Янгиликлар
Энергетика вазирлиги: Навоий вилоятида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини молиялаштириш бўйича битимлар имзоланди
  • 31.08.2022
  • 437

Бугун, 31 август куни Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан Навоий вилояти Томди туманида 500 мегаватт (МВт) қувватга эга, Ўзбекистондаги биринчи саноат миқёсдаги шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини молиялаштириш бўйича битимлар имзоланди.

 
 

• 500 мегаватт қувватга эга Зарафшон шамол электр станцияси Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳа ҳисобланади; йилига 1,1 миллион тонна карбонат ангидридни алмаштириб, 500 000 хонадонни етарли электр энергияси билан таъминлайди.

• Лойиҳа Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 25 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларидан қондириш бўйича олиб борилаётган мақсади доирасида амалга оширилмоқда.

 

 
 

 

“Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон Республикаси 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришишда прагматик иқлим чораларини кўриш бўйича умумий мақсадларга эришишни илгари сурмоқда. БАА ва “Masdar”нинг қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича катта тажрибасидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашда минтақада етакчи ўринни эгаллаши, глобал энергия алмашинувини кучайтиришга ёрдам бериш ва углерод чиқиндиларини камайтиришда дадил қадам ташланмоқда. Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг энергия хавфсизлиги ва диверсификация стратегиясига ижобий ҳисса қўшиш билан бирга, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади”, - деди БАА Саноат ва илғор технологиялар вазири, Иқлим ўзгариши бўйича махсус элчи ва “Masdar” компанияси раиси доктор Султон Аҳмад Ал-Жабер.

 

 
 

“Бугун биз ушбу муҳим лойиҳада муҳим босқичга эришганимизни нишонлаяпмиз, бу Ўзбекистонни қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича ўзининг улкан мақсадларига эришиш йўлида яна бир қадамга яқинлаштирмоқда. Ўзбекистон “Masdar” учун асосий стратегик инвестициявий йўналишдир ва биз мамлакатдаги кучли лойиҳалар портфелини ривожлантириш ва уларни амалга оширишда давом этишни интиқлик билан кутамиз”, - деди “Masdar” компаниясининг бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил Ал Рамоҳи шундай деди.

 
 

“Masdar” 2020 йилда Ўзбекистон ҳукумати билан Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳа бўлган Зарафшон шамол электр станциясини лойиҳалаштириш, қуриш ва ишлатиш бўйича икки томонлама битимлар имзолади. Лойиҳа 600 миллион АҚШ долларидан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиши кутилмоқда ва Ўзбекистоннинг 2030 йилга қадар электр энергиясига бўлган эҳтиёжининг 25 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларидан қондиришга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисми бўлиб ҳисобланади.

Зарафшон шамол электр станцияси “Masdar”нинг Ўзбекистондаги иккинчи саноат миқёсдаги йирик лойиҳаси бўлиб, биринчиси Навоий вилоятининг Кармана туманида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси лойиҳаси бўлиб, у 2021 йилда ишга туширилган эди.

 

 
 

 

2024 йил якунига қадар ишга туширилиши режалаштирилган мазкур 500 МВт қувватга эга Зарафшон шамол электр станцияси йилига 1,1 миллион тонна зарарли чиқиндиларни чиқишини олдини олади, шу билан бирга 500 мингта хонадонни электр энергияси билан таъминлайди. “Masdar” 2020 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва “Ўзбекистон миллий электр тармоғи” АЖ билан Зарафшон шамол электр станцияси учун инвестиция ва электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимларни имзолади.

 

Шунингдек, “Masdar” ўтган йили Ўзбекистонда умумий қуввати 897 МВт бўлган фотоэлектр станциялари (QFES) лойиҳаларини қуриш бўйича битимларни ҳам имзолаган эди. Лойиҳалар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Жиззах ва Шеробод вилоятларида ишга туширилади.

 
 

“Masdar” дунёдаги энг тез ривожланаётган қайта тикланувчи энергия компанияларидан бири бўлиб, унинг қуввати 2030 йилга бориб 50 ГВт, кейинги йилларда эса 100 ГВтдан ошиши кутилмоқда.



 

“Masdar” компанияси ҳақида

Абу-Дабининг қайта тикланувчи энергия компанияси – “Masdar” глобал барқарорлик муаммоларини ҳал қилиш учун қайта тикланувчи энергия, барқарор шаҳар ривожланиши ва тоза технологияларни тижоратлаштириш ва амалга оширишни илгари сурмоқда. Бугунги кунда “Masdar” 40 га яқин мамлакатларда, жумладан БАА, Иордания, Саудия Арабистони, Мавритания, Миср, Марокаш, Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Сербия, Ҳиндистон, Индонезия, Ўзбекистон ва бошқа кўплаб мамлакатларда фаолият юритади.

Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

https://minenergy.uz/uz/news/view/2122

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>