АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА
  • 22.04.2020
  • 1080

   Яқинда айрим хорижий ОАВларда «Ўзбекистон Афғонистонга электр узатиш таъминотини узиш билан таҳдид қилмоқда» номли хабар-маълумотлар эълон қилинди. Унда айтилишича, Афғонистоннинг «Da Afghanistan Breshna Sherkat» (DABS) электр тармоқлари компанияси бош директори Омонуллоҳ Ғолиб: «Коронавирус пандемияси пайтида баъзи одамларнинг, ҳатто давлат идораларининг қарзлари бўйича тўлов амалиётлари охирги молиявий чора даражасига кўтарилмоқда, бу эса ўз ортидан оғир иқтисодий-молиявий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда» деб баёнот берган.

  Мазкур хабарда Афғонистон Ислом Республикасида, бошқа қатор мамлакатларда кузатилаётгани каби, бир қатор иқтисодий-ижтимоий қийинчиликларга дуч келаётгани тилга олинади. Жумладан, импорт амалиёти туфайли узлуксиз қабул қилиниб, истеъмол қилинаётган электр энергияси учун тўловларни мамлакатнинг йирик давлат ташкилотлари ва саноат корхоналари ўз вақтида амалга оширолмай қолгани, «DABS» ширкати эса уларга электр таъминотини узиб қўйиш билан огоҳлантириш киритгани тилга олинган (гугл-таржимон орқали ўрганилган маълумотларга кўра).

  Шу билан бирга, Афғонистон электр таъминоти ширкати бир қатор қўшни давлатларга, шу жумладан Ўзбекистонга ҳам электр энергияси эвазига қарздор эканлиги ҳақида маълумот бериб ўтган. Аммо хабарлар сарлавҳасига чиқарилганидек, маълумотлар матни таркибида Ўзбекистон Афғонистонга электр узатиш билан таҳдид қилгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ахборот хизмати мазкур масала юзасидан расмий баёнот беради:

  Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси ҳукуматлараро келишувга асосан, «Da Afghanistan Breshna Sherkat» (DABS)  ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ўртасида 2019 йил 25 декабрда имзоланган шартномага мувофиқ электр энергияси Ўзбекистон Республикасидан Афғонистон Ислом Республикасига мунтазам равишда етказиб берилмоқда (Афғонистондаги техник носозликлар туфайли содир бўлган узилишлар бундан мустасно).

Манба: uzbekistonmet.uz/uz

Manba: uzbekistonmet.uz/uz

  Айни пайтда «DABS» ширкатининг 2020 йил март ойидаги етказиб берилган электр энергияси учун «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ олдида шартномавий қарзи мавжуд. Шу муносабат билан, Акциядорлик жамияти маъмурияти томонидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали «Da Afghanistan Breshna Sherkat» номига 2020 йил 17 апрелда расмий мурожаат юборилган бўлиб, унда имзоланган  шартнома юзасидан тўловларни ўз вақтида амалга ошириш чораларини кўриш масаласи сўралган. Агар 2020 йил 26 апрель санасигача тўловлар белгиланган тартибда амалга оширилмаса, шартноманинг айрим бандларига мувофиқ пениялар (жарима устамалари) қўшиб ҳисобланиши эслатиб ўтилган.

  Демак, юқорида келтирилган далиллардан аён бўладики, Ўзбекистон Республикаси Афғонистон Ислом Республикасига, аниқроғи  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан «Da Afghanistan Breshna Sherkat» компаниясига электр энергия экспорти амалиётини тўхтатиб қўйиш билан таҳдид этилмаган. Барча ҳамкорлик алоқалари имзоланган шартнома бандларига мувофиқ тарзда амалга оширилмоқда ва унда турли молиявий қийинчиликлар ёки бошқа назарда тутилмаган ҳолатлар пайтида инобатга олинадиган айрим (форс-мажор) шартлар ҳам мавжуд.

  Маълумот ўрнида: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти юқори кучланишли электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ташкилотлардан ҳудудий электр корхоналарига транспортировка қилиш, электр энергияси импорти ва экспорти масалалари билан шуғулланади.

  Жамиятнинг экспорт амалиётларидан ташқари электр энергияси импорти юзасидан ҳам тўлов мажбуриятлари мавжуд бўлиб, истеъмол қилинган энергоресурсларга ўз вақтида тўловларни амалга ошириш — электр таъминоти корхоналарининг барқарор фаолиятини таъминловчи биринчи омил ҳисобланади.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг!  t.me/uzmetaxborotxizmati

>