Янгиликлар
«Жиззах магистрал электр тармоқлари» филиали: 2022–2023 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари якунланмоқда
  • 05.10.2022
  • 196

“Жиззах магистрал электр тармоқлари” филиалининг 2022–2023 йил куз-қиш мавсумида электр қурилмаларининг барқарор ишлашини таъминлаш борасида амалга оширган ишлари сарҳисоби.

 

 
«Жиззах магистрал электр тармоқлари» филиали 2022–2023 йил куз-қиш мавсумида ўз таркибидаги энергетика объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича амалга оширган ишларини «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг 2022 йил 15 августдаги 200-сонли ва Филиалнинг 118-буйруғи талаблари асосида шакллантирган эди.

  Буйруқ асосида ишларни ташкиллаштириш юзасидан тузилган «Ишчи гуруҳ» барча куч ва имкониятлар ҳамда ажратилган сармояларни ҳисоб-китоб қилиб, «Йўл харитаси» ишлаб чиқди. Филиал бўйича куз-қиш мавсумига тайёргарлик ана шу режани босқичма-босқич бажариш, унинг ҳар бир банди бўйича зарур бўладиган маблағ, керак бўладиган эҳтиёт қисмлар, лозим бўлган вақт, зарур бўладиган техника, жалб этиладиган ишчи кучини сарҳисоб қилиб, мутахассислар билан муҳокама қилиб борилди.

 

 

Филиал раҳбарлари, хизматлар, гуруҳлар бошлиқлари ҳамда мутахассислар бажарилиши лозим бўлган ишларни ўрганиб чиқиш, ишни жойида ташкиллаштириш, назорат қилиш ва сифатли якунланишига эришишни таъминлаш масалаларига масъул этиб тайинландилар, вақти-вақти билан уларнинг ахборотлари, талаблари, ҳисоботлари эшитилиб борилди.

 

 
«Жиззах магистрал электр тармоқлари» филиали директори ва бош муҳандис ҳузурида куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг бориши, зарур эҳтиёт ва бутловчи қисмлар рўйхати, уларни келтириш, асоссиз равишда таъмирлаш ишларини кечиктириш, бириктирилган шахсларнинг масъулиятини янада ошириш, ўз вақтида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг тегишли бошқармаларига, бўлимларига ахборотлар юбориш масалалари тингланиб, вазиятни ўнглаш, тадбирларни муддатида бажариш чоралари кўрилди.

Бугунги кунга келиб режалаштирилган барча ишлар тўлиқ бажарилишига эришилди.

 

 

 Жумладан:

 2022 йил учун йиллик мукаммал таъмири режалаштирилган:

·         1 дона 125 МВА автотрансформатор;
·         1 дона 220 кВ ва 3 дона 110 кВ кучланишли ўчиргич;
·         105,15 км ҳаво электр узатиш тармоғи.

Режадаги таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилди ва бажарилган ишлар “Ўзэнергоинспексия” Жиззах вилоят ҳудудий бўлими инспектори иштирокида техник назоратдан ўтказилган ҳамда тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилган.

“Жиззах МЭТ” филиали таркибидаги подстанцияларда: 16 дона куч трансформаторлар; 71 дона ўчиргичлар ҳамда 82 км узунликдаги ҳаво электр узатиш тармоқларда жорий таъмирдан ўтказиш режалаштирилган.  Режалаштирилган ишлар тўлиқ бажарилди.

Шунингдек, 500 кВли Л-521 40,92 км, 220 кВли Л-З-С 64,23 км узунликдаги ҳаво электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди.

 

 

2022 йил 20 сентябрга қадар филиалнинг “Ҳаво тармоқлари” хизмати томонидан 110–220–500 кВ кучланишли электр узатиш ҳаво тармоқлари тўлиқ кўрикдан ўтказилди. Кўрик жараёнида аниқланган нуқсонлар бартараф этилди.

Жумладан:

- Электр узатиш тармоқларининг 3,8 км оралиқдаги муҳофаза ҳудуди дарахт ва шох-шаббалардан тозаланди;
 - 220 кВли ҳаво тармоқлари устунларида қушлар таъсирида ўчишларнинг олдини олиш учун 104 дона қушларга қарши тўсиқлар (ППЗ) ўрнатилди;
 - Жорий ва мукаммал таьмирлаш ишлари давомида 238 дона изоляторлар алмаштирилди.

Бундан ташқари, 220 кВ кучланишли “Жиззах” подстанциясида модернизация дастури доирасида 110–220 кВли мойли ўчиргичлар янги замонавий элегазли ўчиргичларга алмаштирилди.

 

 Филиал объектларида барча ёнғин ўчириш анжомларининг фойдаланиш муддатлари, яроқлилигини текшириб кўриб, заруратга қараб уларни алмаштириш, таъмирлаш ишларини амалга оширдилар. Шу йўналишда ёнғинга қарши гидрантларни, биноларни иситиш қурилмаларининг ишчи ҳолатини синовдан ўтказдилар. Хизмат хоналарининг иситиш тизимидаги муаммолар бартараф этилди.

 

 

 Куз-қиш мавсумида филиал тасарруфидаги объектларга ўз вақтида етиб бориб хизмат кўрсатиш учун махсус автотранспорт ва механизмлар шай ҳолатга келтирилган.

Бир сўз билан айтганда, 2022–2023 йил куз-қиш мавсумига тайёргaрлик бўйича белгиланган чора-тадбирлар муддатларида тўлиқ бажарилди.

   ✍️ Ғайрат Аҳмедов, “Жиззах магистрал электр тармоқлари” филиали директори

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>