Янгиликлар
Аномал иссиқ кунларда электр тармоғида юкламаларни олдини олиш учун хонадонлар ва офисларга тавсиялар
  • 21.07.2022
  • 423

“Ўзгидромет”нинг хабар берганидек, жорий йилнинг 17-22 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши кучайиши сабабли кундуз кунлари айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати +47 даражагача кўтарилиши кузатилмоқда.

Маълумки, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ҳам кескин ошади. Бунинг натижасида, электр тармоқлари ва трансформатор пункларида юклама ортиши ва натижада тармоқда носозликлар келиб чиқиши мумкин.

Бундай аномал иссиқ кунларда электр тармоғида зўриқишларни олдини олиш учун хонадонларга ва офисларга қуйидагилар тавсия этилади:

1. Кондиционерлар ишлаётган хонада эшик ва деразаларни ёпиш;

2. Кондиционерни автоматик режимда ишлатиш;

3. Хонадон соҳиблари иложи бўлса, ҳамма хоналарда эмас, қуёшга тескари бўлган бир ёки икки хонада кондиционер ишлатиб, ўша хоналарда бўлишлари;

4. Куннинг иссиқ пайтида (соат 12:00дан соат 20:00гача) имкон қадар бошқа хўжалик электр буюмлари (электр чойнак, дазмол, чанг юткич, микротўлқин ускуна, кир ва идиш ювиш машиналари) ни ишлатмаслик;

5. Музлаткич (холодильник)ни қуёш тушмайдиган жойда, деворлардан камида 15 см масофа узоқликда ушлаш;

6. Бинонинг қуёш тушадиган тарафидаги деразалар ташқарисидан, хоналарга қуёш тушишини чекловчи матоли ё бошқа материаллардан тўсиқлар қўйиш;

7. Шунда қуёш хона ичини эмас, ташқаридаги материални қиздиради. Хона салқинроқ бўлади;

8. Дўконлар, электр сарфини камайтириш мақсадида, музлаткичларнинг ташқи қурилмаларини дўкон ташқарисига жойлаштиришлари таклиф қилинади. Шунда дўкон ичида кераксиз иссиқлик ҳосил бўлмайди ва дўконни совитувчи кондиционерлар ортиқча электр истеъмол қилмайди;

9. Ҳар бир хонадон, уй, офис ва дўкон шу муҳофаза чораларини кўрса, ўша ҳудуддаги трансформатор юкламасининг ортишининг эҳтимоли камаяди.

Таъкидлаш керакки, глобал иқлим ўзгариш оқибатида электр энергиясини тежашга чақириқлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида кузатилмоқда:

1. Техас штати ourtx.com

2. Европа иттифоқи nokta.md

3. Япония theweek.in

4. Хитой scmp.com

5. АҚШ google.com

6. АҚШ google.com  ва ҳоказо.  

Энергетика вазирлиги ва вазирлик тизимидаги барча ташкилотлар томонидан ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши кунларида истеъмолчиларга энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, ушбу кунларда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи станцияларда захира энергоблоклари ишга қўшилади. Электр энергияси етказиб бериш сифатини ошириш мақсадида жорий йил бошидан 2 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 330 дан ортиқ трансформатор пунклари янгиланди.

Бундан ташқари паст кучланишли 17 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 6 мингга яқин трансформатор пункти, шунингдек 110-500 кВ кучланишли 600 километрдан ортиқ электр узатиш тармоғи ва 7 та куч трансформаторлари мукаммал таъмирланди.

Барча электр станцияларда 24 соатлик навбатчилик гуруҳлари ташкил этилди. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш қувватлари барқарорлиги таъминланади. Худди шунингдек, электр тармоқларида фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ҳудудлар бўйлаб туну-кун ишлайдиган 227 та аварияга қарши бригадалар ташкил этилди.

Ушбу вазиятни тўғри тушунган ҳолда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишимиз натижасида электр қурилмаларининг узоқ муддатга ишдан чиқишини олди олган бўламиз ҳамда энергия ресурсларини барча истеъмолчиларга барқарор етиб борилишига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Шу ўринда истеъмолчилардан электр энергияси таъминоти юзасидан 11-54 қисқа рақами ёки Telegram’даги (@HET_admin) админстраторга мурожаат қилишларини сўраймиз.


Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

https://minenergy.uz/uz/news/view/2066

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>