Ўзбекистонда сўнгги 10 кун ичида кузатилган иссиқ об-ҳаво вақти-вақти билан электр энергиясининг узилишига сабаб бўлди. Бу ҳақда Eurasianet хабар бермоқда.
Давлат энергетика компанияси кондиционер ва совиткичлардан фойдаланиш ортиб бораётган шароитда уй ва саноат корхоналарини электр энергияси билан таъминлашга ҳаракат қилмоқда.
Бу мамлакатда ёз бошидан бери кузатилган ҳароратнинг иккинчи кескин кўтарилиши — баъзи ҳудудларда ҳарорат Цельсий бўйича қирқдан юқори бўлган.
Доимий иссиқлик даражаси асосан очиқ қуёш остида жойлашган электр узатиш тармоқларига салбий таъсир кўрсатган.
Тошкент метрополитенининг икки йўналишида поездлар тармоғидаги юкни енгиллаштириш мақсадида поездлар ҳаракати секинлашди.
Май ойида эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми беш йил ичида 61 млрд киловатт соатдан 72 млрд киловатт соатгача ошган.
Шунга қарамай, 2021 йилда ишлаб чиқарилган электр қуввати талабдан 2-3 млрд киловатт соатга кам бўлди.
Жорий йил бошида Энергетика вазирлиги умумий қуввати қарийб 1 500 мегаватт бўлган еттита янги электр станцияси ишга туширилаётганини маълум қилди. Бундай иншоотлардан бири қуёш энергияси генератори бўлади.
Аҳолининг иссиқлик билан кураши соғлиқни сақлаш тизимига ҳам босим ўтказди. Энг ёмон жазирама бошланган 17-20 июлда тез ёрдам хизматига 130 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. 4 200 дан ортиқ киши касалхонага ётқизилган.
Ҳозир ҳам мамлакат жанубидаги айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 45 даражагача кўтарилмоқда.
Манба: https://daryo.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати