Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳридаги ўрганишлари давомида механика заводи ҳудудида жойлашган кичик саноат зонасидаги “Central Asia Motors” корхонасида бўлди. Вилоят раҳбарига вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов ҳамроҳлик қилди.
Корхонада 2021-2022 йилларда босқичма-босқич амалга оширилиши кўзда тутилган электромобиллар учун эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда енгил ва юк электромобилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича қилинган ишлар кўздан кечирилди. 5 миллион доллар тадбиркорнинг ўз маблағлари, 5 миллион доллар банк кредити ҳамда 40 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига жами 50 миллион доллар сарфланиши кўзда тутилган ушбу лойиҳа тўлиқ якунланса, 350 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Йиллик 10 минг электромобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва унинг 40 фоизи экспортга йўналтирилади.
Шунингдек, электромобиллар учун кузов, заряд станцияси, аккумулятор эҳтиёт қисмлари маҳаллийлаштирилади.
Манба: https://fergana.uz/site/view/news/11382622
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати