Янгиликлар
Энергетика вазирлиги: Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 200 МВт бўлган навбатдаги шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси бўйича тендерда иштирок этишга 12 та халқаро компания қизиқиш билдирди
  • 19.07.2022
  • 340

Жорий йилнинг 1 апрель куни Қорақалпоғистон Республикасида навбатдаги шамол электр станцияси лойиҳасини амалга оширилишига малакали инвесторларни танлаш мақсадида “Дастлабки малака ҳужжатлари тўпламини тақдим этишга доир сўров” (RFQ) жараёни билан бошланувчи икки босқичли тендер жараёнига старт берилган эди.

Мазкур RFQ сўровига жавобан 2022 йил 17 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига халқаро компаниялардан 12 та ариза келиб тушди.

Лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ва Қораўзак туманлари ҳудудида қуввати 200 МВтга тенг бўлган навбатдаги шамол электр станцияси қурилиши режалаштирилган.

Тендер жараёни энг юқори халқаро стандартлар ҳамда очиқлик ва шаффофлик талабларига мувофиқ ўтказилмоқда.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати (Ҳукумат) 2030 йилгача мамлакатимизда 12 ГВт қувватга эга экологик тоза энергия ишлаб чиқариш мақсадида кенг кўламли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш стратегиясини амалга оширмоқда.

Ушбу ташаббус доирасида Ҳукумат Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан умумий қуввати 2 000 МВт (Шамол дастури) бўлган йирик шамол энергетикаси лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилиш учун ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Тендер комиссияси ушбу 12 та компаниядан келиб тушган аризаларнинг тўлиқлиги ва RFQ нинг белгиланган шартларига мувофиқлигини баҳолашга киришади, шундан сўнг малакали иштирокчилар эълон қилинади. Кейинчалик малакали иштирокчилар тендер жараёнининг иккинчи босқичида (Таклифлар сўрови (RFP)) иштирок этишга таклиф қилинади.

Тендерда қизиқиш билдирган, дастлабки саралаш талабномаларини тақдим этган ҳамда аризалари тендер комиссияси томонидан кўриб чиқиладиган ва баҳоланадиган компаниялар рўйхати (алифбо тартибида):

1) Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar (БАА)

2) ACWA Power Company (Саудия Арабистони)

3) Concord New Energy Group Limited (Гонконг) 

4) Consortium of China Datang Overseas Investment Co. Ltd. ва Goldwind International Holdings (HK) Limited (Хитой, Гонконг)

5) Consortium of GD Power Development Co. Ltd. ва China Shenhua Energy Company Limited (Хитой)

6) EDF Renewables (БАА)

7) Eksim Enerji Anonim Şirketi (JSC Eksim Enerji) (Туркия)

8) Gaia Energy Limited (Кайман ороллари) 

9) ReNew Vyan Shakti Private Limited (Ҳиндистон)

10) The Kansai Electric Power Company (Япония)

11) Universal Energy Co. Ltd. (Хитой)

12) Voltalia SA (Франция)

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 24 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманига ташриф буюриб, 100 МВт қувватли янги шамол электр станцияси қурилишига тамал тошини қўйиб берган эди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ушбу тендерни қўллаб-қувватловчи Япония ҳукумати ва ЕТТБга ташаккур билдиради.



Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2063

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>