2022 йил 15 июль куни Тошкент шаҳрида “Электр энергетика соҳасини трансформация қилиш ва электр энергиясини барқарор узатиш” лойиҳасининг расмий тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Лойиҳа Жаҳон банки кўмагида амалга оширилади.
Лойиҳа Ўзбекистон энергетика инфратузилмасини модернизация қилишга, жумладан, 22 та эскирган юқори кучланишли подстанцияларни реконструкция қилиш ва кенгайтиришга кўмаклашади, бу эса уларнинг қувватини 912 МВтга етказади, шунингдек, 11 та ҳудудда янги 500 кВли подстанция ва электр узатиш тармоқларини қуришга хизмат қилади.
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев таъкидлаганидек, Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳанинг иккинчи қисми бошланди. Модернизация қилиш орқали мавжуд подстанциялар қуввати 912 МВт гача оширилади ва янги 500 кВли рақамли подстанция қурилади. Бундан ташқари, лойиҳа Сирдарё ИЭСнинг ишлаб чиқариш қувватларидан Тошкентгача пойтахтнинг электр энергия истеъмолчилари ва саноат қувватлари учун 220 ва 500 кВ тармоқларини қуришни ўз ичига олади.
“Ушбу лойиҳанинг мухим стратегик таркибий қисми SCADA ва ЕМS тизимини амалга ошириш хисобланади, бу эса энергия тизимида диспетчерлик ва мониторинг қилиш имконини беради. Бундан ташқари, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖни келажакда трансформациялаш учун Enterprise Recourse Planning (ERP) тизимини жорий етиш режалаштирилган”, — деди энергетика вазири ўринбосари.
Лойиҳани амалга ошириш учун Халқаро тараққиёт ассоциацияси (Жаҳон банки гуруҳи) томонидан 380 миллион АҚШ доллари, Яшил иқлим жамғармаси томонидан эса 43 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилмоқда. Ушбу молиялаштириш Ўзбекистон ҳукуматига энг паст фоиз ставкалари бўйича ва максимал муддати 40 йилгача тақдим этилади.
Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб 2018 йилдаги 61 млрд киловатт-соатдан 2030 йилга бориб 110 млрд киловатт-соатгача ошиши кутилмоқда. Тармоқни модернизация қилиш масаласи Ўзбекистон аҳолиси ва иқтисодиётини энергия ресурслари билан таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга. . Ҳозирда мамлакатда 270 минг километрдан ортиқ электр узатиш ва тақсимлаш тармоқлари мавжуд бўлиб, уларнинг асосий қисми модернизация ва ангиланиши керак.
“Ушбу янги лойиҳа 32 миллионга яқин истеъмолчини ишончли электр энергияси билан таъминлашга ёрдам беради ва қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш бўйича кенг кўламли янги лойиҳаларни электр тармоқларига улаш имконини беради”, – деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.
“Лойиҳа доирасида шунингдек электр узатиш тизимини мониторинг қилиш, бошқариш ва эксплуатация қилиш жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган замонавий рақамли ва телекоммуникация технологиялари ва ечимлари жорий этилади. Улар диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш бўйича янги mехник-дастурий комплекс (SCADA), шунингдек, “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” АЖ марказий ва ҳудудий диспетчерлик марказлари учун электр энергиясини бошқариш тизимини (EMS) яратишни ўз ичига олади.
Компаниянинг электр энергетика соҳасидаги стратегик ролини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳа “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг операцион, молиявий ва тижорат жараёнларини ривожлантириш ва рақамлаштириш, шунингдек, институтционал салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали уни замонавий компанияга айлантиришни қўллаб-қувватлайди. Лойиҳа фаолиятни режалаштириш жараёнларини такомиллаштириш, корпоратив бошқарув ва қарорлар қабул қилиш, шунингдек, ахоброт алмашинуви ва бошқарувда киберхавфсизликни таъминловчи тизимни ўз ичига олади”. – деди “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Феруз Қурбонов.
Лойиҳа, шунингдек, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг операцион, молиявий ва тижорат жараёнларини ривожлантириш ва рақамлаштириш, шунингдек, институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали уни замонавий компанияга айлантиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати
https://minenergy.uz/uz/news/view/2057
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati