Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасига тушунтириш хати
  • 31.05.2022
  • 459

Маълумки, республикада ёқилғи-энергетика ресурсларига талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, охирги беш йилда аҳолига етказиб берилган электр энергияси 11 млрд кВт.соатдан 16 млрд кВт.соатгача (1,5 баробарга кўп), табиий газ ҳажми эса 10 млрд куб метрдан 13 млрд куб метрга (1,3 баробарга кўп) ошмоқда.

Маълумот учун. Жорий йил 18 майда Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Энергетика соҳасини ислоҳ қилиш масалалари бўйича қўшма баёнотда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарурияти батафсил ёритилган.

Энергия таъминотидаги узилишлар (2021 йилда ҳақиқий талабга нисбатан 2-3 млрд кВт.соат электр энергияси етказиб берилмаган), кўрсатиладиган хизматлар сифатининг пастлиги, соҳа корхоналарининг молиявий ҳолати барқарор эмаслиги сабабли юзага келаётган энергия ресурсларига бўлган қўшимча талабни таъминлаш учун янги қувватларини барпо этиш, хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш учун энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилишни талаб этмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Энергетика вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш асосий мезон қилиб олинди. Халқаро тажриба асосида аҳолининг кам таъминланган ва паст даромадли қатлами манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш учун “ижтимоий норма” тизими бутун республика бўйича амалга киритилиши белгиланмоқда.

Маълумот учун. Республикада электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент мавжуд бўлиб, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт.соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин, мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи (5,7 млрд кВт с) тўғри келади.

Шунингдек, табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонент мавжуд. Ушбу хонадонларнинг 85 фоизи, яъни 3,4 млн та абонент ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин, уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг бор-йўғи 35 фоизи (4,5 млрд куб м) тўғри келади.

Юқоридаги кўрсаткичлар энергоресурсларни истеъмол қилишнинг йил давомида ўртача ойлик даражасини ифодалаганлиги сабабли, ўртача ойлик истеъмолнинг аниқ миқдорларини аниқлаш мақсадида Тошкент ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги абонентларда танланма ўрганиш ўтказилди.

Мисол учун, ўрганиш натижаларига кўра ушбу ҳудудларда йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 86 фоиз, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 65 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 57 фоиз абонентлар ойига ўртача 250 кВт.соатгача электр энергияси истеъмол қилган.

Иситиш мавсумида эса эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи
78 фоиз, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 77 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 44 фоиз абонентлар ойига ўртача 250 кВт.соатгача электр энергияси истеъмол қилган.

Шунингдек, юқоридаги ҳудудларда йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи барча абонентлар, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 99 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 86 фоиз абонентлар ойига ўртача 200 куб метргача табиий газ истеъмол қилган.

Иситиш мавсумида эса эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи барча абонентлар, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 93 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 64 фоиз абонентлар ойига ўртача 700 куб метргача табиий газ истеъмол қилган.

Шундан келиб чиқиб, ижтимоий норма миқдори электр энергияси истеъмоли бўйича 250 кВт.соатгача, табиий газ бўйича мавсумийлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, апрель-сентябрь ойлари учун 200 куб метргача ва октябрь-март ойлари учун 700 куб метргача миқдорида ўрнатилмоқда.

Мазкур қарор лойиҳаси билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

Электр энергияси бўйича:

а) аҳоли учун 1 кВт.соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм, 250 кВт.соатдан юқори ҳар 1 кВт.соат учун – 650 сўм;

Мисол учун, таклиф этилаётган табақалаштирилган нархларда
250 кВт.с гача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун қўшимча харажат ойига 7,5 минг сўмгачани, 300 кВт.с гача ишлатадиган абонентлар учун 25 минг сўмгачани ва 400 кВт.с гача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун эса 61 минг сўмгачани ташкил этади.

б) 1 кВт.соат электр энергияси Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 800 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун – 600 сўм.

Табиий газ бўйича:

а) аҳоли учун 1 куб м табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм, 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун –1 200 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 
410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўм.

Мисол учун, иситиш мавсумида 700 куб м гача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 21 минг сўмгача, 1 000 куб м гача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 267 минг сўмгачани ташкил этади.

Шунингдек, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб м гача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 6 минг сўмгача, 300 куб м гача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 88 минг сўмгачани ташкил этади.

б) 1 куб м табиий газ Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1 300 сўм, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1 200 сўм, иссиқлик электр станциялари учун – 1 000 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун – 1 150 сўм.

Суюлтирилган газ эса аҳоли учун – 1 600 сўм миқдорида белгиланмоқда. Бунда, 1 абонентга бир ойда ўртача 20 кг суюлтирилган газ етказиб берилишини ҳисобга олсак, абонентнинг қўшимча харажати бир ойда 9,6 минг сўмни ташкил этади. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ корхоналари суюлтирилган газни туман ҳокимликлари билан биргаликда тасдиқланган графикларга мувофиқ аҳолига кунма-кун етказиб бериш чораларини кўрмоқда.

Корхоналарни узоқ муддатли режалаштиришга мослаштириш, операцион самарадорликни ва энерготежамкорликни ошириш ҳамда таннархни пасайтириш учун “перспектив мўлжал”ни кўрсатиш мақсадида жорий йил учун янги нархлар билан бирга 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги нархларни ҳам тасдиқлаш таклиф этилмоқда.

Бунда, 2023 йил 1 апрелдан қуйидаги нархлар жорий этилиши кўзда тутилмоқда:

а) Электр энергияси бўйича:

Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 800 сўм миқдоридаги нархни сақлаб қолиш;

қолган юридик шахслар учун – 700 сўм.

б) Табиий газ бўйича:

иссиқлик электр станциялари учун – 1 200 сўм;

Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1 350 сўм;

автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун –1 400 сўм;

қолган юридик шахслар учун – 1 350 сўм этиб белгилаш.

2023 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган ёқилғи-энгергетика ресурсларининг нархлари 2024 ва 2025 йилларда фақатгина инфляция даражасига индексация қилиб борилади, 2026 йилдан бошлаб эса электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади.

 

https://mineconomy.uz/uz/news/view/4615 - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасига тушунтириш хати

https://minenergy.uz/uz/news/view/1962

https://uza.uz/uz/ - Қарор лойиҳаси билан электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун янги нарх белгиланди

https://kun.uz/ - “Энергия нархи ошиши ҳеч кимга ёқмайди, лекин бу – аччиқ дори” — Умид Обидхўжаев

https://nuz.uz/uz/ - Энергетика ислоҳоти қандай ўзгаришлар ҳақида сўзламоқда?

https://www.xabar.uz/ - Ўзбекистонда энергетика ислоҳоти бошланяпти

https://www.gazeta.uz/uz/ - 1 июлдан электр энергия ва газ нархини «ижтимоий норма» асосида ошириш таклиф этилмоқда

https://qalampir.uz/ - Ўзбекистонда газ ва “свет” нархи қанчага оширилиши маълум бўлди

https://darakchi.uz/uz/ - "Свет" ва газга "ижтимоий норма" эълон қилинди

https://review.uz/ -Ўзбекистон электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларга ўтади

https://daryo.uz/ -«Электр энергияси нархининг ошиши ўғринча фойдаланувчилар кўпайишига сабаб бўлмайди» — Улуғбек Мустафоев

https://sputniknews-uz.com/ - Биринчи июлдан электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларга ўтилади – тафсилотлар

https://zamon.uz/ - 1 июлдан электр энергияси ва газ тарифлари оширилади

https://kun.uz/37644841 - Газ ва электр энергияси тарифларига ижтимоий норма киритилади

https://t.me/rost_24uz/5110 - НАРХ ОШДИ: 1 июлдан электр энергияси учун бир киловатт соатга 325 сўм тўланади

 

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>