Ёдингизда бўлса, 2021 йилнинг 26–27 октябрь кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг навбатдаги 38-йиғилиши ва Марказий Осиё Бирлашган (ягона) энергетика тизими (МО БЭТ — ОЭС ЦА) Мувофиқлаштирувчи электр энергетика кенгашининг 36-йиғилиши бўлиб ўтган эди.
Унда энергия ресурслари танқислиги ва унинг ошиб бораётган таннархи, ҳамкорликдаги фаолият, минтақада сув танқислиги муаммоси ва бошқа масалалар муҳокама этилганди.
Марказий Осиё энергетикларининг бу сафарги учрашуви — Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг навбатдаги 39-йиғилиши ҳамда Марказий Осиё Бирлашган энергетика тизими (МО БЭТ — ОЭС ЦА) Мувофиқлаштирувчи электр энергетика кенгашининг 37-йиғилиши ҳам Қирғизистонда, Чўпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтди.
2022 йил 24–25 май кунлари Чўпон-Ота шаҳрида ўтказилган навбатдаги йиғилишда Қозоғистоннинг “KEGOC” акциядорлик жамияти, Тожикистоннинг “Барки Точик” очиқ турдаги акциядорлик жамияти холдинг компанияси, Қирғизистоннинг “Қирғизистон МЭТ” очиқ турдаги акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистоннинг “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбарлари ҳамда мутахассислари иштирок этишди.
Бундан ташқари, Кенгаш ишида Қирғизистон Энергетика ва саноат вазирлиги, Қирғизистон Миллий энергетика холдинги, “Электр станциялари” АЖ ҳамда Россия Федерациясининг “Ягона энергия тизимининг тизим оператори” АЖдан вакиллар иштирок этишди.
Йиғилишда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов, Тизим хизматлари бош бошқармаси бошлиғи А.Т.Мирзаев, Электр энергиясини харид қилиш ва сотиш бош бошқармаси бошлиғи Н.М.Маҳмудов ҳамда Миллий диспетчерлик маркази раҳбари М.К.Бобоевлар иштирок этиб, Йиғилишнинг кун тартибига қўйилган масалалар муҳокамасида ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилишди.
Маълумот ўрнида: Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг навбатдаги 39-йиғилиши ҳамда Марказий Осиё Бирлашган энергетика тизими (МО БЭТ — ОЭС ЦА) Мувофиқлаштирувчи электр энергетика кенгашининг 37-йиғилишида «Энергия» мувофиқлаштириш диспетчерлик маркази директори Х.А.Шамсиев ҳам иштирок этди.
✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати